ЎзА Ўзбек

16.02.2018 16:49 Чоп этиш версияси

Президентга қишлоқ хўжалиги соҳасидаги лойиҳалар ҳақида маълумот берилди

Президентга қишлоқ хўжалиги соҳасидаги лойиҳалар ҳақида маълумот берилди
Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро туманига ташрифи давомида бир қатор иқтисодий лойиҳалар билан танишди.

Маълумотларга кўра, собиқ “Бухоротекс” АЖ негизида пахта толасидан компакт ип-калава ишлаб чиқариш бўйича “Indorama Bukhara Textile” хусусий корхонасини ташкил этиш лойиҳаси икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда 60 миллион, иккинчи босқичда 55 миллион доллар миқдоридаги инвистиция киритиладиган корхона замонавий технологиялар билан жиҳозланади ва бу билан 650 кишининг бандлиги таъминланади.

Давлат раҳбарига Бухоро вилоятида мавжуд яйлов ерлардан самарали фойдаланиш тўғрисида ҳам маълумот берилди. Мазкур маълумот ўз-ўзидан вилоятда қоракўлчиликни ривожлантириш лойиҳасига уланди. Бухоро вилоятида азалдан қоракўлчилик ривожланган. Лекин сўнгги йилларда соҳага етарлича эътибор берилмагани сабабли қоракўл тери ишлаб чиқариш кескин пасайди. Президентга соҳадаги мавжуд муаммолар ҳақида батафсил маълумот берилар экан, илмий ёндашувнинг йўқлиги боис қўйларнинг насли бузилгани қайд этиб ўтилди. Бундан ташқари, яйловларнинг қисқариши, суғориш тизимларидаги камчиликлар, зарур техника воситалари йўқлиги асосий омиллар сифатида санаб ўтилди.

c29f9323-2abc-0f3f-59c3-59e8dbe3cd58.jpg

Президентимиз муаммоларнинг ечими билан қизиқди. Мутахассислар қоракўлчиликни ривожлантириш бўйича ўзларининг таклифларини берди.

Шавкат Мирзиёев айни пайтда фаолият юритаётган хўжаликлар, олимлар, селекционерларни қўллаб-қувватлаш бўйича соҳа раҳбарларига тегишли кўрсатмалар берди.

Шу ерда “Komteks pposh” МЧЖ томонидан қўй жунини саноат усулида қайта ишлаш кластери тақдимоти бўлиб ўтди. Лойиҳа қиймати 24 миллиард сўм бўлиб, йилига 1500 тонна ювиб тозаланган жун, 425 тонна тайёр ип-калава, 100 минг дона одеял ишлаб чиқаришни кўзда тутади.

Шунингдек, 2018 йилда вилоятда амалга ошириладиган паррандачилик лойиҳалари тўғрисидаги маълумот тақдим қилинди. Бу йўналишда 32 та лойиҳа амалга оширилиб, 252 та иш ўрни яратилади.

Лойиҳалар асосан қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, истиқболли мақсадларни ўзида акс эттиргани билан аҳамиятлидир. Пилла етиштириш, асаларичилик, наслли эчки боқишга ихтисослашган эчкичилик комплекси, замонавий иссиқхоналар, агросаноат логистикаси ва савдо логистикаси марказлари ташкил этиш лойиҳалари асосий эътиборда бўлди.

Лойиҳа ташаббускорлари ўз режалари ҳақида батафсил сўзлади. Ўз навбатида давлат раҳбари уларни қийнаётган муаммолар билан қизиқди.

Ғиждувон туманида тут баргидан саломатлик учун фойдали чой тайёрлаш лойиҳаси Президент эътиборини тортди. Тут баргидан тайёрланган чой афзалликлари унда кофеин ва танин моддаси йўқлигидадир.

-Бу энг самарали ишлаб чиқариш лойиҳаси бўлади, - деди Шавкат Мирзиёев. - Сабаби, унинг ноёблиги ва инсон организми учун фойдалилигида.

Лойиҳа бўйича ишлар бошлаб юборилган. Маҳсулот 2019 йилдан бошлаб экспортга чиқарилиши мўлжалланмоқда.

Цистанхе ва исириқ етиштиришга алоҳида эътибор берилгани вилоятда ўзига хос янгилик бўлди. Цистанхе илдизи доривор ҳисобланиб, хавфли ўсма касалликларининг олдини олади. Шамоллашга қарши, иммунитетни оширувчи хусусиятга эга. Япониялик олимларнинг таъкидлашича, бу ўсимлик женьшендан беш баробар кучли ҳисобланади. Ҳозирги вақтда Қозоғистон Марказий Осиёда бу ўсимликни экспорт қилувчи ягона давлат саналади - йилига 100-150 тоннагача хорижга сотади. Шу боис янги лойиҳада мазкур ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш кўзда тутилган. 3 минг гектар ерда уларни етиштириш 400 кишининг бандлигини таъминлайди.

Бундан ташқари, давлат раҳбарига 2018-2020 йилларда вилоятда ирригация-мелиорация тадбирларини амалга ошириш дастури, Бухоро шаҳрида реконструкция қилинаётган каналлар ҳақида сўзлаб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси ветеринария қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини Бухоро вилоятида бажариш чоралари тўғрисида ҳам маълумот берилди. Жумладан, аҳолига сифатли гўшт етказиб бериш, чорвадорликда қўлланиладиган вакцина ва антибиотиклар, ҳайвонларни сотиш, сотиб олиш ва ўзаро айрбошлашда соғлом ва ишончли муҳит яратиш каби масалаларга ойдинлик киритилди.

Президент Шавкат Мирзиёев лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича мутассадиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Абу Бакир Ўрозов, ЎзА
13 900