Оқсаройда қабул
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 30 март куни Оқсаройда Германия Федератив Республикаси федерал ташқи ишлар вазири, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси Франк-Вальтер Штайнмайерни қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 30 март куни Оқсаройда Германия Федератив Республикаси федерал ташқи ишлар вазири, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси Франк-Вальтер Штайнмайерни қабул қилди.Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлаб, ушбу учрашув ўзаро ҳамкорлик бўйича фикр алмашиш учун яхши имконият бўлиб, Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги кўп қиррали ва доимий алоқаларнинг узвий қисми эканини таъкидлади.
Ўзбекистонда Германияни Европадаги йирик интеллектуал, иқтисодий, техник ва технологик салоҳиятга эга, халқаро майдонда нуфузли, глобал ва минтақавий масалаларни ҳал қилишга салмоқли ҳисса қўшиб келаётган етакчи давлатлардан бири сифатида билади.
Ўзбекистон мустақиллиги йилларида мамлакатларимиз ўртасида сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда барқарор ҳамкорлик йўлга қўйилди. Бугунги кунда 130 дан ортиқ ҳужжатдан иборат мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган ва барча даражадаги муносабатлар учун ишончли механизм мавжуд.
Мамлакатимиз иқтисодиётига кейинги 15 йилда Германиянинг 784 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри инвестициялари ва кредитлари жалб этилган. Ўзбекистонда Германия Федератив Республикаси инвестицияси иштирокида 113 корхона, шундан 27 таси тўла Германия капитали асосида фаолият юритмоқда.
Бугунги кунда дунёга машҳур немис компаниялари Ўзбекистон бозорида мустаҳкам ўрин эгаллаб, мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда. “МАN” концерни билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятида замонавий завод барпо этилган. Корхонада турли русумдаги юк автомобиллари ишлаб чиқарилмоқда. Ушбу автомобилларга хорижда ҳам талаб юқори. Германия саноатининг яна бир етакчиси – “CLAAS” концерни билан ташкил этилган қўшма корхонада замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарилмоқда.
Ўтган йили ташкил этилган Ўзбекистон – Германия ишбилармонлар кенгашининг иккита мажлиси ўтгани савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантиришга икки томонда ҳам қизиқиш ортиб бораётганидан далолат беради. Ушбу мажлислар доирасида Германиядан 2,85 миллиард долларлик технологиялар ва имтиёзли кредитларни жалб этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш ҳақидаги ҳужжатлар имзоланган.
Учрашувда Ўзбекистон – Германия ҳамкорлигига доир бошқа масалалар, жумладан, маданий-гуманитар алоқаларни изчил ривожлантириш, таълимга оид қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик айрим масалалар ҳам муҳокама қилинди.
ГФР ташқи ишлар вазири самимий қабул учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдириб, Германия раҳбарияти ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканини таъкидлади.