Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.04.2017 19:16 Чоп этиш версияси

Шавкат Мирзиёев: Аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш – асосий вазифаларимиздан

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Каттақўрғон туманига ташриф буюриб, Каттақўрғон сув омбори ҳавзасида балиқчиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.

Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга, аҳолига арзон ва сифатли маҳсулотларни етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда балиқчилик, паррандачилик, қуёнчилик ва бошқа турдаги хўжаликлар тобора ривожлантирилмоқда.

“Каттақўрғон жайхун” фермер хўжалиги ва “Каттақўрғон балиқчилик” хусусий корхонаси томонидан карп, оқ амур, хитой кояси, оқ ва чипор дўнгпешона ҳамда бошқа турдаги балиқларни, шунингдек, балиқ човоқларини етиштиришда Въетнам технологиясидан фойдаланиш мўлжалланган. Ушбу илғор технология самарадорликни беш баробаргача ошириши билан аҳамиятлидир. Ҳудудда балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ҳам режалаштирилмоқда.

Лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш учун 5,1 миллиард сўм маблағ сарфланади ва натижада балиқчилик хўжаликларига йилига 2 миллион дона чавоқ, 500 миллион дона личинка, минг тонна омихта ем етказиб берилади. 400 тонна балиқ қайта ишланади, 200 тонна қадоқланган, 50 тонна дудланган балиқ маҳсулотлари аҳоли истеъмоли учун йўналтирилади.

Хўжаликда 40 янги иш ўрни яратилади.

Давлатимиз раҳбари Пайариқ, Самарқанд туманларида “Мароқанд балиқ саноат агро” агрофирмаси ва “Оқ амур балиқлари” фермер хўжалиги томонидан “Ипотека-банк” билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларни кўздан кечирди. Мазкур лойиҳага кўра 450 гектар сув майдонида балиқ чавоқларини кўпайтириш ва балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш йўлга қўйилади. Ушбу ишларни истиқболли ташкил этиш учун 12 миллиард сўм маблағ жалб этилади.

Лойиҳанинг ишга тушурилиши натижасида балиқчилик хўжаликларига 10 миллион дона чавоқ, 300 тонна омихта ем етказиб берилади, 500 тонна балиқ қайта ишланади. 300 тонна қадоқланган, 50 тонна дудланган балиқ маҳсулотлари халқ истеъмоли учун бозорларга чиқарилади.

Лойиҳада 50 кишини иш билан таъминлаш кўзда тутилган.

Президентимиз мазкур лойиҳалар билан танишар экан, халқимиз “луқмаи ҳалол” деб таърифлайдиган балиқ етиштиришни янада ошириш, бунда замонавий технологиялардан унумли фойдаланиш, маҳсулотларни нафақат ички бозорга, балки экспортга ҳам йўналтириш бўйича зарур кўрсатма ва топшириқлар берди.

Давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятида сув ресурсларидан унумли фойдаланиш, сув тармоқларини модернизация қилиш лойиҳаларини кўздан кечирди.

Вилоятда сўнгги йилларда бир неча йирик сув иншоотлари қурилди. Ургут туманида “Камангарон”, Қўшработ туманида “Оқчобсой” сув омборлари, Нуробод туманида “Омондара” сув тўғонининг барпо этилиши худудларда сув ресурсларини бошқаришда самарадорликни янада оширди, минглаб гектар майдонларда сув танқислигининг олдини олди.

Келгуси уч йилда вилоятда 55 насос станциясини тўлиқ таъмирлаш режалаштирилган. Натижада 60 минг 619 гектар майдонда сув таъминоти яхишиланади, ҳар йили 29,9 миллион кВт соат электр энергияси ҳамда 720 миллион сўм эксплуатация харажатлари иқтисод қилиниб, 6,4 миллиард сўм бюджет маблағлари тежалади. Лойиҳа харажатлари 6-7 йилда тўлиқ қопланади.

Сувни самарали ишлатиш минтақамиздаги долзарб масалалардан бири, деди Президентимиз. Шу боис ушбу ресурсдан фойдаланишни илғор талаблар асосида ташкил этиш лозим.

Насос станциялари ва каналларни сифатли таъмирлаш, бунда энергия тежовчи, жаҳон стандартларига жавоб берувчи технологиялардан фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Давлатимиз раҳбари вилоятда 2017 йилда молиялаштирилиши кўзда тутилаётган йирик чорвачилик лойиҳалари билан танишди.

Вилоятда жорий йилда “Чортут”, “Чорва сут сервис” фермер хўжаликлари, “Наслли чорва импорт”, “Самарқанд милк”, “Айкан савдо”, “Чорва насл бирлашма” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан бир қатор лойиҳалар амалга оширилиши мўлжалланмоқда. Натижада ушбу корхоналарда йилига 14 минг 250 тонна сут, 875 тонна гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, 230 иш ўрни яратилади.

Президентимиз вилоятда паррандачиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.

Мамлакатимизда ички истеъмол бозорини арзон ва сифатли паррандачилик маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ургут туманида “Чўпонота парранда” масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий технологиялар асосида паррандалар озуқасини ишлаб чиқариш режалаштирилган. "Ургут" эркин иқтисодий зонаси ҳудудуда фаолият олиб борадиган мазкур корхона 3 миллион АҚШ доллари қийматига эга. У 2018 йилнинг биринчи чорагида ишга туширилади. Натижада вилоятдаги паррандачилик хўжаликлари ва аҳоли хонадонларида боқилаётган паррандалар учун йилига 8-10 минг тонна озуқа маҳсулотлари етказиб берилади.

Лойиҳада 30 иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

“Афросиёб парранда” масъулияти чекланган жамияти томонидан паррандачилик, балиқчилик ва чорвачилик хўжаликлари учун омихта ем ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдим этилмоқда.

Лойиҳага мувофиқ, корхонага соатига ўн тонна компонентлари электрон аниқлик билан дозалаштирилган юқори сифатли омихта ем ишлаб чиқариш қувватига эга Голландия технологиясини ўрнатиш режалаштирилмоқда. Тайёр маҳсулотлар мамлакатимиздаги хусусий тадбиркорлар ва аҳоли эҳтиёжлари учун, шунингдек, экспортга йўналтирилади.

“Зарафшон парранда” хусусий ишлаб чиқариш тижорат фирмаси лойиҳаси кўра, Жомбой туманидаги "Саричашма" маҳалла фуқаролар йиғини Манғит қишлоғида 39 гектар ҳудудда жўжа ва тухум етиштириш комплекси ташкил этилади. Бунга 12 миллиард сўм маблағ жалб этиш мўлжалланган.

Лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида йилига 5 миллион дона жўжа аҳоли хонадонлари ва паррандачилик корхоналарига етказиб берилади.

“Сиёб Шавкат Орзу” фермер хўжалиги томонидан Тайлоқ тумани Пайшанбасиёб қишлоғидаги ўн гектар ҳудудда парранда боқиш ва парранда гўшти етиштириш режалаштирилган.

Лойиҳага 3 миллион 518 минг АҚШ доллари сарфланади.

Корхонада йилига 800 минг дона парранда боқиш ва 12 минг тонна парранда гўшти етиштириш йўлга қўйилади. Етиштирилган маҳсулот ички бозорга чиқарилади, муайян қисми экспорт қилинади. Ушбу лойиҳа 60 янги иш ўрни яратиш имконини беради.

Самарқанд вилоятида кейинги йилларда куркачилик ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Ушбу йўналишда ҳаётга татбиқ этилаётган комплекс чора-тадбирлар куркаларни илғор технологиялар асосида кўпайтириш, боқиш, тухумларни сифатли сақлаш имконини бермоқда.

“Мароқанд парранда” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган лойиҳага мувофиқ йилига 3 миллион дона тухум ва 2 миллион дона курка жўжаси етиштирилади. Лойиҳага 39,6 миллиард сўм ажратилиши мўлжалланган.

Президентимиз мазкур лойиҳалар билан танишар экан, вилоятда паррандачиликни ривожлантириш учун табиий иқлим, хомашё ва ишчи кучи мавжудлигини таъкидлади. Улардан унумли фойдаланиш, тармоқ тадбиркорларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга зарур топшириқлар берди.

Дилшод Каримов, ЎзА
13 470






Все о погоде - Pogoda.uz