ЎзА Ўзбек

31.08.2019 Чоп этиш версияси

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи


Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар!

Муҳтарам меҳмонлар!

Хонимлар ва жаноблар!

Мана шу қувончли айёмда сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни Мустақиллик байрами билан чин қалбимдан табриклашга ижозат бергайсиз.

Бундан йигирма саккиз йил олдин Биринчи Президентимиз, муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримов халқимиз ва жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди.

Ўтган қисқа даврда жонажон Ўзбекистонимиз машаққатли, шу билан бирга, шарафли истиқлол йўлини босиб ўтди.

Бугун бир ҳақиқатни катта ғурур ва ифтихор билан айтишга тўла асосимиз бор: мард ва матонатли халқимиз қанчалик қийин ва оғир синовларга дуч келмасин, ўзининг мустаҳкам иродасини намоён этиб, ўзи танлаб олган мустақиллик йўлига доимо содиқ бўлиб келмоқда.

Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига дадил қадам қўймоқда. Мамлакатимизни модернизация қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонун устуворлигини таъминлаш асосида Ўзбекистоннинг янги, демократик қиёфаси яратилмоқда. Бу борада Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари”деган устувор ғоя биз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Миллий юксалиш деганда, биз мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва турмуш сифатини ҳар томонлама юқори босқичга кўтаришни тушунамиз.

Давлатимиз, эл-юртимизнинг салоҳияти ва куч-қудратига таяниб, табиий бойликларимиздан оқилона фойдаланиб, биз ўз олдимизга қўйган ана шундай мақсадлар сари изчил қадам қўймоқдамиз.

Ҳурматли анжуман қатнашчилари!

Биз бугун қандай ислоҳотларни, қандай ўзгаришлар, қандай янги лойиҳаларни амалга ошираётган бўлмайлик, уларнинг барча-барчаси ягона, улуғ бир мақсадга қаратилган. У ҳам бўлса, мана шу меҳнаткаш, заҳматкаш, олижаноб халқимизни рози қилиш, ҳаётнинг барча синовларини матонат билан енгиб яшаётган ватандошларимизнинг ишончини оқлаш, оғирини енгил қилишдан иборатдир.

Лекин ҳаммамиз яхши тушунамизки, бундай улуғ мақсадларга ўз-ўзидан, қуруқ ва баландпарвоз гаплар билан эришиб бўлмайди. Бундай марраларга фақат тинимсиз, оғир ва фидокорона меҳнат билан эришилади.

Шу мақсадда сўнгги йилларда давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, мамлакатимизнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтиш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Хусусий мулк ва тадбиркорлик учун кенг шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Макроиқтисодий барқарорлик таъминланмоқда.

Қишлоқ хўжалигида туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу йилги табиат қийинчиликларига қарамасдан, миришкор фермер ва деҳқонларимиз мардона меҳнат қилиб, кўплаб соҳаларда мўл ҳосил етиштирдилар.

Фурсатдан фойдаланиб, барча деҳқон ва фермерлар, дала меҳнаткашларини халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида эришаётган катта ютуқлари билан самимий табриклашни ўз бурчим, деб биламан.

Азиз дўстлар!

Юртимизда ижтимоий ривожланиш бўйича ўзига хос тизим шаклланмоқда. Бу борада “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус” каби дастурларимиз аҳолини янгича фикрлаш ва ишлашга сафарбар этишда муҳим роль ўйнамоқда. Бунинг натижасида юзлаб туман, шаҳар ва қишлоқларнинг меъморий қиёфаси тубдан янгиланмоқда.

Илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳаларида бўлаётган катта ўзгаришлар ҳам сизларга яхши маълум.

Биз умумтаълим мактабларида 11 йиллик тизимни тикладик. Мактаб таълимини ривожлантириш масаласи буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда олий таълим соҳаси ҳам жадал ривожланмоқда. Фақат кейинги уч йилда 35 та янги олий ўқув юрти ташкил қилинди ва уларнинг умумий сони 112 тага етди. Буларнинг 13 таси нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари эканини алоҳида таъкидлаш лозим.

Соғлиқни сақлаш соҳасининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш доимо эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Юртимизда кўплаб янги шифохоналар, тиббиёт марказлари, оилавий ва хусусий клиникалар фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Кейинги йилларда кам таъминланган, ногиронлиги бўлган инсонлар, ёшлар, хотин-қизлар, кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бу борада Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги, Ногиронлиги бўлган инсонларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилганини қайд этиш лозим.

Аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш биз учун энг долзарб вазифа бўлиб келмоқда. Бизнинг барча иқтисодий ва ижтимоий дастурларимиз, йирик инвестиция лойиҳаларимиз, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларимизнинг марказида айнан шу муҳим масала асосий мақсад ва вазифа бўлиб турибди.

Узоқ вақт давомида ўткир муаммо бўлиб келган аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича ҳам юртимизда янги давр бошланди, десак, хато бўлмайди.

Мамлакатимизнинг маданий ҳаётида ҳам улкан ўзгаришлар юз бермоқда. Биринчи марта Шаҳрисабз шаҳрида Халқаро мақом санъати анжумани, Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивали катта муваффақият билан ўтказилди. Куни кеча Самарқанд шаҳрида юксак савия ва баланд руҳ билан ўтказилган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали бетакрор мумтоз санъатимизни яна бир марта дунёга намоён этди. Сентябрь ойида эса Қўқон шаҳрида илк бор Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказамиз.

Биз маънавият ва маърифат ишини ватанпарварлик иши, виждон иши, деб биламиз. Виждони, маънавияти бор инсон Ватанни албатта яхши кўради. Виждон, маънавият дегани – халққа, Ватанга чин юракдан хизмат қилиш деганидир.

Мана шундай қараш бутун халқимиз, айниқса, ёшларимиз томонидан кенг ва қизғин қўллаб-қувватланаётгани маънавий тарбиянинг нақадар долзарб аҳамиятга эга эканини кўрсатади.

Азиз дўстлар!

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича мустақил сиёсатини қатъий давом эттирмоқда ва бу сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда.

Мамлакатимизда маҳбусларни афв этиш институти жорий этилди. Кейинги уч йилда етти марта афв эълон қилинди. Натижада қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 4 мингга яқин маҳбус жазони ўташ жойларидан озод этилди.

Куни кеча афв этиш ҳақидаги яна бир фармонга имзо чекдим. Унга кўра жазо муддатини ўтаётган 65 нафар фуқаро афв этилди.

Тасаввур қилинг, ўз уйига, яқинлари бағрига қайтаётган бу инсонларнинг, уларнинг ота-онаси, фарзандларининг қувончи, хурсандчилигини “ойнаи жаҳон” орқали кўрган одам, бу ҳақиқатан ҳам эзгу ва савобли иш эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилади.

Мустақиллик байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Жаслиқ қўрғонидаги жазони ижро этиш колонияси ёпилгани инсонпарвар сиёсатнинг яна бир ифодаси бўлди.

Бу тарихий қадам мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш вақтинчалик кампания эмас, балки давлат сиёсати даражасидаги узлуксиз жараён эканини кўрсатади.

Бугунги кунда Ўзбекистон ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳимоя қилишга қодир мамлакат сифатида ўзини намоён этмоқда.

Чет элларда ишлаётган ва таълим олаётган ватандошларимиз билан алоқалар мустаҳкамланиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланмоқда. Ўзбекистонга қайтиб, иш ёки ўқиш фаолиятини давом эттириш истагида бўлган фуқароларимиз учун зарур шароитлар яратилмоқда.

Бу йил 156 нафар ватандошимиз – асосан аёллар ва болалар жанговар ҳаракатлар давом этаётган Суриядан қайтариб олиб келинди ва уларнинг фуқаролик ҳуқуқлари тикланди.

Албатта, кечиримли, меҳр-оқибатли бўлиш халққа ҳам, Худога ҳам манзур бўлади. Мана шундай эзгу фазилатлар бизнинг бағрикенг халқимизни янада улуғлайди.

Ҳурматли ватандошлар!

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон ташқи сиёсат соҳасида ҳам фаол ва самарали фаолият олиб бормоқда. Узоқ ва яқиндаги барча давлатлар, халқаро ташкилотлар билан алоқаларимиз тобора кенгайиб, ривожланмоқда.

Аввало, Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик муносабатлари ўрнатилиб, ўзаро манфаатли алоқалар йўлга қўйилмоқда. Минглаб оддий одамларнинг чегаралардан бемалол ўтиши, минтақамиз бўйлаб эркин ҳаракатланиши, қариндош-уруғлари билан борди-келди қилишлари учун барча шароит яратилди.

Ўзбекистон минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда, Афғонистонда тинчлик ўрнатишга қаратилган мулоқотларда фаол иштирок этмоқда.

Буларнинг барчаси мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини оширишда, юртимизнинг дўстлари ва ҳамкорларини кўпайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, хайрихоҳ бўлиб келаётган, бугунги тантанада иштирок этаётган хорижий давлатларнинг муҳтарам элчиларига, халқаро ташкилотлар вакилларига, чет эллик шерикларимизга, Ўзбекистоннинг барча дўстларига самимий ҳурмат ва миннатдорлик билдиришга ижозат этгайсиз.

Муҳтарам юртдошлар!

Ҳаётимизда тинчлик-тотувлик, миллатлар ва динлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик мустаҳкамланиб бормоқда. Биз буни барча ислоҳотларимизнинг кафолати, энг муҳим натижаси, деб биламиз.

Бугунги кунда амалга ошираётган ислоҳотларимиз, халқ билан мулоқот давлат сиёсати даражасига кўтарилгани туфайли жамиятимизда очиқлик ва эркинлик муҳити тобора кучайиб бормоқда.

Одамлар ташаббус кўрсатиб, нафақат ўз шахсий муаммоси, балки кўпчиликнинг дарду ташвишларини ҳал қилиш учун давлат идоралари билан ҳамкорликда ишлашга ўрганмоқда.

Биласизлар, мен мамлакатимиз бўйлаб жуда кўп сафарларда бўламан. Жойларда, олис туман, қишлоқ ва овулларда бўлиб, янги-янги иқтисодий-ижтимоий лойиҳаларни жорий этишга, одамлар нима билан яшаяпти, уларнинг аҳволи, кайфияти қандай эканини яқиндан билишга, уларни қийнаётган муаммоларни ечиш учун ёрдам беришга интиламан.

Мана шундай очиқ, самимий мулоқотлар асосида бугун халқимиз билан кўп-кўп мураккаб, муҳим масалаларни биргаликда ҳал қилмоқдамиз. Ва бу одамларимиз қалбида келажакка ишонч уйғотиб, уларни янги, улкан марралар сари руҳлантирмоқда. Ҳеч шубҳасиз, бу – бизнинг энг катта ютуғимиздир.

Шу улуғ айёмда ҳар қандай оғир синов ва машаққатларда ҳам Ватанимиз мустақиллигини асраб, унинг барқарор тараққиётини таъминлаб келаётган мард ва бағрикенг халқимизга ҳалол ва фидокорона меҳнати, истиқлол ғояларига садоқати учун чуқур таъзим қиламан.

Муҳтарам ватандошлар!

Албатта, ҳаёт бор экан, унинг ўткир талаблари, муаммолари бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Лекин ҳар қандай муаммони оқилона ҳал қилиш учун, аввало, бирлик, ҳамжиҳатлик зарур.

Барчамизга, айниқса, раҳбар ва етакчиларга чуқур билим, ақл-заковат, сабр-тоқат керак. Шунинг учун “Жаҳолатга қарши – маърифат” деган фикрда катта маъно бор. Бу ғоя фақат диний тарбия билан боғлиқ ишларда эмас, балки ҳаётимизнинг барча соҳаларида ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Ҳар бир масалани маърифат асосида чуқур ўйлаб, халққа ҳурмат билан, такрор ва такрор айтаман, одамлар фикрини инобатга олиб, фақат қонун ва адолат мезонига таянган ҳолда ҳал этсак, эл-юртимиз биздан албатта рози бўлади.

Бугун замон ўзгарди. Энди ҳаммамиз эркинлик, очиқлик, ошкоралик шароитида ишлашга ўрганишимиз лозим. Барча ривожланган давлатлар, дунё ҳамжамияти шундай яшамоқда.

Даврнинг, ҳаётнинг кескин талабларидан орқада қолмаслик учун барчамиз ҳар куни ўқиб-ўрганишимиз, ўз устимизда ишлашимиз, билим ва савиямизни доимо ошириб боришимиз керак.

Бизнинг томирларимизда улуғ аждодларимизнинг қони оқмоқда. Буюк боболаримизнинг муносиб издошлари ва давомчилари бўлиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз, десам, ўйлайманки, барчангиз бу фикрга қўшиласиз.

Ўз Ватанини, она халқини равнақ топтириш учун ўзини аямасдан меҳнат қилиш: бу – жасорат ва мардлик, бу – она юртга муҳаббат ва садоқат, бу – тўғри тарбия ва амалий намуна демакдир.

Шу кунларда ўзининг фидокорона меҳнати билан мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб, барчага намуна бўлаётган юртдошларимизга марказда ва жойларда давлатимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари тантанали равишда топширилмоқда.

Эл-юртимизга садоқат билан хизмат қилиб, халқимиз ўртасида катта обрў-эътибор топган ана шундай ватандошларимизни ўз номимдан, сизларнинг номингиздан самимий табриклаб, эзгу тилакларимизни билдиришга рухсат этгайсиз.

Азиз дўстлар!

Бугун бир фикрни қатъият билан таъкидлашни зарур, деб биламан: Ўзбекистондаги демократик жараёнлар энди орқага қайтмайдиган, муқаррар тус олди.

Биз мана шу ёруғ кунлар учун курашиб, жон фидо этган ота-боболаримизнинг ҳаққи-ҳурмати, 33 миллионлик халқимизнинг ҳаққи-ҳурмати, бизга умид ва ишонч кўзи билан боқиб турган болаларимиз, набираларимизнинг ҳаққи-ҳурмати – мустақиллик ва истиқлол йўлидан ҳеч қачон қайтмаймиз!

Ўз мақсадларимизга албатта етамиз – келажаги буюк Ўзбекистонни барчамиз биргаликда барпо этамиз!

Қадрли ватандошлар!

Ҳаммамизга яхши маълумки, олдимизда катта сиёсий воқеа турибди. Шу йил декабрь ойида мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади.

Бу сайловлар миллий мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистонни дунёдаги ривожланган, демократик давлатлар қаторига кўтаришда яна бир муҳим амалий қадам бўлади.

Бу сайловлар бутун халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг орзу-интилишларини ифода этиб, улар учун янги имкониятлар очиб беради, деб ишонаман.

Бугунги кунда қанча-қанча билимли, нуфузли хорижий университетларда таҳсил олган, чет тилларни, замонавий бошқарув усулларини яхши биладиган навқирон ёшлар ҳаётимизга кириб келмоқда.

Улар бизнинг умидимиз, эртанги кунимиз. Шунинг учун ёшларга кенг йўл очиб бериш, эҳтиёж ва манфаатларини таъминлаш, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, ҳаётда ўз ўрнини топишига ёрдам бериш, уларга масъул лавозимларни ишониб топшириш бундан буён ҳам доимо эътиборимиз марказида бўлади.

Азиз фарзандларимиз эл-юртимизнинг ана шундай юксак эътиборига муносиб бўлиб, ўз салоҳияти билан, миллий ғоямизга садоқати билан Ўзбекистонимизни бутун дунёга тараннум этишларига ишонаман ва бу йўлда уларга бахт ва омад тилайман.

Муҳтарам ватандошларим!

Сизларни Ўзбекистон давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрами билан яна бир бор чин дилдан самимий табриклайман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, янги-янги ютуқлар, оилавий хотиржамлик ёр бўлсин, фарзандлар, набираларнинг бахту камолини кўриш насиб этсин!

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, жонажон Ўзбекистонимиз омон бўлсин!

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!


22 503
ЎзА