ЎзА Ўзбек

29.11.2018 18:07 Чоп этиш версияси

Президентимиз иқтисодий лойиҳалар билан танишди

Президентимиз иқтисодий лойиҳалар билан танишди

Шовот туманидаги “Katqal’a teks” қўшма корхонаси ҳудудида Хоразм вилоятини ривожлантиришга доир иқтисодий лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Мамлакатимизга чет эллик сармоядорларга юртимиздаги қулай инвестиция муҳитини кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли иш олиб борилмоқда. Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ташкил этилиб, инвесторлар ҳуқуқи мустаҳкамланди, хорижда Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигига оид тақдимотлар ўтказилмоқда. Жиззах вилоятининг сармоявий салоҳиятига бағишланган халқаро форум, яқинда пойтахтимизда ўтган туризм соҳасидаги биринчи инвестиция форуми хорижий ҳамкорлар топиш, улар билан истиқболли режалар тузишда муҳим омил бўлди.

Бу борадаги давлат сиёсати, хорижий инвесторларга яратилган кафолатлар, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудлар салоҳияти, имкониятлари Ўзбекистон инвестицион портали - www.invest.gov.uzда тарғиб қилинмоқда.

Президентимизга мазкур портал орқали чет эллик сармоядорларга тақдим этилаётган маълумотлар, ундаги иловалар ҳақида сўзлаб берилди.

Шавкат Мирзиёев инвестиция лойиҳалари, ресурслар, ишлаб чиқариш объектлари, нархлар, транспорт-логистика имкониятлари ҳақида хорижликларга кўпроқ маълумот бериш, юртимиз сармоявий салоҳияти ҳақида инвесторларда кўпроқ қизиқиш уйғотиш лозимлигини таъкидлади.

Малайзиянинг “Serba Dinamik Group” компанияси вице-президенти Палендран Палачандран давлатимиз раҳбарига “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида каустик сода ишлаб чиқариш заводи барпо этиш инвестиция лойиҳасини тақдим этди. Қиймати 250 миллион доллар бўлган лойиҳа 100 фоиз компания инвестицияси томонидан амалга оширилади. Корхона ишга тушгач, йилига 33 минг тонна каустик сода ва 30 минг тонна хлор ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

150 та иш ўрни яратиладиган корхонада йилига 35 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, тўлиқ экспорт қилиниши режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари малайзиялик инвесторга юртимизда яратилган шароитлар, инвестиция киритиш бўйича афзалликлар ҳақида сўзлаб берди. Инвестор ҳамкорлик қилиш учун тайёрлигини, компанияси бундан манфаатдорлигини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг Малайзия, Саудия Арабистони, Туркманистондаги элчихоналари томонидан вилоятда қатор хорижий инвестиция лойиҳалари олиб келинмоқда. Хусусан, Малайзиядаги элчихона томонидан қандолат маҳсулотлари, тиббий косметология хизматлари кўрсатиш эстетик маркази очиш, тайёр тўқимачилик ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт қилиш, Саудия Арабистонидаги элчихона томонидан Хива шаҳридаги Оллоқулихон ва Қутлуғ Мурод Иноқ мадрасаларини қайта таъмирлаб, меҳмонхоналар ташкил этиш, “Обод қишлоқ” дастури доирасида Хоразм вилоятига Ислом тараққиёт банкининг 100 миллион долларлик имтиёзли кредитини жалб этиш, Туркманистондаги элчихона томонидан воҳага сайёҳларни кўпайтириш юзасидан лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Тақдимот чоғида Президентимиз мазкур лойиҳаларнинг аҳамиятига эътибор қаратди. Ҳудудга жалб этиладиган хорижий инвестицияларни кўпайтириш юзасидан мутасаддиларга зарур тавсиялар берилди.

Вилоятда қуёш панеллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш, “GM O`zbekiston” АЖ Хоразм вилояти филиалида “Damas” ва “Labo” автомобиллари ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, “Ўзавтосаноат” АЖ томонидан Питнак шаҳрида замонавий иссиқхона барпо этиш, 2019 йилда кичик бизнес субьектларини қўллаб-қувватлаш истиқболлари, вилоятда инновацион технопарк ташкил этиш лойиҳалари билан ҳам танишиб, уларни тез вақтларда амалга ошириш, иш ўринларини кўпайтириш, экспорт ҳажмини ошириш юзасидан кўрсатма ва тавсиялари берди.

Матназар Элмуродов, ЎзА
5 252