ЎзА Ўзбек

15.12.2017 20:13 Чоп этиш версияси

Қорақалпоғистонда қиймати 160 миллиард сўмлик 242 лойиҳа амалга оширилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёвнинг шу йил январь ойида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи якунларига кўра ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ, ўтган вақт мобайнида саноатни ривожлантириш борасида умумий қиймати 160 миллиард сўмга яқин 242 лойиҳа амалга оширилди. Бу ўз навбатида қарийб 4 мингта иш ўрни ташкил этиш имконини берди.

Қораўзак туманидаги “Қорақалпоқ цемент” корхонасида биринчи босқичда йилига 200 минг тонна цемент, Нукус шаҳридаги “Техник глобал” корхонасида “Самсунг” бренди остида йилига 150 минг дона телевизор, “Нукус полимер” корхонасида йилига 8 минг тонна полиэтилен труба ва хўжалик буюмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Тўрткўл туманидаги “Вегатекс глобал” корхонасида йилига 5 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилмоқда.

Йил охирига қадар яна бир қатор йирик корхоналар ишга туширилади. Жумладан, Мўйноқ туманидаги “Мўйноқ текстиль” корхонасида йилига 400 минг дона тайёр кийимлар, Қораўзак туманидаги “Титан цемент” корхонасида йилига 200 минг тонна цемент ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва фаоллари билан бўлиб ўтаётган учрашувда буни алоҳида таъкидлади.

ЎзА
9 131