Олий таълим соҳасидаги йирик форум
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан жорий йил 18 октябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида кўплаб муҳим анжуманлар, форум ва тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан жорий йил 18 октябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида кўплаб муҳим анжуманлар, форум ва тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган.Жумладан, Ўзбекистон-Россия таълим форуми икки давлат ўртасида олий таълим тизимидаги ўзаро стратегик ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтаришда алоҳида аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Юртмизда илк марта ўтказилаётган мазкур йирик форум олдидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинг ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.Абдуваҳитов, олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари О.Абдураҳмонов, Ўзбекистон олий таълим муассасалари ректорлари кенгаши раиси, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ректори С.Туробжонов мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган таълим соҳасидаги ислоҳотлар замирида Ватанимизни янада тараққий эттириш, ёшларни ҳар жиҳатдан баркамол шахс этиб вояга етказиш, соҳалар учун юқори билимга эга мутахассисларни тайёрлашдек мақсадлар мужассам эканини таъкидлади.
Мамлакатимизда барча жабҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар таълимнинг барча бўғини, айниқса, олий таълим тизимида яққол кўзга ташланмоқда. Бу жиҳатлар ўқитиш сифатини тубдан такомиллаштириш, билим масканларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, олий таълим масканларига ёшларнинг қамровини тобора ошириш кабиларда ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.
Ўзбекистон-Россия таълим форуми икки давлат ўртасида олий таълим тизимидаги ўзаро стратегик ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, маърифий, илмий жамоатчиликнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашиши, олий ўқув даргоҳлариаро алоқаларни кенг йўлга қўйиш, таълимга оид янги дастурлар, лойиҳаларни режалаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур йирик форумда юртимиз олий таълим даргоҳлари билан бирга Россиянинг энг нуфузли олий таълим масканлари ректорлари, илмий жамоатчилиги иштирок этиши, ҳамкорликда кўплаб шартнома ва келишувлар имзоланиши кўзда тутилган.