Президентимиз Гулистон шаҳрида қурилган замонавий уйларни бориб кўрди
Мамлакатимизнинг барча шаҳарлари қатори Гулистон шаҳрида ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизнинг барча шаҳарлари қатори Гулистон шаҳрида ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.2015-2016 йилларда Гулистон шаҳрининг Ўзбекистон ва Бирлашган кўчаларида 180 хонадонга эга 15 кўп қаватли уй қурилди. Уйларнинг биринчи қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларига мўлжалланган.
Президентимиз шу уйлар жойлашган “Намуна” маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюрди. Маҳалла раиси ва фаоллари билан мулоқотда мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, одамларнинг турмуш даражаси ва ишончини ошириш, маҳалла идораларининг имкониятларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётан ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.
Мазкур маҳалла профилактика инспектори Санжар Муродов яқинда Гулистон давлат университети талабаси Ҳурриятхон билан оила қурган. Президентимиз жорий қилган тизимга мувофиқ янги қурилган уйлардаги хонадонлардан бири С.Муродов оиласига берилган.
Давлатимиз раҳбари Санжар Муродов хонадонида бўлди. Фуқаролар йиғини биносида маҳалла раиси, маслаҳатчилар ва профилактика инспектори ишлаши учун яратилган шароитлар билан танишди.
Шу ерда Гулистон шаҳрининг бош режаси асосида амалга ошириладиган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари тақдимоти ҳам ўтказилди.
Президентимиз бу иншоотларнинг ижтимоий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. Лойиҳаларни такомиллаштириш, қурилиш ишларини ўз вақтида, сифатли бажариш бўйича зарур тавсиялар берди.