ЎзА Ўзбек

29.08.2018 16:38 Чоп этиш версияси

Президент Тошкент металлургия заводи қурилиши билан танишди

Президент Тошкент металлургия заводи қурилиши билан танишди
Мамлакатимизда бунёд этилаётган йирик саноат корхоналари иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Тошкент вилояти Зангиота туманида барпо этилаётган Тошкент металлургия заводи шулардан бири.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 29 август куни ушбу корхона қурилиши билан танишди. 

Лойиҳа қиймати 286,7 миллион евролик мазкур корхонага Италия, Германия, Австрия, Россия каби давлатларда ишлаб чиқарилган илғор ва замонавий ускуналар келтирилади. Корхонада автомобиль кузовлари ва маиший техника учун металл листлар, металл черепицалар, профнастил тайёрланади. Корхона тўлиқ қувватда туширилгач, йилига 500 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилади, 700 га яқин иш ўрни яратилади. 

Президентимиз 2017 йил февраль ойида ушбу корхона қурилиши лойиҳаси билан танишиб, мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берган эди.

Ўтган давр мобайнида бу ерда кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Заводнинг металл конструкцияси қуриб битказилди. 

Шавкат Мирзиёев қурилиш жараёнини кўздан кечирди, заводнинг мамлакатимиз иқтисодиётидаги ўрнига тўхталиб, бу ерда ишлайдиган мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. 

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА
8 643