ЎзА Ўзбек

27.09.2018 Чоп этиш версияси

​Сенатор сўровига беписандлик, “шаблон” маълумотлар танқид қилинди (Онлайн)

​Сенатор сўровига беписандлик, “шаблон” маълумотлар танқид қилинди (Онлайн)

Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисида Сенат раиси Н.Йўлдошев айрим вазирлик ва идоралар раҳбарлари вакиллик органи билан муносабатларга ҳамон қонун талаби асосида ёндашмаётганини айтиб ўтди. 

Хусусан, Сенат қўмитаси раисининг ўринбосари томонидан жорий йил 15 августда пойтахтдаги маданият ва истироҳат боғларидаги бир қатор жиддий камчиликлар юзасидан Маданият вазирлигига сенатор сўрови юборилган.

Сенат раиси бу сўров атрофидаги айрим ҳолатларни айнан маданият намоёндалари таъбири билан айтганда, “ҳангома” сифатида баҳолаш мумкин, дея қайд этди. 

Биринчидан, ушбу сўровнома юзасидан жавоб орадан қарийб 40 кун вақт ўтганидан кейин қайта мурожаат асосида олинган.

Иккинчидан, сенатор сўровига беписандлик билан тайёрланган, қўйилган бирорта саволга ойдинлик киритилмаган,бунинг устига, ярим варақлик жавоб Сенатга эмас, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига юборилган.

“Маданият вазирлигидек нуфузли идоранинг масъул ходимлари парламентга, яъни халқ вакилларига нисбатан шундай муносабатда бўлса, уларнинг давлат сиёсати моҳиятини тўлиқ англаб етганига, зиммасига юклатилган муҳим вазифаларни беками-кўст амалга ошираётганига ким кафолат беради?! Биз бу масала бўйича Маданият вазирлиги, қолаверса, Вазирлар Маҳкамасидан изоҳ кутамиз, дейилди мажлисда.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Сенат қўмиталарининг тегишли масалалар бўйича мурожаатларига бошқа аксарият вазирлик ва идоралар ҳам саёз, асоссиз ва номигагина тайёрланган “шаблон” тарзидаги маълумотлар билан жавоб қайтармоқда.

Масалан, бугунги кунда Сенатга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан асоссиз равишда ишдан бўшатиш ҳоллари билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Назоратга олинган мурожаатлар юзасидан эса, аксарият жавоблар бир хил мазмунга эга. Яъни, фуқаро томонидан билдирилаётган важларга аниқ жавоб йўқ.

Савол туғилади: юзлаб фуқаро ўз иш жойида ишдан бўшатишга сабаб бўладиган бир хил қоидабузарликни бир пайтнинг ўзида содир этиши мумкинми?

Бунинг устига Сенатга тегишли маълумотларни белгиланган муддатдан кечикиб, шунда ҳам қайта-қайта мурожаатлардан сўнг тақдим этиш сурункали тус олмоқда. 

Ҳукумат томонидан ижро интизомини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилаётганига қарамасдан, Сенат билан боғлиқ муносабатларда бу чораларнинг амалий натижаси сезилмаётгани афсусланарли ҳолдир.

Яна бир ҳолат. Вазирлик ва идоралар томонидан қўмиталарнинг қонунлар муҳокамасига бағишланган тадбирларига қонунлар тўғрисида етарли билимга, зарур маълумотга, қолаверса, тегишли ваколатга эга бўлмаган ходимлар жўнатилмоқда. Оқибатда сенаторлар томонидан берилаётган саволлар жавобсиз қолмоқда.

Сенат раиси бундай ҳолатлар парламентга нисбатан беписандликдан бошқа нарса эмаслигини таъкидлаб ўтди. 

Зотан, Президентимиз таъкидлаганидек, халқ вакилига беписандлик – халққа беписандликдир.

4 957
Норгул Абдураимова, ЎзА​