ЎзА Ўзбек

07.11.2019 Чоп этиш версияси

Сайлов: пухта тайёргарлик муваффақият гарови

Сайлов: пухта тайёргарлик муваффақият гарови

Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида бир қатор муҳим масалалар муҳокама этилди. 

Видеоселектор тарзида ўтказилган тадбирда туман ва шаҳар ҳокимликлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида вилоят сайлов комиссияси раиси Ш.Жўраевнинг маърузаси тингланди. 

“Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида барча давлат вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловларни ўтказиш учун вилоят бўйича жами 350 сайлов округи ҳамда 439 сайлов участкаси тузилгани, барча сайлов комиссиялари Сайлов кодексида кўрсатилган тартибда шакллантирилгани қайд этилди. 

Шунингдек, ҳар галгидек бу йилги сайловларни ҳам вилоятда намунали тарзда ташкил этиш бўйича ҳокимликлар, сайловга алоқадор барча мутасадди ташкилотлар янада фаол бўлиши ва уларга тегишли бўлган масалаларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилишида масъулиятли бўлиши лозимлиги таъкидланди. Жумладан, Сайлов кодексининг 26- ҳамда 49-моддасида белгиланган вазифаларни амалга оширишда, яъни айрим сайлов округлари ва участка сайлов комиссияларига ажратилган биноларни, хоналарини таъмирлаш, уларнинг зарур жиҳоз ва оргтехника воситалари билан таъминланиши, бино атрофларини ободонлаштириш масалалари талаб даражасида эмаслиги айтиб ўтилди. Сайловга қисқа фурсатлар қолганда уни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ жараёнларга ўта жиддий ва масъулият билан қараш лозимлиги таъкидланди. 

Ушбу фикрлар инобатга олиниб, бир қатор вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, барча туман ва шаҳар ҳокимларига сайловга тайёргарлик кўриш масалаларига шахсан жавобгарлик юклатилди. Барча сайлов округлари ва сайлов участкалари жойлашадиган бино ва хоналарни таъмирлаш, дизайнерлик ишларини амалга ошириш, сайлов округи ва участкалари жойлашган кўчаларда, уйлар атрофида ободонлаштириш ишларини ташкил этиш, кириш-чиқиш йўлларини соз ҳолатга келтириш, биноларни узлуксиз электр энергияси, табиий газ, иссиқлик таъминоти ва ичимлик суви билан таъминлаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди. 

Округ ва участка сайлов комиссияларига барча зарур шарт-шароитларни яратиш, уларни интернет тармоғи ва алоқа, транспорт воситалари билан таъминлаш, барча сайлов округлари ва участка сайлов комиссиялари аъзоларини тизимли ўқитишни ташкил этиш бўйича вазифалар юкланди. Шунингдек, “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги”ни самарали ташкил этиш юзасидан корхона, ташкилот ва муассасаларда, маҳалла фуқаролар йиғинларида, аҳоли гавжум жойларда кенг кўламли тарғибот ишларини олиб бориш бўйича бир қатор топшириқлар берилди. 

Сессияда бир қатор муҳим масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди. 

Шу куннинг ўзида барча халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларида сессиялар ўтказилиб, участка сайлов комиссиялари аъзолигига таклиф этилган номзодлар кўриб чиқилди ва тегишли округ сайлов комиссияларига тасдиқлаш учун тавсия этилди. 

Сессияда Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов сўзга чиқди. 

2 572
Нуриддин РАҲИМОВ, ЎзА