ЎзА Ўзбек

02.11.2012 16:43 Чоп этиш версияси

Парламентлараро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитасида Буюк Британия Парламентининг “Британия-Ўзбекистон” умумпартиявий гуруҳи раиси, лорд Жон Вейверли билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Буюк Британия ўртасидаги алоқалар кўплаб жабҳаларда, жумладан, парламентаризм соҳасида ҳам изчил ривожланиб бораётгани, бу йўналишдаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш учун икки томонда ҳам қизиқиш катта экани алоҳида таъкидланди.

Мамлакатларимиз ўртасида имзоланган даромадларнинг икки томонлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик ҳамда даромад ва капитал солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилишга, инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилишга, иқтисодиёт, таълим, фан ва маданият ҳамда ҳаво транспорти алоқаси, шунингдек, сайёҳлик соҳаларидаги ҳамкорликка оид битимлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзаро савдо-иқтисодий муносабатларни изчил ривожлантириш ҳамда икки мамлакат ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон-Буюк Британия кенгаши мажлислари мунтазам ўтказиб келинаётир. 2011 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 177,5 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Ўзбекистонда британиялик сармоядорлар билан ҳамкорликда тузилган 437 корхона, Буюк Британиянинг 86 фирма ва компанияси ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда.

Мамлакатларимиз ўртасида маданий-гуманитар алоқалар ҳам изчил равнақ топмоқда. Хусусан, 2002 йили ўз фаолиятини бошлаган Тошкент Халқаро Вестминстер университети таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорликка ёрқин мисол бўла олади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида бўлган учрашувда парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

– Парламентлараро алоқаларимиз изчил ривожланаётганидан ғоят мамнунмиз, – деди Жон Вейверли. – 2010 йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Буюк Британия Парламенти билан ҳамкорлик бўйича гуруҳи ҳамда Буюк Британия Парламентининг “Британия-Ўзбекистон” умумпартиявий гуруҳи ўртасида имзоланган англашув меморандуми мамлакатларимиз ўртасида парламентаризм соҳасидаги муносабатларни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий муносабатларни жадал тараққий эттиришга катта ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Мамлакатларимиз ўртасида кенг кўламли ҳамкорлик алоқаларини янада тараққий эттириш тарафдоримиз.

Шу куни Жон Вейверли Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясига ташриф буюрди. Буюк Британия Парламенти фаолиятига бағишланган “Очиқ Парламент” ҳужжатли фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Буюк Британия Парламентининг “Британия-Ўзбекистон” умумпартиявий гуруҳи раиси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида ҳам музокара ўтказди.

Меҳмон Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фаолияти билан танишди.


ЎзА, Нодира Манзурова
9 332