Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.07.2018 20:59 Чоп этиш версияси

Президент ташрифидан сўнг

БЕЛГИЛАНГАН ВАЗИФАЛАР ИЖРОСИ ТАЪМИНЛАНАДИ

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 29 июнь куни Тошкент шаҳри ва пойтахт туманлари ҳокимлари, мутасадди раҳбарлар иштирокида Олмазор туманида ўтказилган йиғилишда қатор долзарб масалалар бўйича аниқ вазифалар белгилаб, тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

Олмазор тумани ҳокимлигида Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, ҳокимлик мутасаддилари, фаоллар, маҳалла оқсоқоллари, имом-хатиблар, таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифаларнинг ижроси юзасидан ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди, маҳаллалар фаолиятини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилди. Уларга маҳалла аҳли билан мулоқотга киришиш, ижобий тажрибани ўрганиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш вазифалари топширилди.

Сенаторлар томонидан туман Кенгаши билан алоқаларни мустаҳкамлаш, депутатларнинг сиёсий ва ҳуқуқий билимларини янада юксалтириш, депутатлик назоратини амалга ошириш бўйича амалий кўникмаларни мустаҳкамлашга қаратилган бевосита мулоқотлар олиб борилмоқда.

Оммавий ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланган ҳолда, 58 маҳалла оқсоқолларининг аҳоли яшаш жойларини обод масканга айлантириш борасида қилинаётган ишлар, маҳаллалардаги камчиликлар ва муаммоларни ҳал қилиш йўллари, одамларнинг дунёқараши, бугунги ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини ошириш, сувдан оқилона фойдаланиш, тўйлар, оилавий тантаналарни ихчам, камхарж, ортиқча дабдабасиз ўтказиш бўйича фикр-мулоҳазалари матбуот ва телевидение орқали кенг ёритилди.

Мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш, ишламаётган корхоналар фаолиятини тиклаш, янгиларини ташкил этиш, тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ҳисобидан янги иш ўринларини яратиш, жумладан, инвестиция ва технологиялар жалб қилиш, туман ҳудудида 15 минг аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 4 та сектор кесимидаги дастурларни ҳаётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинмоқда. Шунингдек, Олмазор туманининг иқтисодий имкониятлари батафсил ўрганилиб, ишга солинмаган захиралар, хусусан, бўш турган бинолар инвентаризациядан ўтказилмоқда, улардан нима сабабдан фойдаланилмаётгани аниқланмоқда.

Маҳаллалардаги экологик вазият, ҳудуд тозалиги ва мавжуд сув тармоқларининг ҳолати билан ҳам яқиндан танишиб борилмоқда. Бу борада аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича мутасадди тузилмалар ҳамда аҳолига зарур кўрсатма, таклиф ва тавсиялар берилмоқда.

Олмазор туманининг янги маркази – «Olmazor city»ни барпо этиш масаласи ҳам халқ вакилларининг диққат марказидадир.

Бир сўз билан айтганда, Олмазор туманида Президентимиз томонидан белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш учун кенг жамоатчилик, депутатлар, сенаторлар бир ёқадан бош чиқариб амалий ишларни бошлаб юборди.

Толибжон МАДУМАРОВ,
Олий Мажлис Сенатининг Маҳаллий ҳокимият
вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга
кўмаклашувчи комиссияси раиси.



ЎзА
3 981