ЎзА Ўзбек

26.10.2018 15:31 Чоп этиш версияси

Президентимиз метронинг Юнусобод йўналиши иккинчи босқич қурилиши билан танишди

Президентимиз метронинг Юнусобод йўналиши иккинчи босқич қурилиши билан танишди

Тошкент шаҳрида аҳоли учун қулай шароитлар яратиш, сифатли транспорт хизматларини кўрсатиш қамровини ошириш ҳамда дунёнинг ривожланган давлатларидан қолишмайдиган метрополитен хизматини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Замонавий кўприклар, йўл ўтказгичлар бунёд этилмоқда. 

Айни пайтда Тошкент метрополитени Юнусобод йўналиши иккинчи босқичи қурилиш ишлари қизғин давом этмоқда. Қурилиш лойиҳасининг умумий қиймати 124,8 миллион доллар.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 9 февраль куни Юнусобод туманида бўлиб, метрополитен қурилиши билан танишган эди.

Давлатимиз раҳбари 26 октябрь куни бу ерга яна бир бор ташриф буюриб, қурилиш ишларининг боришини кўздан кечирди, қурувчилар билан мулоқотда бўлди.

Таъкидлаш керакки, Тошкент метрополитени 40 йилдан ортиқ тарихга эга. У 1977 йил ноябрь ойидан қатъий жадвал бўйича ҳаракатлана бошлаган.

Тошкент метрополитени йўловчиларни ташишдаги қулайлик ва хавфсизлик нуқтаи-назаридан энг самарали транспорт воситаси ҳисобланади. 

Юнусобод йўналишида қурилаётган метро участкасининг узунлиги 2,9 километр бўлиб, уни 2019 йилда фойдаланишга топшириш мўлжалланган. Иккита – Туркистон ва Юнусобод янги метро бекатларидан иборат.

Энг асосий масала пойтахтимиз кўчаларидаги тирбандликнинг олдини олиш. Бунда метро энг қулай воситадир, деди Шавкат Мирзиёев. Бунёдкорлик ишлари бундан кейин ҳам тизимли давом эттирилиши қайд этилди.

Ҳозирги кунда Туркистон ва Юнусобод станциялари ҳамда улар оралиғида туннелни қуриш ишлари олиб борилмоқда. 

Ушбу туннелни ёпиқ усулда қазиш учун Германиядан “Herrenknecht" компаниясининг механизациялашган мажмуаси келтирилган. Бу улкан техника май-сентябрь ойлари давомида йиғилган. Соҳа мутахассислари Германияда малака ошириб келди. Кўприк қурилиш трести томонидан туннель деворларини мустаҳкамловчи тюбинглар ишлаб чиқариш цехи ишга туширилди. 

Ҳозирги кунда мажмуа ишга туширилиб, туннель қазиш ишлари бошлаб юборилган. У бир суткада 12 метр масофада қазиш ишлари олиб бориш ва 8 та халқа ўрнатиш имкониятига эга. Бугунги кунгача 350 та халқага етарли (1 халқа 6 та тюбинг йиғиндисидан иборат) конструкциялар захираси яратилган.

Президентимиз ушбу техник мажмуани кўздан кечирди. Мутасаддиларга метро станцияларининг ташқи кўриниши ва инфратузилмаси бўйича тавсиялар берди. 

Транспорт коммуникацияларини қуришда шаҳарнинг келгуси ривожини ҳисобга олиш, ҳамма учун қулай бўлишини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Мухтасар айтганда, метронинг янги бекатлари ишга туширилиши натижасида пойтахт аҳолиси ва туристлар учун метрополитен хизматидан фойдаланиш имконияти янада ошади. Дунёнинг ривожланган давлатларидаги мавжуд метро транспорти билан рақобатлаша оладиган замонавий метрополитен хизмати шаклланиб боради.

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА​​
5 274