Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2018 21:03 Чоп этиш версияси

Президентимиз Наманган вилояти фермерлари билан мулоқот қилди

Президентимиз Наманган вилояти фермерлари билан мулоқот қилди Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Норин туманидаги “Беш сада” фермер хўжалиги шийпонида Наманган вилояти фермерлари билан мулоқот қилди.

“Беш сада” фермер хўжалиги 2004 йил ташкил этилган. Долимжон Шарипов раҳбарлигидаги хўжалик ишчилари жорий йилда 27 гектарда ғалла, 21 гектардан зиёд майдонда ғўза парваришламоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳар йили декабрь ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни этиб белгиланди. Давлатимиз раҳбари шу муносабат билан 2017 йил 9 декбрь куни ўтказилган тантанали маросимдаги нутқида пахта майдонларида ҳосилдорликни ошириш ва ердан самарали фойдаланиш мақсадида чигитни “қўшқатор” ва “олтмишлик” схемаси асосида экишни йўлга қўйиш ва самарасиз бўлган “тўқсонлик” схемадан босқичма-босқич воз кечиш кераклигини таъкидлаган эди. Бугун вилоятдаги фермер хўжаликлари мазкур кўрсатмалар асосида ғўза парваришини замонавий технологиялар асосида йўлга қўйган.

“Беш сада” фермер хўжалиги ҳам ғўзани “қўшқатор” схемаси асосида экишни жорий этди. Бунинг натижасида 1 гектар ерга қўшимча 35 минг дона чигит қадалиб, ҳосилдорликни 40 центнергача ошириш имкони пайдо бўлди. Ғалла ҳосилдорлиги 80 центнерга етказилиб, олинадиган соф фойда 35 миллион сўмга етиши кутилмоқда.

Президентимиз вилоят фермерлари, қишлоқ хўжалиги фахрийлари билан суҳбатда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўз юритар экан, таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида қилинадиган ишлар кўплигини таъкидлади.

- Барча ҳаракатларимиздан асосий мақсад — халқимизни рози қилиш, эртанги кунга ишонтиришдир, деди Шавкат Мирзиёев.

Деҳқончилик ҳадиси олган миришкорлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевга фермерлар учун яратилган шароит ва имкониятлар, давлат томонидан қаратилаётган алоҳида эътибор учун миннатдорлик билдирди.

Давлатимиз раҳбари фермер хўжалиги даласини кўздан кечирди.

Матназар Элмуродов, ЎзА
8 017