ЎзА Ўзбек

31.01.2020 Чоп этиш версияси

Президент Геология фанлари бўйича университетга тамал тоши қўйди

Президент Геология фанлари бўйича университетга тамал тоши қўйди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 январь куни пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Олимлар кўчасидаги илмий-тадқиқот институтларига ташриф буюрди.

Мазкур ҳудудда илм-фанннинг турли йўналишларида бир неча илмий-тадқиқот институти фаолият олиб боради.

2020 йил мамлакатимизда Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилинди. Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида шу борадаги мақсадларга тўхталар экан, ҳар йили илм-фаннинг бир нечта устувор йўналишини ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.

Жорий йилда математика, кимё-биология, геологияда фундаментал ва амалий тадқиқотлар фаоллаштирилиб, олимларга барча шарт-шароитлар яратилиши белгиланди.

Бугунги кунда ер қаърини геологик ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимидаги 4 та муассаса – Геология ва геофизика институти, Гидрогеология ва инженерлик геологияси институти, Минерал ресурслар институти, Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти томонидан олиб борилади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мазкур институтлар негизида яхлит мажмуа – замонавий Геология фанлари университети ташкил этилиши режалаштирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 31 январь куни ушбу янги университет кампусига тамал тоши қўйди.

Мазкур муассаса таълим ва илм-фан кластери шаклида бўлади. 4 та институтнинг моддий-техник базаси ва илмий кадрлар салоҳияти бирлаштирилиб, энг илғор ускуналар билан жиҳозланади. Санкт-Петербург тоғ-кон университети ва бошқа нуфузли даргоҳлар билан ҳамкорликда таълим дастури йўлга қўйилади.

Давлатимиз раҳбари шу ерда илмий-тадқиқот институтлари ходимлари, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан суҳбатлашди.

Ўзбекистон замини олтин, уран, мис, калийли тузлар, фосфоритлар ва каолин каби фойдали қазилмаларнинг муҳим турлари захира ва ресурслари бўйича жаҳон етакчиларининг кучли ўнталигига киради. Энг муҳим табиий бойликлар орасида газ, нефт, кўмир каби ёқилғи-энергетика ресурслари мавжудлиги мазкур бойликлар қийматини янада оширади.

Тоғ-кон саноати захиралари бўйича айни пайтга қадар мамлакатимизнинг 20 фоиз майдони ўрганилган. Бу, ўз навбатида, келажакда янги ва йирик конларни очиш истиқболлари мавжудлигидан далолат беради. Янги ташкил этиладиган университет бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

– Бир пайтлар Ўзбекистонда геология анча ривожланган, рақобатбардош соҳа эди. Ҳатто бошқалар келиб, юртимиз мутахассисларидан тажриба ўрганиб кетарди. Лекин охирги ўттиз йилда бу соҳа эътибордан четда қолиб кетди. Бор салоҳиятни сақлаб қололмадик. Олимларга йўналиш, рағбат бўлмади. Замонавий кадрлар етишиб чиқмади. Аслида, геологик тадқиқотлар иқтисодиётнинг ҳамма соҳалари учун керак. Ташхиссиз беморни операция қилиб бўлмаганидек, геологиясиз саноатни ривожлантириб бўлмайди. Биз бугун шу соҳа ривожига асос бўладиган илм даргоҳига пойдевор қўймоқдамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари Геология фанлари университети қурилишига оид лойиҳалар билан танишди. Ўқув бинолари ва лабораторияларни чет эл тажрибаси ҳамда касб спецификасидан келиб чиқиб қуриш, майдонлардан самарали фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берди.

10 965
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА