ЎзА Ўзбек

28.11.2012 18:31 Чоп этиш версияси

Оқсаройда қабул

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 28 ноябрь куни Оқсаройда Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Кэтрин Эштонни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари Европа Иттифоқи ташқи сиёсат хизмати раҳбарини юртимизга ташрифи билан қутлар экан, ушбу учрашув Ўзбекистон билан Евроиттифоқ ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолатини батафсил таҳлил қилиш, ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олиш учун яхши имконият эканини таъкидлади.

Ўтган йиллар давомида турли соҳаларда ҳамкорлик бўйича салмоқли тажриба тўпланди, унинг мустаҳкам институционал асоси яратилди, бу икки ва кўп томонлама тузилмалар фаолиятида ўз ифодасини топмоқда. 1996 йили Флоренцияда имзоланган Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўзаро муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳужжатдир.

Ўзбекистон ва Евроиттифоқ раҳбарларининг 2011 йил январь ойида Брюсселда ўтган олий даражадаги учрашуви ҳамда унинг якунлари бўйича имзоланган ҳужжатлар ўзаро муносабатларни сифат жиҳатдан янги поғонага кўтарди. Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 19 фоиз ўсиб, 2,36 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Жорий йилда ҳам бу ижобий тенденция давом этмоқда.

Томонларнинг ўзаро савдо учун шарт-шароитни янада яхшилаш ва уни диверсификация қилиш бўйича маъқулланган саъй-ҳаракатларни, Ўзбекистонга Европадан сармоя жалб этишни янада кенгайтиришни, мавжуд ресурслар ва илғор технологиялар асосида қўшма лойиҳаларни амалга оширишни давом эттиришга тайёрлиги таъкидланди.

Давлатга қарашли ва нодавлат ташкилотлар ўртасида маданий-гуманитар, илмий-маърифий ва бошқа соҳаларда тўғридан-тўғри алоқаларни қўллаб-қувватлашдан томонлар манфаатдор эканлиги қайд этилди.

Учрашувда долзарб минтақавий муаммолар, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, жумладан, Афғонистондаги вазият ривожи билан боғлиқ айрим масалалар муҳокама қилинди.

Кэтрин Эштон самимий қабул ҳамда икки томонлама муносабатлар, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан батафсил ва самарали фикр алмашиш борасида яратилган имконият учун Президент Ислом Каримовга миннатдорлик билдирди. Евроиттифоқ Ўзбекистон билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Учрашувда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи манфаатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.


ЎзА, Сарвар Ўрмонов (сурат)
7 404