Президент Шавкат Мирзиёев араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида иштирок этди
Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити бўлиб ўтди.
Ар-Риёд, 21 май. ЎзА махсус мухбири Абу Бакир Ўрозов хабар қилади.Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити бўлиб ўтди.
Саммитда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари ва АҚШ Президенти, БМТ, Араб давлатлари лигаси, Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлиги кенгаши бош котиблари иштирок этди.
Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд форум иштирокчиларини қутлар экан, уларнинг иштироки саммит нуфузини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Мазкур форум экстремизм ва терроризмга қарши курашиш, бағрикенглик ғояларини илгари суриши, хавфсизлик, барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, терроризм ва зўравонликка қарши биргаликда курашиш араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити кун тартибидаги асосий масала ҳисобланади. Тинчликка таҳдидларнинг олдини олиш, барча давлатларнинг миллий-диний қадриятлари ва маданиятларини сақлаш саммит иштирокчилари диққат эътиборида бўлди.
Бу борада мамлакатимизда мустақиллик йилларида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Биринчи Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилган ва бугун изчил давом эттирилаётган тинчликпарвар сиёсат бу эзгу интилишларга таянч бўлмоқда. Марказий Осиёнинг ядро қуролидан холи ҳудудга айлантирилиши тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ишига катта ҳисса бўлиб қўшилди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 1999 йилги Истанбул саммитида БМТ ҳузурида терроризмга қарши курашиш бўйича халқаро марказ ташкил этиш ғоясини илгари сурди. 2001 йил 28 сентябрда БМТ Хавфсизлик кенгаши доирасида терроризмга қарши кураш қўмитасининг ташкил этилгани бу ғоянинг амалдаги натижаси бўлди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг ҳуқуқий базасини, халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари ўрин олган.
Ўзбекистон айни пайтда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислик қилмоқда. 2016 йилда Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси бўлиб ўтди. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, маърифат ва таълим башарият тараққиёти ва фаровонлигининг асосий омилларидан бири бўлиб, инсонларни эзгуликка чорлаши, меҳр-мурувватли ва сабр-қаноатли бўлиш каби юксак фазилатларни тарбиялашини қайд этди.
Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити ислом дини нуфузини янада ошириш, давлатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, терроризм, экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, қурол-яроғ ва наркотик моддалар контрабандасига қарши курашда муҳим омил бўлади.
Саммит доирасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев бир қатор давлат раҳбарлари билан мулоқотда бўлди.
Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп давлатимиз раҳбари билан учрашувда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнини юқори баҳолади.
Президент Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Навоз Шариф, Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Мевлуд Човушўғли билан учрашиб, давлатларимиз ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашди.
Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп давлатимиз раҳбари билан учрашувда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнини юқори баҳолади.
Президент Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Навоз Шариф, Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Мевлуд Човушўғли билан учрашиб, давлатларимиз ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашди.