ЎзА Ўзбек

01.07.2020 Чоп этиш версияси

«С5+1» шаклидаги юқори даражадаги учрашув тўғрисида

«С5+1» шаклидаги юқори даражадаги учрашув тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов “Марказий Осиё – АҚШ” («С5+1») видеоконференциясида иштирок этди.

Тадбирда, шунингдек, Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ва АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео иштирок этди.

Томонлар минтақавий иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, замонавий таҳдид ва хатарларга, жумладан, коронавирус тарқалишига қарши курашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.

СОVID-19 пандемияси шароитида глобал ўзгаришларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, миллий транспорт стратегиясини мувофиқлаштириш, қишлоқ хўжалигида инновацияларни рағбатлантириш, минтақа мамлакатларининг энергетика салоҳиятини кенгайтириш, Марказий Осиёнинг экологик оғир минтақаларида ижтимоий-иқтисодий аҳволни яхшилаш, хусусан Оролбўйини инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш каби йўналишлардаги ҳамкорликка урғу беришни таклиф қилди.

Абдулазиз Комилов Ўзбекистон томони халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистондаги тинчлик жараёнини илгари суриш бўйича фаол ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини қайд этди.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг чиқишларида «С5+1» шакли Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни илгари суриш платформаси сифатида ўз аҳамияти ва долзарблигини намойиш этишда давом этаётгани тасдиқланди.

6 536
ЎзА​