ЎзА Ўзбек

21.08.2019 Чоп этиш версияси

Президент мактабида энг истеъдодли ёшлар таълим олади

Президент мактабида энг истеъдодли ёшлар таълим олади

Давлатимиз раҳбари ўтган йили Қорақалпоғистонга ташрифи доирасида мамлакатимизни янги тараққиёт босқичига кўтаришда, энг аввало, салоҳиятли янги авлод кадрларини тайёрлаш зарурлиги, бунинг учун юртимизнинг ҳар бир ҳудудида биттадан янги типдаги мактаблар – Президент мактаблари ташкил этилишини алоҳида таъкидлаган эди.

Президентимиз жорий йилнинг 20 фeвралида “Прeзидeнт мактабларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат ижроси доирасида, Прeзидeнт мактаблари мамлакатнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич ташкил этилмоқда.

Айни пайтда Нукус, Наманган, Хива ва Тошкент шаҳрида Президент мактаблари қурилиши жадал давом этмоқда.

ca9d9da3-b204-3a46-10bb-0faaed170aaa.jpg

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташрифининг иккинчи куни Нукус шаҳридаги Президент мактабида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишди. 

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетига тегишли ҳудудда қурилаётган ушбу таълим муассасасига жорий йилнинг март ойида тамал тоши қўйилган. Икки гектар ҳудудда замонавий ўқув биноси, ётоқхона, ошхона, стадион қурилмоқда.

f62453e7-6cd2-ab7f-990b-0f6fc79fcbf1.jpg

Президент мактабларини ташкил этишдан асосий мақсад мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларнинг ривожланишига керакли шароитлар яратишдир. Энг қобилиятли ўқувчилар танлаб олинадиган бу мактабда ёшларга математика, физика, кимё, биология ва ахборот технологиялари ҳамда хорижий тиллар илғор таълим методологиялари асосида чуқур ўргатилади. 

Шу билан бирга, мактабларга малакали хорижлик ҳамда маҳаллий педагоглар жалб этилади. Уларнинг фаолияти учун керакли шарт-шароитлар яратилади. 

Мазкур мактабларга қабул Халқ таълими вазирлиги томонидан юртимиз таълим муассасаларининг 4-синф битирувчилари орасида белгиланган тартибда ўтказиладиган мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон натижаларига кўра амалга оширилмоқда. Ҳар бир мактабнинг йиллик қабул квотаси 24 нафар ўқувчидан иборат бўлиб, иккита синфга бир хил – 12 нафардан ўқувчи тақсимланади. Биринчи ўқув йилида эса ҳар бир Президент мактабининг 5-10-синфларига жами 144 нафар ўқувчи ўқишга қабул қилинди.

d32092dd-e174-8fd4-dc05-1a5e64718d57.jpg

Ўқув жараёни хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режа ва дастурлари бўйича инглиз тилида амалга оширилади ва “STEAM - таълим” (Science - табиий фанлар, Technology - технология, Engineering - техник ижодкорлик, Art - санъат, Mathematics - математика) дастури асосида олиб борилади.

Президент мактабининг 9-11-синфларида таълим олиш ўқувчиларнинг қизиқишига кўра айрим фанни танлаш ва уларни ўрганиш даражасини инобатга олган ҳолда индивидуал ўқув жараёни асосида амалга оширилади.

Мактаблар битирувчилари белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels)га эга бўлади. Бу эса ўз навбатида хорижий олий ўқув юртларига кириш имконини беради.

Президент мактабларига қабул имтиҳонлари Кембриж университетининг Cambridge Assessment International Education бренди остида фаолият юритувчи Имтиҳон кенгаши томонидан амалга оширилди. Нукусдаги Президент мактабига ўқишга 7 мингдан ортиқ ўқувчи ҳужжат топширган. Шулардан энг иқтидорли 144 ўқувчи ўқишга қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбари таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, Президент мактаблари юртимизда таълим сифатини оширувчи локомотив бўлишини қайд этди.

Шавкат Мирзиёев мактабнинг биноси ҳам, маърифати ҳам мукаммал бўлиши кераклигини, шунинг учун уни шошмасдан, сифатли қуриб, Конституция байрамида фойдаланишга топшириш зарурлигини таъкидлади. Унгача ўқувчилар бошқа бинода ўқиб туради. 

Давлатимиз раҳбари мазкур билим даргоҳи учун педагоглар қандай танланаётгани билан қизиқди.

– Бу мактабларнинг ўқитувчиси ҳам, ўқувчиси ҳам энг намунали бўлиши лозим, деди Президент. – Чуқур билим билан бирга маънавият, ватанпарварлик ҳисси ҳам сингдирилиши зарур. Бу ерга билимли болалар келиши учун ҳар бир туманда базавий боғча ва мактаблар шаклланиши лозим. Шунда умумий билим, савия, таълим муҳити ўзгаради.

Шу ерда Президентимизга Нукус шаҳри бош тархи, “Нукус сити” қуриладиган ҳудуд ҳақида ҳам маълумот берилди.

64bedf83-5f2b-1611-dff1-663fca335495.jpg

0d7ba1cb-0905-5a02-9f70-05a299539e15.jpg

2b2d072d-576b-8615-05b3-8297e037bcd5.jpg

936bb90a-0e83-1bfd-68a2-17d6c802c5cf.jpg

62287c83-4848-12c8-d84d-359f30ee344c.jpg

58943661-2145-4bc4-72b4-f8af4b0ca7db.jpg

fd59f2a1-53cb-c64e-4f8b-48d7f2d9eff0.jpg

5 028
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,ЎзА