Президентлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини кўриб чиқдилар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокараларни давом эттирдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокараларни давом эттирдилар.Олий даражадаги ташрифлар мунтазамлик касб этгани давлатлараро муносабатлар юксак даражада ривожланаётганидан далолат беради. Ўзбекистон ва Россия раҳбарларининг бу галги учрашуви Биринчи Президентимиз Ислом Каримов асос солган ўзаро манфаатли мулоқотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Унда савдо-иқтисодиёт, нефть-кимё, транспорт коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги, маданият, туризм, меҳнат мигрантларига муносиб шароитлар яратиш ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Россия халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Икки мамлакатнинг ташқи сиёсат, ташқи савдо, мудофаа маҳкамалари ўртасида ўзаро маслаҳатлашувлар изчил амалга оширилмоқда. Мамлакатларимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Ўзбекистон – Россия муносабатларида савдо-иқтисодий ҳамкорлик асосий ўрин тутади. 2013-2017 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастури, 2015-2019 йилларда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг асосий йўналишларига оид ҳукуматлараро битимга мувофиқ бу соҳадаги алоқалар изчил тараққий этмоқда.
Россия Ўзбекистоннинг етакчи савдо шерикларидан бири. Ўзбекистон Россияга табиий газ, транспорт воситалари, қора ва рангли металлар, трикотаж, пахта толаси, мева-сабзавотлар, турли хизматлар экспорт қилади. Россия мамлакатимизга транспорт воситалари, кимё ва қоғоз саноати товарлари, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беради.
Ўзбекистонда россиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда тузилган 961 қўшма корхона фаолият юритмоқда. Мамлакатимизда Россиянинг 64 фирма ва компанияси ваколатхонаси очилган. Россия Федерацияси ҳудудида ўзбекистонлик ҳамкорлар билан 595 тадбиркорлик субъектлари ташкил этилган бўлиб, улар самарали фаолият олиб бормоқда.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсиб бормоқда.
Очиқ ва дўстона руҳда ўтган музокарада ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, уни янги босқичга кўтариш борасида фикр алмашилди.