ЎзА Ўзбек

29.08.2018 13:44 Чоп этиш версияси

Президент Бекободни янада обод қилиш юзасидан муҳим топшириқлар берди

Президент Бекободни янада обод қилиш юзасидан муҳим топшириқлар берди
Президент Шавкат Мирзиёев 29 август куни Тошкент вилояти Бекобод шаҳрига ташриф буюриб, “Ўзбекистон металлургия комбинати» акциядорлик жамияти фаолияти билан танишди. 

Мамлакатимизнинг энг йирик ишлаб чиқариш объектларидан бири бўлган ушбу комбинатда қора металл парчалари ва чиқиндилар қайта ишланиб, сирланган идишлар ва бошқа халқ истеъмоли маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Президентимизнинг 2018 йил 9 январдаги "2018-2020 йилларда "Ўзметкомбинат" АЖни ривожлантириш дастури тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида комбинатда катта ҳажмдаги иқтисодий лойиҳалар амалга оширилиб, яхши натижа бермоқда. 

Ферроқотишмалар ишлаб чиқариш цехи шулардан биридир.

Давлатимиз раҳбари лойиҳа қиймати 60 миллион доллар бўлган, замонавий, энергия тежовчи ва илғор технологиялар билан жиҳозланган ушбу цехни тантанали равишда ишга туширди. 

Тадбирда корхона ишчилари, соҳа мутасаддилари, хорижлик инвесторлар иштирок этди.

Ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, қўшимча ишлаб чиқариш объектларини қуриш, янги иш ўринлари яратиш керак, деди Президентимиз.

Жанубий Кореянинг «Posco Daewoo» компанияси билан ҳамкорликда қурилган цехда йилига 25 минг тонна ферросилиций ва ферросиликомарганец қотишмалари ишлаб чиқарилади. Бу металл маҳсулотлар тайёрлайдиган тармоқлар талабини тўлиқ қондириш билан бирга, йилига ўртача 8 минг тонна ферроқотишмани экспорт қилиш ва 12 миллион доллар миқдоридаги валюта тушумини таъминлаш, импортни қисқартириш имкониятини яратади. Бу ерда 300 дан зиёд йигит-қиз иш билан таъминланади.

Президентимиз қуйиш-прокатлаш мажмуасини қуриш лойиҳасини амалга оширишни бошлаш учун тамал тоши қўйди.

Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 452 миллион доллар бўлиб, 400 дан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилади. Лойиҳа 2020 йилда тўлиқ ишга туширилиб, йилига 1 миллион тонна 2-12 миллиметр қалинликдаги қўшимча пўлат лист маҳсулотини ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Натижада пўлат листлар импорти камаяди. Йилига 350 миллион доллар валюта иқтисод қилинади. Шунингдек, янги қурилаётган Тошкент металлургия заводининг асосий хомашёси бўлган иссиқ ҳолатда прокатланган листларга бўлган 500 минг тонна йиллик эҳтиёж тўлиқ қопланади. Қуюв-прокат мажмуасининг қурилиши Италиянинг “Даниели” компанияси томонидан амалга оширилади.

Шавкат Мирзиёев комбинат ишчи-ходимлари билан суҳбатлашди. Уларнинг самарали меҳнат қилиши ва дам олиши учун яратилган шароитлар билан қизиқди.

Тошкент вилоятининг инвестиция салоҳияти, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида 2018-2019 йилларда амалга ошириладиган лойиҳалар билан танишди.

Лойиҳаларни янада такомиллаштириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Давлат раҳбарининг Тошкент вилоятига ташрифи давом этмоқда.

Алоуддин Ғаффоров, ЎзА
6 160