ЎзА Ўзбек

07.09.2019 Чоп этиш версияси

Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида

Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида


Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ф а р м о н и

Хусусий секторни қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган комплекс чора-тадбирлар натижасида тадбиркорлик субъектлари сонини янада кўпайтириш ҳамда улар томонидан истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар турларини кенгайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

Мамлакат иқтисодиётини узоқ муддатли ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган шароитда ахборот технологиялари воситасида истеъмолчилар, тадбиркорлик субъектлари ва давлат солиқ хизмати органларининг уйғунлашган фаолияти алоҳида аҳамият касб этади.

Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасини янада эркинлаштириш, унинг ҳажмини кескин ошириш, ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги, Марказий банки, Савдо-саноат палатасининг савдо (хизмат кўрсатиш) шохобчаларида аҳоли билан нақд пулда ва (ёки) банк пластик карталари орқали амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига онлайн режимида узатиб бориш функциясига эга бўлган маълумотлар алмашинуви платформаси – виртуал кассаларни (кейинги ўринларда – виртуал касса) онлайн назорат касса машиналари (кейинги ўринларда – онлайн-НКМ) қаторида жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази” давлат унитар корхонаси онлайн режимида қабул қилинган фискал маълумотларни мустақил ва доимий равишда қабул қилиш, қайта ишлаш, криптографик ҳимоя қилиш ва сақлаш ишларини бажарувчи фискал маълумотлар оператори (кейинги ўринларда – оператор) этиб белгилансин.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) тадбиркорлик субъектлари онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган тақдирда:

уларга нисбатан амалдаги фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини ишлатиш, кассир-операциячи томонидан назорат-касса дафтарини юритиш ҳамда иш куни охирида ҳар бир назорат-касса машинаси бўйича кунлик ҳисоботни чиқариб олиш мажбуриятлари бекор қилинади;

кунлик ўртача нақд пул тушуми миқдоридан қатъи назар нақд пулни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ўзлари белгилаган даврларда ёки мустақил равишда топшириш ҳуқуқига эга;

уларга ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи ёки ягона солиқ тўлови ёхуд қатъий белгиланган солиқ суммасини онлайн-НКМни 2021 йил 1 январга қадар давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга қўйиш шарти билан, унинг ҳар бирини харид қилиш, ўрнатиш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар суммасига, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ошмаган миқдорда камайтириш ҳуқуқи берилади;

виртуал касса дастурий маҳсулотининг асос қисми (базаси) уларга Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан бепул берилади;

б) жисмоний шахсларнинг банк пластик карталари ёки чегирма (дисконт) карталарига оммавий оферта шартлари асосида ўтказилган бонуслар (пул, балл ва бошқа бирликлар) шаклидаги маблағлар (cashback) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи базаси сифатида қаралмайди;

в) жисмоний шахсларнинг уй хўжалиги шароитида, шу жумладан, деҳқон хўжалигида етиштирилган чорвачилик, асаларичилик ва деҳқончилик маҳсулотларини табиий ва қайта ишланган ҳолда, саноатда қайта ишлашдан ташқари, сотишдан, шунингдек, ҳайвонларни тирик ёки уларни сўйиб сотишдан оладиган даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинишида, реализация қилинган маҳсулот жисмоний шахс ёки унинг оила аъзоларига ажратилган томорқа ер участкасида етиштирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилиш тартиби бекор қилинади.

4. Нақд пул тушумига эга бўлган тадбиркорлик субъектларининг онлайн назорат касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланишга босқичма-босқич ўтказиш графиги иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари
ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2020 йил 1 январдан бошлаб ҳар йили олис, етиб бориш қийин бўлган аҳоли пунктлари рўйхатини тасдиқлайди ва ушбу ҳудудларда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига мазкур Фармон билан тасдиқланган график татбиқ этилмайди.

5. Белгилансинки, онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган тадбиркорлик субъектлари томонидан:

тақдим қилинган харид чекида (кейинги ўринларда – чек) товарлар (ишлар, хизматлар) номи, миқдори, қиймати (нархи), суммаси, қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлганда қўшилган қиймат солиғи ставкаси ва суммаси, шунингдек, QR-код ва фискал белги мажбурий тартибда акс эттирилади. Ушбу маълумотлар акс эттирилмаган чеклар ҳақиқий ҳисобланмайди;

маълумотларни операторга реал вақт режимида етказиб беришнинг техник имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда чеклар оффлайн режимида берилиши мумкин. Бунда маълумотлар операторга 24 соат мобайнида узатилиши шарт;

тўлов терминали орқали қабул қилинган тўловлар учун харидорларга тўлов терминали чеки билан бирга онлайн-НКМ ёки виртуал касса чеки ҳам берилиши шарт.

Ушбу Фармон билан тасдиқланган графикда кўрсатилган муддатлар тугагандан кейин онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланмасдан товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш, онлайн-НКМ ёки виртуал касса орқали чек тақдим этмаслик ёки фискал белгига эга бўлмаган чекларни тақдим қилиш – фискал хотирали назорат-касса машиналарини ёки ҳисоб-китоб терминалларини ишлатиш мажбурий бўлгани ҳолда уларни ишлатмасдан савдони амалга оширганлик ва хизматлар кўрсатганлик деб баҳоланади ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

6. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлигининг 2019 йил 1 октябрдан Тошкент шаҳридаги онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим қилинган чеклардаги QR-код ёки фискал белгилар асосида ютуқли ўйинларни ташкил қилиш бўйича тажриба ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2019 йил 1 ноябрга қадар ютуқли ўйинлар ташкил этиш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир миллиард сўм миқдорида маблағ ажратсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Молия вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 июлга қадар тажриба натижаларига кўра уни Республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклиф киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда 2019 йил 1 октябрга қадар чекларни рўйхатдан ўтказган жисмоний шахслар орасида ютуқли ўйинларни ўтказиш бўйича тартиб ишлаб чиқсин ва ўрнатилган тартибда тасдиқласин.

9. “Ўзэлтехсаноат” уюшмасига Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда:

уюшма таркибига кирувчи корхоналар негизида онлайн-НКМ, маълумотларни онлайн режимда давлат солиқ хизмати органларига узатиш функциясига эга бўлган махсус қурилмалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;

онлайн-НКМ ва виртуал кассанинг узлуксиз ишлашини таъминлаш учун барча ҳудудларда техник хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш тавсия этилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси 2019 йил 1 октябрга қадар муддатда:

тадбиркорлик субъектлари томонидан сотилган маҳсулотлар (ишлар ва хизматлар) бўйича маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига онлайн режимида узатишни таъминловчи виртуал касса ҳамда фискал модул учун махсус дастурий таъминотни ишлаб чиқсин ва жорий қилсин;

харидорлар томонидан чеклардаги QR-код ёки фискал белгиларни мобиль илова ёки Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайти орқали рўйхатга олиш тизимини жорий қилсин;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланилиши рухсат этилган онлайн-НКМ, виртуал касса ва фискал модулга қўйиладиган техник талабларни, уларнинг ягона реестрини ҳамда уларга техник хизмат кўрсатиш марказларининг Давлат реестрини юритишни, шунингдек, давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга қўйиш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Молия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда онлайн-НКМ ёки виртуал касса орқали чек тақдим этмаслик ёки QR-кодга (ёхуд фискал белгиларга) эга бўлмаган чекларни тақдим қилиш ҳаракатлари юзасидан “масофадан текширув” тизимини ҳамда жавобгарликка тортиш тартибини ишлаб чиқсин ва ўрнатилган тартибда тасдиқласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.А.Мусаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига – ушбу Фармон билан тасдиқланган графикка асосан республикадаги нақд пул тушумига эга бўлган тадбиркорлик субъектларини онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга босқичма-босқич ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.А.Мусаев, молия вазирининг биринчи ўринбосари Т.А.Ишметов, Тошкент шаҳар ҳокими Ж.А.Ортиқхўжаев зиммасига – Тошкент шаҳридаги онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим қилинган чеклардаги QR-код ёки фискал белгилар асосида ютуқли ўйинларни ташкил қилиш бўйича жавобгарлик юклансин.

13. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига мазкур Фармоннинг мақсад ва вазифалари, мазмун-моҳияти ва унинг амалга ошириш жараёнларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этиш тавсия этилсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 9 августдаги “Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–1504-сон Фармони 3-бандининг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“нақд пул тушумига эга бўлган барча хўжалик юритувчи субъектлар нақд пул тушумини банкларга топширадилар. Бунда базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан ортиқ миқдорда кунлик ўртача нақд пул тушумига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар нақд пул тушумини банк кассаларига ҳар куни инкассация хизмати орқали ёки мустақил равишда топширадилар. Кўрсатилган ҳажмдан кам бўлган кунлик ўртача нақд пул тушумига эга бўлган ёки онлайн назорат-касса машиналаридан (ёхуд виртуал кассадан) фойдаланишга ўтган хўжалик юритувчи субъектлар нақд пул тушумини банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ўзлари белгилайдиган даврларда ёки мустақил равишда топшириш ҳуқуқига эга”.

15. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасида ушбу Фармонда кўрсатиб ўтилган нормаларни назарда тутсин.

17. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А.Гулямов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

 Президенти                                                               Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 6 сентябрь


15 886
ЎзА