Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.07.2013 19:14 Чоп этиш версияси

Олий мажлис қонунчилик палатасида

5 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар қонун лойиҳаларини кўриб чиқишни давом эттирдилар.

Қонун лойиҳаларини муҳокама этиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари саволлар ва таклифлар билан сўзга чиқдилар. Улар илгари ўз мажлисларида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда қонун лойиҳаларини кўриб чиққан эдилар.

“Экологик назорат тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси чоғида мазкур қонун лойиҳаси Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларга мувофиқ ишлаб чиқилганлиги қайд этилди. Қонун лойиҳаси экологик назоратни амалга оширишда, мамлакатимиз минтақаларида атроф-муҳитни ва аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш соҳасидаги вазиятнинг мониторингини олиб боришда жамоатчиликнинг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаоллигини янада оширишга, экологик назоратни амалга ошириш тизимини такомиллаштиришга ва назорат фаолиятини мувофиқлаштириш механизмини яратишга, бу соҳада экологик нодавлат нотижорат ташкилотлари, идоравий, ишлаб чиқариш ва экологик назорат хизматларининг ваколатларини ҳамда ушбу соҳада уларнинг ўз вазифаларини амалга ошириш тартибини белгилашга, экологик назорат тўғрисидаги қонун ҳужжати бузилганлиги учун экологик назорат ва жавобгарликни таъминлашга доир талабларни белгилашга қаратилган.

ЎзЛиДеП фракцияси вакилларининг қайд этишича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, биринчи навбатда, фуқаролик жамияти институтларининг, мамлакатимиз ҳар бир фуқаросининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш тизимида иштирок этиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш имконини беради. Ушбу партия депутатларининг фикрича, миллий амалиётга жамоатчилик экологик назорати институтининг киритилиши мазкур қонун лойиҳасининг асосий ўзига хос ва ноёб жиҳатидир. Фуқаролик жамияти институтларига Экоҳаракат билан ҳамкорликда экологик назоратнинг жамоатчилик инспекторлари институтини шакллантиришда ҳамда уларнинг фаолиятини ташкил этишда услубий ва ташкилий-амалий ёрдам кўрсатиш бўйича ваколатлар берилди.

Фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминлашга, фуқароларнинг соғлиғини сақлаш ва атроф- муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат дастурларини амалга оширишга тааллуқли масалалар бўйича қарорлар ишлаб чиқиш ва қабул қилишда иштирок этишга доир ҳуқуқлари мустаҳкамланмоқда.

ЎзЛиДеП фракцияси қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлади.

ЎзХДП фракцияси депутатлари эътироф этганидек, мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоатчилик тузилмалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқлари ва ваколатларини кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар уларни атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг энг муҳим муаммоларини ҳал этиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш жараёнига кенгроқ жалб қилишга кўмаклашади.

Шу муносабат билан экологик назоратни амалга оширишда, атроф- муҳитни ва аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш соҳасида мамлакат минтақаларидаги вазият мониторингини олиб боришда жамоатчиликнинг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаоллигини янада оширишни таъминлаш, назорат фаолиятини мувофиқлаштириш механизмини яратиш, давлат органлари, экологик нодавлат нотижорат ташкилотлари, идоравий, ишлаб чиқариш ва экологик назорат хизматларининг ваколатларини ҳамда уларнинг ушбу соҳада ўз вазифаларини амалга ошириш тартибини белгилаш долзарб масала, деб эътироф этилди.

Хусусан, “Экологик назорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги тармоққа оид, шу жумладан идоравий қонун ҳужжатларининг асоси бўлиши лозим бўлган экологик назоратнинг асосий мақсадлари белгилаб берилганлиги, экологик назоратни амалга оширишнинг аниқ процессуал механизми, уни ташкил этиш тартиби, экологик назорат натижаларини расмийлаштириш шакллари ва усуллари белгилаб берилганлиги таъкидланди. Қонун лойиҳасининг қабул қилинишини қўллаб-қувватлаган ҳолда ЎзХДП фракцияси аъзолари қонун лойиҳаси мамлакатда олиб борилаётган табиатни асрашга қаратилган кенг кўламли ишлар самарадорлигини оширишга, самарали экологик назоратни амалга оширишда, атроф-муҳитни ва аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш соҳасидаги энг муҳим кенг кўламли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ролини кучайтиришга кўмаклашишини қайд этди.

Табиатга, Ўзбекистоннинг бой табиий ресурсларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, бугунги ва келгуси авлод манфаатлари йўлида улардан оқилона фойдаланиш, экологик хавфсизликни таъминлашга кўмаклашиш, миллат саломатлиги ва генофондини ҳимоя қилиш Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП фаолиятининг долзарб йўналишларидан бири ҳисобланади. Жумладан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП фракцияси аъзоларининг алоҳида таъкидлашича, қонун лойиҳасида давлат, идоравий ишлаб чиқариш ва жамоатчилик каби экологик назорат турлари, уларни амалга ошириш тартиби ва усуллари, экологик назоратнинг тегишли турлари натижасини амалга ошириш ва расмийлаштириш шакли, экологик назорат субъектларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгилаб берилган, махсус ваколатга эга бўлган давлат органларининг ваколатлари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг, шу жумладан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқароларнинг экологик назорат соҳасидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тартибга солинган. Шунингдек, жамоатчилик экологик назорати институтининг мамлакатимизда амалиётга татбиқ этилиши ушбу қонун лойиҳасининг ўзига хос ноёб жиҳати ҳисобланади. Бунда жамоатчилик экологик назорати субъектларига фуқаролик жамияти институтлари ва фуқаролар бириктирилади.

Фракция аъзоларининг фикрича, мамлакатда экологик хавфсизликни таъминлаш кўп жиҳатдан атроф-муҳитга ва фуқаролар соғлиғига кўрсатиладиган исталган салбий таъсирнинг эрта олдини олиш бўйича йўлга қўйилган тизим, шунингдек, атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғига зарар етиши хавфини бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўриш, мамлакат экологик қонун ҳужжатларини халқаро ҳуқуқ принциплари ва нормаларига мувофиқлаштиришга боғлиқ.

Шу муносабат билан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП фракцияси ушбу қонун лойиҳаси ўз вақтида ишлаб чиқилганлигини таъкидлади ва уни концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари 2010 йил
12 ноябрда парламент палаталарининг қўшма мажлисида давлат раҳбарининг Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган атроф- муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш тизимида нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли ва ўрнини белгилашга қаратилган “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлиги ҳақидаги ташаббуси долзарблигини ва ўз вақтидалигини қайд этди.

Қонун лойиҳасида экологик назорат соҳасида тартибга солиш ва бошқариш, давлат органларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик назорат соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ўзаро ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, инсоннинг экологик ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқларига риоя қилиш масалалари асосий фаолият йўналишлари қаторида белгилаб берилганлиги, экологик назоратни амалга ошириш соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг ваколатлари тартибга солинганлиги, жамоатчилик экологик назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби, уни рўёбга чиқариш шакллари ва усуллари белгилаб берилганлиги қайд этилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ушбу қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилишни таклиф этди.

Экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳи турли соҳалардаги табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини тартибга солувчи амалдаги қонун ҳужжатларида экологик назоратни амалга оширишнинг умумий қоидаларигина мустаҳкамланганлигини қайд этди. Табиатни муҳофаза қилишга доир амалдаги қонун ҳужжати экологик назоратни асосан давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ваколатига киритади, у фуқаролик жамияти институтларининг ушбу фаолиятдаги фаол иштирокининг самарали механизмларини ўз ичига олмаган. Шу билан бирга, аҳоли яшаши учун қулай экологик шарт-шароитлар яратиш, экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш каби атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги вазифаларни фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилмай туриб, самарали ҳал этиб бўлмайди.

Депутатлар гуруҳи аъзолари ушбу қонунни қабул қилиш муҳимлигини қайд этган ҳолда, қонун лойиҳасида юридик ва жисмоний шахсларнинг табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатига риоя қилишини кузатиш, фуқароларни атроф- муҳит ва табиий ресурсларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш руҳида тарбиялашга доир ишларни амалга ошириш бўйича ваколатларга эга бўлган экологик назоратнинг жамоатчилик инспекторлари институтини жорий этиш таклиф этилаётганлигини, бу эса Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик вазиятни соғломлаштириш ишида жамоатчиликнинг фаол иштирок этишини ҳар тарафлама кучайтиришга доир дастурий вазифаларига мувофиқ келишини таъкидлади. Бундай жамоатчилик инспекторлари институти АҚШ, Буюк Британия, Германия, Корея Республикаси каби чет эл давлатларининг табиатни муҳофаза қилишга доир амалиётида кенг қўлланилмоқда. Шу муносабат билан “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда олиб борилаётган табиатни муҳофаза қилиш борасидаги кенг кўламли ишлар самарадорлигини оширишга, самарали экологик назоратни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ролини кучайтиришга кўмаклашади.

Умуман олганда, депутутлар жамиятимизнинг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, шунингдек, мамлакат тараққиётининг ҳозирги босқичида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қўйилган вазифаларни амалда рўёбга чиқаришнинг муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати








Все о погоде - Pogoda.uz