ЎзА Ўзбек

13.04.2019 21:04 Чоп этиш версияси

Қозоғистонда Ўзбекистон йили: ҳамкорликдаги лойиҳалар сарҳисоби

Қозоғистонда Ўзбекистон йили: ҳамкорликдаги лойиҳалар сарҳисоби

Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари 2017 йилнинг сентябрь ойида 2018 йилда Қозоғистонда Ўзбекистон йили ҳамда 2019 йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йилини ўтказишга келишиб олган эди.

Шу муносабат билан Қозоғистонда кенг нишонланган Ўзбекистон йили доирасида иқтисод, туризм ва маданий-гуманитар соҳаларда 100 дан зиёд қўшма тадбирлар, маърифий учрашувлар, турли фестивал ва ижодий кечалар ўтказилди. Икки мамлакат санъат намояндаларининг ўзаро ташрифлари амалга оширилди. Ўзбек Миллий академик драма театри, Навоий вилояти ижодий жамоаларининг гастроль сафарлари қўшни Қозоғистон вилоятларида катта қизиқиш билан қарши олинди.

Қуйида ўтган йилда ҳамкорликда эришилган ютуқлар ва муҳим тарихий воқеалар қисқа сатрларда келтирилади.

***

01.jpg

2017 йил, 16-17 сентябрь

Козоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлди. Мазкур ташриф давомида олиб борилган музокаралар якуни бўйича икки давлат раҳбарлари 2018 йилни Қозоғистонда Ўзбекистон йили сифатида нишонлашга келишиб олдилар. 2019 йил эса Ўзбекистонда Қозоғистон йилини ўтказиш режалаштирилган.

Икки давлат раҳбарлари мазкур ташаббус доирасида қардош халқларимиз ўртасидаги яқин муносабатларни янада чуқурлаштиришга хизмат қиладиган қатор тадбирлар ўтказилишини қайд этишди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотлади.

***

03.jpg

2018 йил, 17 январь

Олмаотада Қозоғистон ва Ўзбекистон олимларининг қурултойи бўлиб ўтди. Унда Буюк ипак йўлининг аҳамияти ва маънавий меросни қайта тиклаш масалалари муҳокама қилинди. Қурултойда икки мамлакатдан 100 нафарга яқин социолог ва маданиятшунос олимлар иштирок этди. Ўзбекистонлик олимлар ҳар икки мамлакат маданий-маъанвий меросини ҳамкорликда ўрганиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

***

04.jpg

2018 йил, январь

Қозоғистон «НК «Kazakh Tourism» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Рашид Кузембаев Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда қўшма сайёҳлик йўналишларини ишлаб чиқаётганини маълум қилди. Унинг билдиришича, Қозоғистонда ўтказиладиган Ўзбекистон йили доирасида Буюк ипак йўли бўйича трансмиллий турларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Бизнес-форумлар ташкил этилиб, туроператорлар учрашувлари ўтказилади.

***

05.jpg

2018 йил, 3 февраль

«Ўзбеккино» миллий агентлиги Бош директори ўринбосари Шуҳрат Ризаев 3 февраль куни Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси билан учрашувда ҳар икки мамлакат кино режиссёрлари, сценарийнавислари ва операторлари иштирокида ижодий гуруҳ ташкил этиш таклифини билдирди.

“Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг нишонланиши киноларимизни нафақат йирик шаҳарлар, вилоятларда намойиш этиш, балки Ўзбекистонда Қозоғистон киноси кунлари ва аксинча Қозоғистонда Ўзбекистон киноси кунларини ўтказишн имконини беради”, – деди Шуҳрат Ризаев.

Учрашув якунлари бўйича киноматография соҳасида ҳужжатли, бадиий ва бадиий-публицистик кинолар бўйича лойиҳаларни амалга ошириш имконини берадиган "Йўл харитаси" ишлаб чиқиш режалаштирилди.

***

06.jpg

2018 йил, 14 март

Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг очилиши арафасида Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазири Аристанбек Мухамедиули ҳамкорликда тарихий фильм яратиш режаси борлигини маълум қилди.

“Ўзбек ҳамкасбларимиз билан тарихий фильм суратга олиш масаласини кўриб чиқяпмиз. Зеро, тарихимиз муштарак", – деди Аристанбек Мухамедиули икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Қозоғистон ҳукуматлараро комиссиясининг 17-мажлисида.

***

07.jpg

2018 йил, 14 март

Қозоғистон Республикаси инвестициялар ва ривожланиш вазири Женис Касимбек Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасида автобус, авиа ва темир йўл қатновлари сонини ошириш борасидаги режалар ҳақида маълум қилди.

09.jpg

“Ўтган йили бизда автобус қатновлари умуман йўқ эди. Куз ойларидан бошлаб Тошкент-Чимкент йўналишида автобус қатновлари йўлга қўйилди. Бугун автобусларда йўловчилар сони кўплигини кўряпмиз. Шу боис, айни пайтда Тошкентдан Остона ва Олмаотага автобуслар қатновини йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб боряпмиз. Бу қатновлар йўналишига Таразни ҳам қўшиш таклифини билдирдик. Ўзбекистон томони бизга Самарқанд ва бошқа сайёҳлик шаҳарларини ҳам кўриб чиқишни таклиф этди. Остона ва Тошкент ўртасидаги авиақатновлар сонини тўрттадан еттитагача, Олмаота ва Тошкент ўртасидаги қатновларини эса еттитадан ўнтагача кўпайтирамиз”, – дея таъкидлади вазир.

Женис Касимбек, шунингдек, “Олмаота-Тошкент” поезди қатнови даврийлигини ошириш ҳақида ҳам эслатиб ўтди. Мазкур поезд 18 мартдан бошлаб ҳафтасига уч марта, апрелдан бошлаб эса Самарқанд-Остона йўналиши бўйича қатнайдиган темирйўл йўловчи поездлари мунтазам қатнайди.

***

10.jpg

2018 йил, 15 март

“Остона опера” театрида тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Президентлари ва Марказий Осиё давлатлари делегациялари аъзолари, дипломатик корпус вакиллари, хорижлик фахрий меҳмонлар иштирок этди.

11.jpg

Маросимда Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев нутқ сўзладилар. Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари мазкур йирик тадбир икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнашини таъкидладилар.

12.jpg

Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев икки томонлама муносабатларни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни биринчи даражали “Дўстлик” ордени билан мукофотлади.

***

13.jpg

2018 йил, 24 март

Тошкент шаҳридан Тошкент-Чимкент веломарафони старт олди. Тадбир Чимкент ҳокимияти ташаббуси билан Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди. Унда 130 дан ортиқ иштирокчи қатнашди. Йўналишнинг умумий узунлиги 125 км.ни ташкил этди.

***

14.jpg

2018 йил, 27 март

Қозоғистон Мусулмонлар маънавий бошқармаси раиси Серикбай ҳожи Оразнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида икки мамлакат диний байрамларига оид умумий фатво киритиш тўғрисидаги ҳужжат имзоланди.

15.jpg

Қозоғистон Олий муфтийси илгари ҳар икки мамлакатда диний байрамлар саналари бўйича фарқ бўлганини қайд этди. Шунингдек, меморандумга кўра, икки мамлакат фуқароларига Ўзбекистон – Қозоғистон ҳудудида жойлашган маданий-тарихий муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш имкони тақдим этилди.

***

16.jpg

2018 йил, 10-14 май кунлари

Ўзбек Миллий академик драма театри ижодий жамоасининг Жанубий Қозоғистон вилоятига гастроль сафари ташкил этилди. Ўзбекистон театр жамоаси қозоқистонлик томошабинлар учун Эркин Хушвақтовнинг “Кўнгил” комедиясини намойиш этди. Спектакль Сайрам туманидаги Карабулак қишлоғи маданият уйида ҳамда Ж.Шанин номидаги вилоят академик театрида ҳам намойиш этилди.

***

17.jpg

2018 йил, 23 май

Чимкентда Ўзбекистон – Қозоғистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда 62 миллион долларлик 8 та ҳужжат имзоланди. Жанубий Қозоғистон вилоятининг тўқимачилик тармоғи учун сармоя киритиш, «Оңтүстік» махсус иқтисодий зонасида тўқмачилик корхонасини қайта тиклаш тўрғисидаги меморандумлар шулар жумласидан. Чимкентда “яшил” лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан шерикчилик қилиш тўғрисидаги келишув юқори самаралар бериши қайд этилди.

***

18.jpg

2018 йил, 28 июнь

Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича учрашув мамлакатлари миллий-маданий марказларининг форуми доирасида Қозоғистон халқ ассамблеяси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Бу икки мамлакат ҳудудида ўзбек ва қозоқ тилларини ўрганишдаги ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитиш имконини берди.

***

19.jpg

2018 йил, 6 июль

Туркистонда Темурийлар тарихи давлат музейининг кўргазмаси очилди. Ушбу музейда Ўзбекистон тарихига оид ноёб буюмлар сақланади. Турли қўлёзмалар ва ёзишмалар, олтин, кумуш ва мис тангалар, кулолчилик буюмлари шулар жумласидан. Кўргазмадан асосий мақсад – ҳудудлар ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашдан иборат.

***

21.jpg

2018 йил, 10 август

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Хорижда ўзбек классикаси ва замонавий адабиётини ўрганиш, тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзуида халқаро анжуман ўтказилди.

Анжуман доирасида Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдаулет билан учрашув бўлиб ўтди.

"Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг эълон қилиниши, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилишга оид қарори қардош халқларимиз ўртасида дўстлик ришталари мустаҳкамланаётганидан далолатдир. Биз қозоқ ёзувчилари бундан жуда мамнунмиз. Бу давлатингиз раҳбарининг адабиётга бўлган юксак эътиборидан далолат. Ўзбек ва қозоқ адабиётчиларини янада яқинлаштириш йўлидаги мазкур ташаббус ижодий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади", – деди У. Есдаулет.

***

22.jpg

2018 йил, 8 сентябрь

Остона ҳокимлиги майдонида Қозоғистонда Ўзбекистон туризми йили тадбирлари бўлиб ўтди. Унинг доирасида ўзбек миллий таомлари тайёрланиб, ўзбекистонлик моҳир ошпазлар томонидан маҳорат дарслари ташкил этилди.

***

23.jpg

2018 йил, 9 октябрь

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова раҳбарлигида делегация Таразда бўлди.

Дўстлик уйида «Атамекен» ва «Қозоғистон ишбилармон аёллари уюшмаси» ишбилармон аёллар кенгаши ҳудудий раҳбарлари билан учрашувлар ташкил этилди. Мулоқот чоғида чегара ҳудудларида туризм ва замонавий лисоблар ишлаб чиқариш саноатини ривожлантириш истиқболлари, дизайнерлар учун платформалар яратиш каби масалалар муҳокама қилинди.

***

24.jpg

2018 йил, 15 ноябрь

Қозоғистон халқ ассамблеясининг Чимкентдаги биносида Қозоғистонда Ўзбекистон йили муносабати билан суратга олинган “Қардош мамлакат” номли ҳужжатли фильм тақдимоти бўлиб ўтди.

Қозоғистон Республикаси Президенти телерадиокомплекси ва Қозоғистондаги Қозоқ ва ўзбек этномаданий бирлашмалари уюшмаси ҳамкорлигида суратга олинган фильм халқларимизнинг истиқлол йилларида эришган ютуқларига бағишланди.

***

25.jpg

2018 йил, 15-16 ноябрь

Чимкентда Ўзбекистон – Қозоғистон биринчи минтақавий форуми ташкил этилди.

Форумда қатор келишувлар имзоланди. Автосаноат, кимё саноати, тўқимачилик, дарахтни қайта ишлаш каби йўналишларда икки мамлакат ютуқлари намойиш этилди, саноат маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилди.

***

26.jpg

2018 йил, 18 ноябрь

Туркистон вилояти Мақтаарал туманининг 90 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирда Сирдарё вилояти делегациялари иштирок этди. Байрам мушоира, туман бадиий жамоаси санъаткорларининг ижодий чиқишларига уланиб кетди.

***

27.jpg

2018 йил, 26 ноябрь

Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси раиси Нурлан Нигматулин ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолади. Мазкур ҳужжат ҳар икки мамлакат парламентлараро ҳамкорлигида янги босқични бошлаб берди.

***

28.jpg

2018 йил, 27 ноябрь

Қизилўрда шаҳридаги Дўстлик уйида Навоий вилояти ижодий жамоаси санъаткорларининг бадиий чиқишлари ташкил этилди. Концерт дастуридан ўзбек ва қозоқ халқлари миллий куй-қўшиқлари ўрин олди.

***

30.jpg

2018 йил, 3 декабрь

Тошкентда ўзбек кинематографлари томонидан суратга олинган “Абай сўзи” ҳужжатли фильми тақдимоти бўлиб ўтди.

Фильмда шоирнинг ёшлик йиллари, унинг атрофидаги инсонлар ҳаёти ҳикоя қилинади. Фильм унигн ижодий жамоаси Абай туғилиб ўсган юртга, Жидебай музейига ташрифи ва шу орқали атоқли шоир ҳаёти билан яқиндан танишиш асосида тўпланган маълумотлар асосида яратилган.

***

31.jpg

2018 йил, 12 декабрь

«Қозоғистон» марказий концертлар залида Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг ёпилишига бағишланган Ўзбекистон санъат усталарининг концерти бўлиб ўтди.

32.jpg

Тадбир Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

– Биз турк олами ва Буюк ипак йўлининг қайта тикланишига гувоҳ бўляпмиз. Мамлакатларимиз раҳбарларининг азму шижоати туфайли Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасида ривожланиб бораётган муносабатларга бутун дунё ҳавас билан қарамоқда. Биз қардош халқларимизга фақат олға интилишларини тилаймиз, – деди Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазири Аристанбек Мухамеди ўғли.

***

33.jpg

2018 йил, 26 декабрь

Қозоғистонда Ўзбекистон йили доирасида Тошкентда Қозоғистон адабиёти ва маданияти маркази очилди. Ушбу марказ ўқувчиларга қозоқ халқининг урф-одатлари, маданияти ва санъати билан яқиндан танишиш имконини тақдим этди. Марказда таниқли қозоқ ёзувчиси ва шоирларининг қозоқ, рус ва инглиз тилидаги асарлари намойиш этилди.

***

34.jpg

2018 йил, 29 декабрь

Олмаотадаги кўчаларнинг бирига Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номи берилди.

35.jpg

Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг ўтказилиши натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар амалий мазмун билан бойиб, мустаҳкамланиб бормоқда. Маданият, фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик тобора кучаймоқда. Шунингдек, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларда ҳам ижобий тенденциялар кузатилмоқда.

Бу борадаги ишлар 2019 йилда Ўзбекистонда нишонланадиган Қозоғистон йили доирасида давом этади.

"Казинформ" халқаро ахборот агентлиги кўмагида тайёрланди.

ЎзА
5 583