Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.08.2017 11:42 Чоп этиш версияси

Сенат ялпи мажлиси олдидан қўмита мажлислари бўлиб ўтмоқда

2017 йил 24 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтади. Мажлис кун тартибига 26 масала киритилган. Шундан 10 таси қонун ҳужжатлари билан боғлиқ бўлиб, унинг 6 таси янги қонундир.

2017 йил 23 август куни ялпи мажлис олдидан Сенат қўмиталари йиғилишлари бўлиб ўтмоқда. Уларда ялпи мажлис кун тартибига киритилган масалалар тегишлилиги бўйича яна бир бор кўриб чиқилаётир.

Дастлабки мажлис Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасида ташкил этилди. Унда ялпи мажлис кун тартибига киритилган элчи тайинлаш, айрим элчиларни лавозимидан озод этиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Қўмита аъзолари томонидан 2016 йил ҳамда 2017 йилнинг биринчи ярмида юборилган сенатор сўровларининг мониторинги якунлари муҳокама этилди.

Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси йиғилишида ялпи мажлисда кўриб чиқиладиган “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”, “Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги янги қонун лойиҳалари ҳамда айрим қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид масала кўриб чиқилди.

– Юксак ҳуқуқий маданият – ҳуқуқий давлатнинг муҳим шартидир,– дейди сенатор Толиб Мадумаров. – Ҳозирги кунда мамлакатимизда 30 мингдан ортиқ қонун ҳужжатларини ўз ичига қамраб олган ҳуқуқий база мавжуд. Лекин бу базадан етарли даражада фойдаланилмаётир. Бунга барҳам бериш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқий ахборотларни тарқатиш тизимини такомиллаштиришга оид Президентимизнинг шу йил февраль ойида фармони ҳам қабул қилинди. Мазкур фармон асосида ишлаб чиқилган “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ҳуқуқий ахборотларни ўз вақтида тегишли тизимларга, аҳолига етиб боришини таъминлашга хизмат қилади. Жумладан, янги қонун кучга кириши билан у тегишли вазирлик ёки идора веб-сайтида 24 соат ичида эълон қилиниши зарур.

Мажлисда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди судьяларининг сайланиши, лавозимидан озод этилишига оид масала кўриб чиқилди. Қўмита аъзолари томонидан 2016 йил давомида ҳамда 2017 йилнинг биринчи ярмида юборилган сенатор сўровларининг мониторинги якунлари муҳокама этилди.

Йиғилишлар давом этмоқда.

Норгул Абдураимова, ЎзА
3 954






Все о погоде - Pogoda.uz