ЎзА Ўзбек

17.08.2018 17:57 Чоп этиш версияси

Президентлар “Artel” корхонасига ташриф буюрди

Президентлар “Artel” корхонасига ташриф буюрди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон пойтахтимиздаги “Artel” корхонасида бўлиб, маҳсулот ишлаб чиқариш фаолияти билан танишди.

Ўзбекистонда импорт ўрнини босувчи рақобатбардош маиший техника ишлаб чиқариш ва аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Бу борада яратилган кенг имтиёзлар самарасида 2011 йили “Artel” миллий бренди остида маиший электр жиҳозлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ўтган йиллар мобайнида корхонада 20 турдан ортиқ 500 моделдаги маиший техника ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. 

“Artel” бренди бугунги кунда сифатли, қулай, арзон ва замонавий маҳсулотлари билан нафақат қўшни давлатлар, балки узоқ хорижий мамлакатлар бозорларидан муносиб жой олмоқда. Жумладан, музлатгич, телевизор, мобиль телефон ва смартфонлар, кир ювиш машиналари, газ плиталар, кондиционер, микротўлқинли печлар, чанг ютгич, энергиятежамкор лампалар каби энг сўнгги русумдаги маиший техника ва электр жиҳозлари жаҳон стандартларига мослиги билан харидорлар ишончини қозонмоқда. 

Давлат раҳбарлари корхонада ташкил этилган “Artel” маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди. Олий мартабали меҳмонга маҳсулотлар тури, сифати ва ишчи ўринлари ҳақида маълумот берилди. 

Эмомали Раҳмон кондиционер ва телевизор ишлаб чиқариш жараёнини бевосита кўздан кечирди, маҳсулотлар сифатига юксак баҳо берди.

Матназар Элмуродов, ЎзА
8 218