Президентимиз Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қурилиши билан танишди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди.Ўтганлар хотираси ёд этилиб, Қуръон тиловат қилинди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ушбу мажмуа қошида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази барпо этилмоқда.
Президентимиз Имом Бухорий мажмуаси, халқаро илмий-тадқиқот маркази ва ҳудудда жойлашадиган бошқа инфратузилма иншоотлари концепцияси билан танишди.
Мажмуа ҳудудида чойхона, савдо шохобчалари, фаввора ва бошқа зарур объектлар қуриш режалаштирилган. Икки ён томонда ландшафт дизайни асосида маҳаллий шароитга мос бутазор ва гулзорлар ташкил этиш мўлжалланган.
Давлатимиз раҳбари марказ концепциясида зиёратчиларга қулайликлар яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
Ушбу марказ ҳажга отланган зиёратчилар келиб, буюк алломаларимиз меросидан баҳраманд бўладиган илмий-маърифий маскан бўлиши зарур, деди Шавкат Мирзиёев. Бунинг учун зиёратчиларга ҳамма қулайликларни яратиш, хусусий меҳмонхоналар барпо этиш лозим. Бу ерга зиёратга келган одамларнинг ибодат қилиши билан бирга, ҳадис илмини ўрганиши учун ҳам барча шароит яратилади. Лойиҳани амалга оширишда буни алоҳида ҳисобга олиш зарур. Келажакда ушбу марказ муқаддас динимизни, аждодларимизнинг ҳадисшунослик ривожига қўшган беназир ҳиссасини тарғиб қиладиган маскан бўлиши лозим.
Президентимизнинг 2017 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бугунги кунда мазкур марказ қурилиши жадал давом этмоқда. 6 гектар майдонни эгаллаган ҳудудда ҳадисшунослик олий мактаби ҳам барпо этилмоқда. Марказ биносида ҳадис, калом ва қироат илмини ўрганишга мўлжалланган хоналар, қўлёзмалар кутубхонаси, музей ташкил этилади.
Давлатимиз раҳбари марказ қурилишини замонавий ва миллий меъморлик анъаналарини уйғунлаштирган ҳолда амалга ошириш, бунёдкорлик ишларида сифатли қурилиш материалларидан фойдаланиш, ҳудудда зиёрат туризмини кенг йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш юзасидан мутасаддиларга тавсиялар берди.