Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.04.2018 19:00 Чоп этиш версияси

Президентимиз Мирзаобод туманида минглаб иш ўринлари яратаётган “Бек кластер” корхонаси фаолияти билан танишди

Президентимиз Мирзаобод туманида минглаб иш ўринлари яратаётган “Бек кластер”  корхонаси фаолияти билан танишди
Бугун Сирдарё вилояти заминида етиштирилаётган турфа хил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, нафақат ички бозор, балки хорижда ҳам харидоргир.  

Бунда Президентимиз ташаббуси билан қишлоқ хўжалигида кластер усули кенг жорий этилаётгани муваффақиятлар омили бўлаётир. Давлатимиз раҳбари Сирдарё вилояти  Мирзаобод туманидаги “Бек кластер” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона томонидан ташкил этилган замонавий гидропоник иссиқхона билан танишди. Бу ерда меҳнат қилаётган ходимлар билан мулоқот қилди. 

Ўтган йили Президентимизнинг Сирдарё вилоятига ташрифи доирасида   “Бек кластер” корхонасини ташкил этиш лойиҳаси тақдим этилганди. Ушбу лойиҳа маъқулланиб, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори қабул қилинганди.  Қисқа давр ичида корхона ташкил этилиб, унга Сирдарё вилоятидан 18 минг гектар ер ажратилди. Ушбу ерларда пахта, ғалла ва бошқа донли экинлар парваришланмоқда. Замонавий техникалар харид қилинган.

 Мазкур кўп тармоқли кластер томонидан Мирзаобод туманида 100 гектар майдонда Жанубий Корея технологияти асосида замонавий гидропоник иссиқхона барпо қилинаётир. Бу ерда йилига 50 миллион долларлик маҳсулот етиштириш, уларни 100 фоиз экспортга йўналтириш режалаштирилган. Сайхунобод ва Мирзаобод туманларида ип-калава ва жинси матолари ишлаб чиқариш корхоналари, узумзор, анор боғи ташкил этилмоқда.

 Bek klaster01.jpg 

Айни пайтда қўшма корхона қошида ўсимлик маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва текшириш илмий-амалий маркази фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу ерда тупроқ таҳлили, ўсимликлар биотехнологияси ва ҳимояси, селекция ва пахта уруғчилиги, полиз ва сабзавот уруғчилиги, ўсимликлар генетикаси лабораториялари очилади. Асосий мақсад қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдан иборат.  Энг муҳими, ушбу лойиҳалар амалга оширилиши натижасида минглаб янги иш ўринлари яратилади.

Давлатимиз раҳбари иссиқхона конструкцияларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, мева-сабзавотчилик бўйича мутахассислар тайёрлаш, кластер қошида ташкил этиладиган илмий-амалий марказ фаолиятини  такомиллаштириш юзасидан кўрсатмалар берди.

– Қишлоқ хўжалигига илмий ёндашмай қўйганимиз сабабли, айрим экинлардан кутилган  ҳосилни ололмаяпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Шу жиҳатдан “Бек кластер” корхонаси қошида иш бошлайдиган илмий-амалий марказ фаолиятини қўллаб-қувватлаймиз. Бундай марказларни бошқа кластерларда ҳам ташкил этиш керак. Биз нафақат сифатли маҳсулот етиштириш, унинг харидорини топишни ҳам ўйлашимиз лозим. Бугунги замон шиддати шуни талаб қилади.

Президент қишлоқ хўжалиги техникаларини ҳам кўздан кечирди.

Давлатимиз раҳбари  “Social web solution” корхонаси мутахассислари томонидан яратилган АКТ дастурига алоҳида эътибор қаратди. Бу дастур электрон савдони кенгайтириш, интернет орқали ижтимоий хизматлар кўрсатиш борасида аҳолига кўплаб қулайликлар яратади. 

Давлатимиз раҳбари дастур ташаббускорларини қўллаб-қувватлаш, ундан фойдаланишни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.  

Шу ерда Сирдарё вилоятида балиқчилик, чорвачилик, ипакчилик ва кўнчиликни ривожлантириш, 2018-2019 йилларга мўлжалланган ирригация ва мелиорация давлат дастури,  шоли етиштириш,  лалми ва томорқа ерлардан самарали фойдаланиш, ирригация-мелиорация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар ва хорижлик инвесторлар билан мулоқот қилди, лойиҳалар самарадорлигини ошириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА
11 104