Давлатимиз раҳбари Тошлоқ туманидаги «Уз-Сеганг» қўшма корхонасида иш жараёни билан танишди.
Давлатимиз раҳбари Тошлоқ туманидаги «Уз-Сеганг» қўшма корхонасида иш жараёни билан танишди.
Фарғона вилоятидаги 6 та ихтисослашган туманда 20 та мева-сабзавотчилик ва узумчилик кластери ташкил этилган. Бу йил уларда 288 минг тонна маҳсулот етиштирилиб, 120 минг тоннасини экспортга йўналтириш режалаштирилган. Бунинг учун сиғими 330 минг тоннадан ортиқ бўлган музлаткичли омборхоналар, 25 та логистика маркази, 90 та қайта ишловчи корхона фаолият кўрсатмоқда.
Масъулияти чекланган жамият шаклидаги «Уз-Сеганг» қўшма корхонаси йилига 16 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш қувватига эга. Бу ерда 100 миллиард сўм эвазига замонавий логистика маркази ташкил этилган. Италия, Туркия, Жанубий Корея ва Хитойдан илғор технологиялар келтириб ўрнатилган.
Масалан, Италиянинг ICEOL технологияси гилосни ранги ва катталиги бўйича саралаб қадоқлайди. Сифатсизларини лазер нури орқали аниқлаб, алоҳида жойлайди. Жанубий Кореядан келтирилган SNP линияси анорни худди шундай саралайди. Меванинг ичидаги пишмаган ёки чирий бошлаган жойни ҳам аниқ кўрсатади. Бу харидорлар ишончини қозониб, экспортни ривожлантиришда муҳим ўрин тутмоқда. Корхона маҳсулотлари “Global G.A.P.” халқаро сертификатига эга.
Жорий йилда Хитой, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Польша, Россия, Қозоғистон каби давлатларга 20 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинади. Компанияда 250 нафар йигит-қиз иш билан таъминланган.
Президентимиз бу корхонани доимий хомашё билан таъминлаш масаласига аҳамият қаратди. Бунинг учун унга ҳудуддаги боғларни бириктириш, янги боғлар ва лаборатория ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.