Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

30.08.2018 21:42 Чоп этиш версияси

Самимий қутловлар

Самимий қутловлар
Мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарларидан самимий қутловлар келиши давом этмоқда. Уларда давлатимиз раҳбарига саломатлик ва муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик ва фаровонлик тилаб, эзгу истаклар изҳор этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Сизни миллий байрам – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги куни билан самимий муборакбод этаман.

Россияда дўст Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёт борасида эришаётган ютуқлар, мамлакатингизнинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётгани мамнуният билан эътироф этилмоқда.

Давлатларимиз ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик каби эзгу анъаналарга асосланган муносабатлар юксак даражага кўтарилган. Ишончим комил, биз биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан икки томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини, шунингдек, минтақавий масалалар бўйича конструктив ҳамкорликни бундан буён ҳам фаол ривожлантирамиз. Бу халқларимиз манфаатларига тўлиқ жавоб беради ҳамда Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги интилишларимизга ҳамоҳангдир.

Сизга, муҳтарам Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик ва муваффақият, Ўзбекистоннинг барча фуқароларига бахт-саодат ва фаровонлик тилайман.

Ҳурмат билан,

Владимир ПУТИН,

Россия Федерацияси Президенти

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Муҳтарам Президент жаноблари!

Сизни ва бутун Ўзбекистон халқини Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 27 йиллиги билан самимий муборакбод этишга ижозат бергайсиз.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллик йилларида сиёсат, иқтисодиёт ва ижтимоий тараққиёт соҳаларида юксак эътирофга сазовор улкан ютуқларни қўлга киритди.

Сиз, Жаноби Олийлари раҳбарлигида амалга оширилаётган ва салмоқли натижалар бераётган ислоҳотлар сиёсати алоҳида таҳсинга муносиб. 

Сизнинг раҳбарлигингизда Ўзбекистон Республикаси ўз тараққиётида янги ва янада юксак марраларга эришишига ишончим комил.

Мамлакатларимиз 1992 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатганидан буён ишонч ва дўстлик тамойиллари асосида ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантираётганидан хурсандман. Сиз, Президент жаноблари билан мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиш учун ўзаро мақбул муддатларда Ўзбекистон Республикасида ташриф билан бўлишга умид қиламан.

Президент жаноблари, Сизга мустаҳкам соғлик ва улкан муваффақиятлар, Ўзбекистон Республикасига янада равнақ тилайман.

Ҳурмат билан,

Мун Чжэ ИН,
Корея Республикаси Президенти

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Президент жаноблари!

Ўз номимдан ва бутун Франция халқи номидан Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги куни билан Сизга энг эзгу тилакларимни изҳор этишдан, Ўзбекистон халқига бахт-саодат ва равнақ тилашдан бағоят мамнунман.

Кўп йиллар давомида ҳамкор бўлиб келаётган Франция ва Ўзбекистон муносабатлари янада ривожланиб бораётганини олқишлайман. Икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми ортаётгани ва стратегик ҳамкорлигимиз диверсификация қилинаётгани баробарида жорий йилда сиёсий мулоқотимиз янада мустаҳкамланади. Париж шаҳрига бўлажак расмий ташрифингиз давомида Сиз билан учрашувимизни катта мамнуният билан кутяпман.

Ушбу ташриф олдидан икки томонлама кўплаб муҳим учрашувлар, жумладан, 20 июль куни савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлиси ўтказилди. Бўлажак олий даражадаги музокаралар ўзаро муносабатларимизни фаоллаштириш ва янада диверсификация қилиш йўлларини муҳокама этиш учун яхши имконият бўлади.

Фурсатдан фойдаланиб, Сизни мамлакатингизнинг Франция учун муҳим бўлган Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси билан қутлашга ижозат бергайсиз.

Президент жаноблари, Сизга бўлган юксак ҳурматимни қабул қилгайсиз.

Эммануэль МАКРОН,

Франция Республикаси Президенти

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Сиз, Жаноби Олийларини дўст Ўзбекистоннинг Мустақиллик куни нишонланиши муносабати билан муборакбод этиб, Сизга халқингиз орзу-интилишларини рўёбга чиқариш йўлидаги саъй-ҳаракатларингизда омад тилайман.

Шу фурсатдан фойдаланиб, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларни муштарак манфаатлар йўлида барча соҳаларда мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорлигимизни қўллаб-қувватлашимни таъкидлайман.

Сизга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, дўст Ўзбекистон халқига янада тараққиёт ва фаровонлик тилаб қоламан.

Юксак эҳтиром билан,

Абдулфаттоҳ ас-СИСИ,

Миср Араб Республикаси Президенти

* * *

Шунингдек, қуйидагилар ўз табрикларини йўллаган:

Болгария Республикаси Президенти Румен Радев

Польша Республикаси Президенти Анжей Дуда

Португалия Республикаси Президенти Марсело Ребело де Соуза

Чехия Республикаси Президенти Милош Земан

Украина Президенти Пётр Порошенко

Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд

Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди, Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, мудофаа вазири Муҳаммад ибн Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд 

Лаос Халқ Демократик Республикаси Президенти Буннянг Ворачит

Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири, Дубай Амирлиги ҳокими шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум

Қутловлар келиши давом этмоқда.

4 254