ЎзА Ўзбек

26.07.2019 Чоп этиш версияси

​Самарқанд туризм марказига айланади

​Самарқанд туризм марказига айланади


Самарқанд вилоятининг сайёҳлик салоҳиятини янада ривожлантириш мақсадида Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали бўйида туристик марказ қурилиши режалаштирилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев бу ерга ташриф буюриб, шу борадаги лойиҳа таклифи билан танишди. Мажмуа учун 360 гектар ер ажратилиши, унинг 80 гектарида анжуманлар маркази, меҳмонхоналар ва бошқа объектлар қурилиши мўлжалланган. Меҳмонхоналар 5, 4 ва 3 юлдузли бўлиб, барча тоифадаги сайёҳларни қамраб олади. Сайилгоҳлар, сузиш жойлари, сунъий оролчалар, ресторанлар ташкил этилади.

Самарқандликлар ва бу ерга келган юртдошларимиз дам олиш учун қаерга боради? Ҳозирча айтарлик бундай жой йўқ. Чет эллик сайёҳлар ҳам асосан тарихий обидаларни кўриш ва зиёрат учун келади. Шу боис дам олиш туризми учун ҳам шароит яратиш керак. Бу маскан зиёрат туризми билан ҳамоҳанг бўлиши, халқимиз, сайёҳлар бўш вақтида бу ерга келиб дам олиши зарур. Бу Самарқанд иқтисодиёти учун яна бир ўсиш нуқтаси бўлади, деди Шавкат Мирзиёев.

Самарқандга келган сайёҳлар сони жорий йилда ўтган йилгига нисбатан икки баробар ошган. Келгуси икки йилда бу ерга чет эллик туристлар ташрифини 2, мамлакатимиз бўйича эса 10 миллионга етказиш мўлжалланган.

Шу ерда Президентимизга вилоятда кўп қаватли уй-жойлар қуриш, ичимлик суви ва оқова таъминотини ривожлантириш, Самарқанд шаҳрини марказлашган иссиқлик энергияси билан таъминлашни яхшилаш борасидаги ишлар тўғрисида ҳам маълумот берилди.

Давлатимиз раҳбари икки йил олдинги вилоятга ташрифида Самарқанд шаҳри аҳолисининг уй-жойга эҳтиёжи йил сайин ошиб бораётгани ва бу эҳтиёжни қондириш учун шаҳар марказида қурилиш меъёрларига тўғри келса-келмаса уй-жой қуриб ташлашдан кўра, шаҳар четидан замонавий аҳоли турар жой масканлари барпо этиш зарурлигини таъкидлаган эди. Ана шу топшириқ асосида ўтган йили Самарқанд тумани Қорасув массивидан Самарқанд шаҳри учун 50 гектарга яқин ер ажратилиб, бу ерда кўп қаватли уйлар қурилишига киришилди.

2018 йилнинг ўзида “Ўзшаҳарқурилишинвест” инжиниринг компанияси буюртмаси асосида жами 1 минг 344 хонадондан иборат 7 қаватли 32 та арзон уй барпо этилди. Бундан ташқари, “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси томонидан Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия хизматчилари ва ёш оилаларга мўлжалланган 5 қаватли 12 та турар жой қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Ҳудудга минглаб аҳоли кўчиб келиши ҳисобга олинган ҳолда таълим ва тиббиёт муассасалари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, умуман, аҳоли эҳтиёжи учун нимаики зарурат бўлса, барчасини шу ернинг ўзида яратишга эътибор қаратилди. Бугун ушбу маскан том маънода замонавий шаҳарча кўринишини олди.

Шу йилнинг 11 январь куни Президентимиз вилоятга ташрифи чоғида янги массивда бўлиб, амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди ва шаҳарчани янада кенгайтириш бўйича топшириқлар берди.

Ҳозирда бу ерда 4 та 12 қаватли, 5 та 14 қаватли уй қурилиши жадал олиб борилмоқда. Бундан ташқари, хусусий қурилиш компаниялари томонидан хорижий давлатларнинг илғор қурилиш технологиялари асосида 9 та 16 қаватли уйлар қурилмоқда.

Яна бир эътиборли жиҳати, давлатимиз раҳбари Самарқанднинг ҳар бир қарич еридан самарали фойдаланиш мақсадида бундай замонавий кўп қаватли уй-жойларни вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам қуриш зарурлигини таъкидлаган эди. Шундан келиб чиқиб, айни пайтда Ургут ва Тайлоқ туманларида ҳам ипотека кредити асосида арзон кўп қаватли уйлар қуриш ишлари бошланган.

Умуман, 2019 йилда вилоятда бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайган ҳолда давом этмоқда. Айни пайтда уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилалар учун 46 массивда 1508 та, алоҳида намуна кўрсатган ёш оилалар учун 70 та, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар учун 112 та уй-жой қурилмоқда. Бундан ташқари, Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун 120 хонадонли 5 қаватли 4 та, Ички ишлар ходимлари учун 5 қаватли 2 та, Миллий гвардия хизматчилари учун 5 қаватли 1 та уй қурилишига киришилди.

Президентимиз янги қурилаётган уйларни адолатли тақсимлаш, қурилиш ишлари сифатига алоҳида аҳамият бериш, ичимлик суви ва оқова таъминоти, Самарқанд шаҳрини марказлашган иссиқлик энергияси билан таъминлаш борасидаги ишларни жадаллаштириш юзасидан кўрсатмалар берди.


6 276
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, Ғолиб Ҳасанов, ЎзА