ЎзА Ўзбек

17.10.2012 16:05 Чоп этиш версияси

Парламент назоратининг ҳуқуқий асослари

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш шароитида парламент назорати ҳуқуқий асосларининг такомиллаштирилиши масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг ижроси юзасидан давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрловчи комиссия томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда судьялар, олимлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари, мазкур комиссия раиси Б.Мирбобоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов, адлия вазирининг биринчи ўринбосари Е.Каньязов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим йўналиши сифатида парламентнинг роли ва аҳамиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Парламент томонидан қонун ижодкорлиги фаолияти билан бир қаторда назорат ваколатлари ҳам амалга оширилаётгани, қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари ижросини назорат қилиш институти шакллангани қонун устуворлигини таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган ва 2011 йил 18 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги қонун парламентнинг роли ва аҳамиятини ошириш борасида яна бир муҳим қадам бўлди.

Демократик ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштиришга йўналтирилган, хусусан, парламентнинг давлат ҳокимиятининг вакиллик органи сифатидаги ролини ошириш мақсадида парламент назоратининг қонуний асослари янада такомиллаштирилмоқда. Айни вақтда парламент назорат ваколатларининг амалга оширилишини тартибга солиш мақсадида “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилишни давр тақозо этмоқда.

Давра суҳбатида парламент назоратини такомиллаштириш ва унинг қонунчилик асосларини белгилаб олиш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.


ЎзА, Норгул Абдураимова
8 589