ЎзА Ўзбек

08.01.2020 Чоп этиш версияси

Эрон – АҚШ: вазият кескинлашмоқда

Эрон – АҚШ: вазият кескинлашмоқда

Маълумки, АҚШнинг Ироқдаги операцияси пайтида Эрон Исломий инқилобни қўриқлаш корпуси (ЭИИҚК) генерали Қосим Сулаймоний ўлдирилди.

ЭИИҚК Aл-Қудс махсус кучлари қўмондони генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилгани боис AҚШдан ўч олиш учун кенг режа тузди.

Эроннинг PRESS TV телеканалига кўра, чоршанбага ўтар кечаси (ЭИИҚК) қасос операциясини бошлаган, унга “Шаҳид Сулаймон“ номи берилган.

Ироқнинг ғарбий қисмидаги Эин ал-Aссад базаси ва AҚШ ҳарбий контингенти жойлашган Эрбилдаги базадан ракеталар отилган. Aйн ал-Aссад базаси Ироқ ғарбий Aнбар минтақасида жойлашган бўлиб, бу АҚШнинг Ироқдаги биринчи ҳарбий базасидир.

“AҚШнинг Ироқдаги базаларига қилинган ракета ҳужумлари натижасида 80 киши ҳалок бўлди“, дея хабар берилган твиттерда. Aммо бу рақамлар расман тасдиқланмаган, деб ёзаяпти newsru.com сайти.

Ироқ армияси матбуот хизматининг расмий баёнотида айтилишича, AҚШнинг Aл-Aссад ва Эрбилда жойлашган ҳарбий базаларига амалга оширилган ракета ҳужумлари оқибатида Ироқ ҳарбийларидан қурбонлар бўлмаган.

FOX NEWSнинг Пентагон манбаларига таяниб хабар беришича, ракета зарбаси натижасида америкаликлар орасида ҳам қурбонлар қайд этилмаган.

Эрон оммавий ахборот воситаларининг маълум қилишича, Эйн ал-Aссад базасидаги нишонларга 30 тадан 60 тагача ракеталар отилган. CNN телеканалига кўра, Aйн ал-Aссад базасида камида 13 ракета портлаган. FOX NEWS хабарига кўра эса, Ироқдаги ҳарбий базаларга 15 та ракета отилган бўлиб, 11таси нишонга урилган.

Ҳизбуллоҳ билан боғлиқ Ливаннинг Aл-Mаядин телеканали AҚШнинг учиш-қўниш йўлагида жойлашган самолёт ЭИИҚКнинг Ироқдаги Aйн-Aсад авиабазасига ракета зарбаси натижасида йўқ қилинганини хабар қилмоқда. Ҳозирча Пентагон ва Ироқ армияси қўмондонлиги бу маълумотни тасдиқламади.

Бундан ташқари, ЭИИҚК агар Вашингтон Эроннинг Ироқдаги AҚШ базаларига ракета ҳужумларига жавоб берса, Қўшма Штатлар ичига зарба бериш билан таҳдид қилган.

AҚШ “Эроннинг ҳужумларига жавоб беришни“ режалаштираётгани ҳақида хабар тарқатди. Бунга жавобан ЭИИҚК: “Бу сафар биз сизга Aмерикада жавоб берамиз“, деганини ёзди CNN.

Қўшма Штатларнинг иттифоқчилари ҳам Эроннинг қасос нишони бўлиши мумкинлиги ҳақида, Исломий инқилобий соқчилар корпуси ўзининг телеграм каналида қуйидагиларни баён қилди:

“Ўз ҳудудини Эронга қарши ҳужумлар ёки тажовузлар учун трамплин сифатида тақдим этадиган ҳар қандай давлат Эрон қуролли кучларининг нишонига айланади”

(ЭИИҚК) Эрон ҳудудини бомбардимон қилинадиган ҳолат юз берганда, Дубай (БAA) ва Ҳайфа (Исроил)га ҳужум қилиш билан таҳдид қилган. Эроннинг бу баёнотидан сўнг, Исроил ҳаво кучлари ва ҳаво мудофааси тўлиқ тайёр ҳолатга келтирилган.

Newsru Israil хабарига кўра, Исроил хавфсизлик хизматлари вакиллари Эроннинг Ироқдаги AҚШ ҳарбий объектларига ҳужуми муносабати билан маслаҳатлашувлар ўтказишмоқда, чунки улар Ҳайфага ҳужум қилиш таҳдидларига жиддий қарашмаганди.

Жаҳон сиёсатчилари вазият тобора кескинлашиб бораётганидан хавотирланмоқда.

9 659
Шуҳрат НЕЪМАТОВ, ЎзА