Шавкат Мирзиёев: ҳар бир лойиҳа ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши керак
Давлатимиз раҳбари пойтахтимиз туманларига ташриф буюриб, одамлар билан мулоқот қилмоқда, масалаларни жойида ўрганиб, ижтимоий-иқтисодий тараққиётга доир устувор вазифаларни белгилаб бермоқда.
Давлатимиз раҳбари пойтахтимиз туманларига ташриф буюриб, одамлар билан мулоқот қилмоқда, масалаларни жойида ўрганиб, ижтимоий-иқтисодий тараққиётга доир устувор вазифаларни белгилаб бермоқда.Шайхонтоҳур туманида олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш асносида Президентимиз Шавкат Мирзиёев «Тошкент иссиқлик маркази» акциядорлик жамиятининг 3-иссиқлик марказида бўлди. Мазкур иссиқлик маркази 1970 йилларда қурилган бўлиб, тумандаги 937 объектга иссиқлик қуввати етказиб беради.
Бугунги кунда қозонхона ускуналари ва тармоқлар техник ва маънавий эскиргани, марказий қозонхоналар истеъмолчилардан узоқ масофада жойлашганлиги сабабли иссиқлик етказиб беришда айрим муаммолар юзага келмоқда. Тошкент шаҳрини тўлиқ энергиятежамкор локал қозонхоналарга ўтказишимиз зарур, деди Президентимиз.
Шу ерда Шайхонтоҳур туманида иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Тижорат банклари аҳолига банк хизматлари кўрсатиш билан бирга, уларни тадбиркорликка жалб қилиш, даромадини ошириш, иш билан таъминлашда ҳам самарали ишлар олиб бормоқда.
Тақдимоти ўтказилган лойиҳаларда ана шундай масалалар ўз ифодасини топган. Тижорат банклари томонидан аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги маълумотлар келтирилди. Лойиҳаларда яратиладиган иш ўринларига қараб кредитнинг йиллик ставка фоизи пасайиб боради. Битта иш ўрни яратган тадбиркор учун 9 фоиз, иккита иш жойи яратганлик учун 8 фоиз, бешта ва ундан ортиқ иш ўрни яратган тадбиркорнинг кредит ставкаси 6 фоиз қилиб белгиланади.
Бу лойиҳалар аҳоли фаровонлигига хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир лойиҳани сифатли ва ўз вақтида амалга оширишга алоҳида эътибор бериш керак, деди давлатимиз раҳбари.
Жорий ўқув йилида тумандаги 9 касб-ҳунар коллежини 4,5 мингдан кўпроқ ўқувчи тамомлайди. Уларнинг аксарияти билан тўрт томонлама шартнома тузилган, битирувчилар иқтисодиёт комплексига кирувчи ташкилотларда амалиёт ўтамоқда.
Президентимизга тумандаги коллежларда ўқувчилар қайси соҳаларда ўқишни тамомлаётгани, кредит олиб ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган ёшлар ҳақида маълумот берилди.
Давлатимиз раҳбари битирувчиларнинг биронтаси ҳам бўш қолмаслиги, уларнинг ишга жойлашишини қатъий назоратга олиш зарурлигини таъкидлади.
Бугунги кунда мамлакатимизда хусусий тиббиёт соҳаси жадал ривожланмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 1 апрелдаги «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим босқични бошлаб берди. Шайхонтоҳур туманида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимотида бу соҳага ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
«Тrust medikal centre» масъулияти чекланган жамияти очаётган тиббий марказга ривожланган давлатлардан юқори сифатли жарроҳлик ускуналари олиб келиб ўрнатилмоқда. Жорий йилнинг 3 чорагида фойдаланишга топшириладиган мазкур клиникада 60 иш ўрни яратилади.
«Zangiota zam-zam» МЧЖ «Савдогар банк» кредитлари эвазига лор ва гинекология соҳасида замонавий тиббий хизмат кўрсатиш бўйича истиқболли лойиҳага қўл урган. 2018 йилнинг 2 чорагида тўлиқ ишга тушиши кутилаётган лойиҳада 30 кишининг бандлиги таъминланади.
Туманда 2017 йилда саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш учун киритиладиган инвестициялар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Кимё ва нефть-кимё, қурилиш материаллари, мебель ва қоғоз, озиқ-овқат, тўқимачилик, фармацевтика, чарм-пойабзал, қандолатчилик, электротехника соҳаларидаги лойиҳаларга ажратиладиган кредитлар миқдори, янги корхоналарда яратиладиган иш ўринлари ҳақида батафсил ахборот берилди.
Давлатимиз раҳбари лойиҳаларнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, уларнинг ҳар бирини ўз вақтида ишга тушириш кераклигини алоҳида таъкидлади.