ЎзА Ўзбек

26.07.2019 Чоп этиш версияси

Шавкат Мирзиёев: Кечаги услуб билан бугунги режани бажариб бўлмайди

Шавкат Мирзиёев: Кечаги услуб билан бугунги режани бажариб бўлмайди


Самарқанд туманида Президент Шавкат Мирзиёев вилоят фаоллари, секторлар раҳбарлари, нуронийлар, фермер ва тадбиркорлар иштирокида йиғилиш ўтказди.

Сизлар билан йил бошида учрашиб, вилоятда амалга ошириладиган лойиҳалар, бунёдкорлик ишлари, умуман, халқимиз ҳаётини, турмуш даражасини ошириш юзасидан улкан вазифаларни белгилаб олган эдик, деди давлатимиз раҳбари учрашув аввалида. Ўтган олти ой давомида бу вазифалар нечоғли бажарилгани барчамизга яхши маълум. Ижобий натижалар ҳам, ечимини кутаётган масалалар ҳам салмоқли. Бугун Самарқандга келиб, яна сизлар билан фикрлашиб олиш, белгилаган режаларимизни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этишни шиддаткор даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Негаки, замон шунчалик тез ривожланяптики, бу борада яқин ва узоқ хорижий давлатлар, ҳамкор мамлакатлар иқтисодиётини таҳлил этиб, ўзимизнинг йўлимизни танламасак, глобаллашув жараёнларида жаҳонда ўз ўрнимизга эга бўлмасак олдимизга қўйган мақсадларни амалга ошириш қийин кечади. Шу нуқтаи назардан, Самарқандга бу галги ташрифимиздан асосий мақсад вилоятда туризмни ривожлантириш, тадбиркорлик ва қайта ишлашни кенгайтириш борасидаги ишларни жадаллаштиришга, янги режа ва вазифаларни белгилаб олишга қаратилган.

Шавкат Мирзиёев вилоятда саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда муайян натижаларга эришилаётган бўлса-да, Самарқанднинг иқтисодиётини мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини оширишда туризм соҳаси асосий йўналиш бўлиши кераклигини таъкидлади. Афсуски, ҳали бундан тўлиқ фойдаланилмаётгани, ишга солинмаган имкониятлар кўплиги қайд этилди. Шу билан бирга, боғдорчилик, мева-сабзавот етиштиришда ҳам эришилаётган натижалар бошқа ҳудудларга қараганда қувонарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Вилоятда айнан мана шу йўналишга ихтисослашган туманлар бор. Бу жойларда энди фақат маҳсулот етиштириб, уни хомашё ҳолида сотишдан кўра, қайта ишлаб, тайёр маҳсулот экспорт қиладиган корхоналарни кўпайтириш, замонавий мини-технологиялардан фойдаланиш зарурлигига эътибор қаратилди. Шу мақсадда вилоятда мева-сабзавотчиликни ривожлантиришга 400 миллион доллар, туризм инфратузилмасини такомиллаштиришга 100 миллион доллар ажратилиши маълум қилинди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари туман ва шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш борасидаги ишларни жадаллаштириш, бу борада ўзига хос рақобат муҳитини яратиш лозимлигига эътибор қаратди. Шу мақсадда тажриба тариқасида Каттақўрғон тумани ва шаҳри ҳамда Ургут тумани ўзаро мусобақалашишини таъкидлади. Ва бу Самарқанд тажрибаси сифатида кейинчалик оммалаштирилиши қайд этилди.

Учрашувда туманларда амалга оширилаётган лойиҳалар, ислоҳотларнинг бориши юзасидан сектор раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.

Давлатимиз раҳбари Самарқанд шаҳрида инфратузилмани такомиллаштириш, саноатни ривожлантириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш борасидаги вазифаларга ҳам эътибор қаратди. Жумладан, Самарқандни “туристик хаб”га айлантириш зарурлигини айтиб, Бош вазир ўринбосари ва вилоят ҳокимига шу юзасидан кўрсатмалар берди.

Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича 23 июлда ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган тизим асосида ишлаб, муҳитни ўзгартириш, тадбиркорларга ҳамма шароитни яратиб бериш зарурлиги қайд этилди.

Бугунги саъй-ҳаракатларимиз, мақсад-муддаомиз халқимизнинг бугунги ҳаётидан рози, эртанги кунидан кўнгли тўқ бўлишига қаратилган. Буни ҳар бир раҳбар юракдан ҳис қилиши ва зиммасидаги улкан масъулиятни англаб меҳнат қилиши лозим. Шуни унутмайликки, кечаги услуб, қотиб қолган қарашлар билан олдимизга қўйган мақсадларга эришиб бўлмайди. Бугунги давр барчамиздан янгича фикрлашни, замон шиддатига мос ишлашни тақозо этади, Шавкат Мирзиёев.

Президент ҳокимлар ва секторлар раҳбарларига ҳар бир туман иқтисодиётини ривожлантириш бўйича топшириқлар берди.

Шу билан давлатимиз раҳбарининг Самарқанд вилоятига ташрифи якунланди.


8 773
Матназар Элмуродов, Ғолиб Ҳасанов, ЎзА