Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга келди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 22 март куни давлат ташрифи билан Остона шаҳрига келди.
Остона, 22 март. ЎзА махсус мухбири Анвар Самадов хабар қилади.Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 22 март куни давлат ташрифи билан Остона шаҳрига келди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат байроқлари билан безатилган Остона халқаро аэропортида олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди.
Давлатимиз раҳбарини Қозоғистон Республикаси Бош вазири ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
Ташрифнинг асосий воқеалари 23 мартга белгиланган. Олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилиниши, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилиши мўлжалланган.
Президентимиз ташрифи доирасида Остона шаҳрида Ўзбекистон Миллий саноат кўргазмаси, икки мамлакат ишбилармон доираларининг нуфузли делегациялари иштирокида бизнес-форум ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбарининг ташрифи якунлари бўйича давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро бир қатор муҳим ҳужжатлар, Ўзбекистон – Қозоғистон ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга қаратилган салмоқли шартномалар имзоланиши режалаштирилган.