ЎзА Ўзбек

21.01.2019 Чоп этиш версияси

Президент Шавкат Мирзиёев Мюнхен шаҳрига келди

Президент Шавкат Мирзиёев Мюнхен шаҳрига келди
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Германия Федератив Республикасида бўлиб турибди.

Олий даражадаги учрашувларнинг асосий тадбирлари 21 январь куни Берлиндаги Бельвю саройида бўлиб ўтди. 

Президент Шавкат Мирзиёев Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер, Федерал канцлер Ангела Меркель ва Бундистаг Раиси Вольфганг Шойбе билан музокаралар ўтказди. 

Кунинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Президенти Берлиндан Мюнхен шаҳрига келди. Ташриф дастурига мувофиқ давлатимиз раҳбари 22 январь куни Бавария Бош вазири Маркус Зёдер ҳамда Германиянинг етакчи ишбилармон ва молиявий доиралари вакиллари билан учрашиши кўзда тутилган. 

Ўзбекистон делегацияси учун ажратилган қароргоҳ олдида Президент Шавкат Мирзиёевни кенг жамоатчилик вакиллари кутиб олди. Давлатимиз раҳбари Баварияда ўқиётган, ишлаётган ўзбекистонлик ёшлар билан суҳбатлашди. 

– Германияга ташриф давомида жуда катта келишувларга эришилди. Сизлар бу ерда ўқиб, замонавий билимларни эгаллаб, Ўзбекистоннинг янада тараққий этишига ўз ҳиссангизни қўшасизлар, деб ўйлайман. Яқин йилларда Ватанимиз ҳам дунёнинг энг ривожланган давлатлари сафига киришига ишонаман, – деди Шавкат Мирзиёев. 

Ўз навбатида ёшлар ҳам давлатимиз раҳбарига Ўзбекистонда олиб борилаётган улкан ўзгаришлар, ёшлар дунёнинг исталган мамлакатида замонавий билим олиши учун яратилаётган шароитлар учун миннатдорлик билдирди. 

Абу Бакр Ўрозов,
Аъло Абдуллаев, ЎзА махсус мухбирлари
Мюнхен.