ЎзА Ўзбек

28.03.2018 10:05 Чоп этиш версияси

Сенат ялпи мажлиси олдидан қўмиталар мажлислари бошланди

Эртага, 2018 йил 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлайди.

Бугун Сенат ялпи мажлиси олдидан кун тартибига қўйилган масалалар муҳокамасига оид қўмиталар мажлислари бўлиб ўтмоқда.

Дастлабки йиғилиш Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилди. Унда сенаторлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Қўмита раиси Алишер Курмонов мажлис аввалида Ўзбекистоннинг халқаро алоқалар соҳасидаги сиёсати давлатлараро дўстлик, ўзаро ишончга асосланган муносабатлар қарор топишига хизмат қилаётганини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Афғонистон бўйича Тошкент конференциясининг муваффақиятли ўтгани, тадбир доирасида имзоланган Тошкент декларацияси келгусида ўз натижасини беради.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи бўйича фикр алмашилди.

Шунингдек, мазкур қўмита томонидан ялпи мажлис кун тартибига киритилган «Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида уч давлатнинг Давлат чегаралари туташган нуқтаси ҳудуди тўғрисидаги шартномани (Самарқанд, 2017 йил 10 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида», «Ўзбекистон Республикаси билан Афғонистон Ислом Республикаси ўртасида фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартномани (Тошкент, 2017 йил 5 декабрь) ратификация қилиш ҳақида», «Умумжаҳон почта иттифоқининг Устивига тўққизинчи қўшимча баённомани (Истамбул, 2016 йил 6 октябрь) ратификация қилиш тўғрисида», «Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти Уставини (Боку, 2015 йил 26 ноябрь) ратификация қилиш тўғрисида», «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Экстремизмга қарши курашиш Конвенциясини (Остона, 2017 йил 9 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари юзасидан қўмита хулосаларини тасдиқлаш ҳақидаги масалалар кўриб чиқилди.

Шунингдек, мажлисда қўмита ва унинг аъзолари томонидан амалга оширилган ишлар, Сенат, Сенат кенгаши ва қўмита томонидан қабул қилинган қарорлар ижроси таҳлил этилди.

Норгул Абдураимова,ЎзА
7 610