ЎзА Ўзбек

23.03.2020 Чоп этиш версияси

Нефть бозоридаги шахмат ўйини. Ҳакам – коронавирус

Нефть бозоридаги шахмат ўйини. Ҳакам – коронавирус

Россия ва Саудия Арабистони ўртасидаги “ишончсиз” иттифоқ, март ойининг бошида ўз номини оқлади ва энг ноқулай пайтда дарз кетди. 6 март куни Россия Энергетика вазири Александр Новак, Вена шаҳрида бўлиб ўтган ОПEК+ йиғилишида, 1 апрелдан бошлаб квоталар ва ишлаб чиқаришни қисқартириш бекор қилинишини эълон қилди ва бу орқали барча прогнозларни бузиб ташлади. Саудия Арабистони эса ўз навбатида бунга бир кун ичидаёқ даҳшатли муносабат билдирди.

Саудия Арабистонининг Aramco компанияси, турли бозорларда сотадиган нефть нархларини кескин пасайтириб юборди: ўртача энг оммабоп нефть учун пасайиш, Европада бир баррель учун 8 долларни, АҚШ учун 7 долларни ва Осиё минтақаси учун 6 долларни ташкил қилди. 9 март куни бозорлар Brent ва WTI нефть маркалари учун тахминан 30% пасайиш билан очилди, қулашлар кун давомида енгил кечган бўлсада, умумий жиҳатдан 20% га арзонлашди ва ўша куни Brent маркасидаги бир баррель нефть учун 37 долларни ташкил этди. Аммо бугунги кун ҳолатига Brent — 26,92 доллар, WTI эса 23,14 долларгача тушиб кетди.

Ўйин арафасида

Россиянинг қарори барча таҳлилчиларни ва энг муҳими, йиғилиш иштирокчиларини ҳайратда қолдирди. Айниқса, Саудия Арабистонининг янги нефть вазири, ишлаб чиқаришни қисқартириш учун бир неча ўн йиллаб курашган ОПEК фахрийси қирол Салмоннинг ўғли Абдулазиз бин Салмоннинг кайфияти совуқ эди.

Аммо барчага маълум эдики, Россия нефть саноатининг бир қисми, бир неча ойлар давомида ишлаб чиқаришни қисқартиришдан, янги лойиҳалар бўйича инвестиция режаларини кейинга суришдан шикоят қилиб келган. Улар ва “Роснефт” компаниясининг раҳбари, Путиннинг асосий иттифоқчиси бўлган қудратли Игор Сечин ўртасида кескин танглик бўлган, аммо ҳеч ким бундай радикал қарорни кутмаган эди.

Ҳозиргача Россия бундай учрашувларни кейинга қолдириш ёки уларнинг ўтказилишига йўл қўймаслик каби маневрларни афзал кўриб келарди. Кунига қўшимча 2,1 миллион баррелгача қисқартириш зарурлигига шубҳа қилиш ёки Саудия Арабистони талаб қилганидан анча паст миқдорда қисқартиришни афзал кўриш ва ҳатто ўзларининг мажбуриятларини камайтириб, саудияликлар елкасига ишлаб чиқаришни қисқартиришнинг асосий юкини қолдирар эдилар. Уч йилдан ортиқ вақт давомида нефть нархларини барча томонлар учун мақбул даражада ушлаб туришга қодир бўлган муносабатларнинг бузилиши, ҳеч ким кутмаган натижа бўлди.

Россия юришни биринчи бошлади

Бир неча ойлар давомида Россиянинг шартномадан чиқиш стратегияси ҳақида турли миш-мишлар юрди. Вақтни, шаклларни ва истиқболларни ҳисобга олган ҳолда, қандай қилиб ишлаб чиқаришни қисқартиришни, нархларга жуда катта таъсир қилмайдиган тарзда рад этиш кераклиги борасидаги ўйлар Кремлни анчадан бери банд этиб келарди. Россиянинг барча йўналишда изчил қарор қабул қилганлигини инкор этиш ҳам мумкин эмас: нефть савдоси учун энг ёмон вақт бўлмиш коронавирус инқирози натижасида юзага келган нефтга талабнинг кескин пасайиш фони, саудияликларни “попугини пасайтириб қўйиш” ва ОПEК+ нинг келгусида қайта ишга тушириш умидларини жиддий равишда пасайтириш. Россиянинг нима учун айнан ҳозир нефть қазиб олишни қисқартириш ва квоталарни тўхтатишни хоҳлаб қолганини изоҳлаши мумкин бўлган элементлардан бири, Россия ва Саудия ўртасидаги муносабатларда ҳамиша учинчи томон бўлиб келган АҚШга нисбатан таъсирдир. АҚШ томонидан (Қрим воқеалари ортидан) Кремлнинг энергия секторига қарши бир қатор санкциялар амалга оширилган эди, жумладан “Шимолий оқим-2” газ қувури ва “Роснефт”га нисбатан. (унинг АҚШ санкцияларига қарамай, Венесуэланинг миллий нефть компанияси PDVSA га ёрдам бергани учун) Кремль “ушбу санкцияларга жавоб қайтариш вақти келди” деган хулосага келган бўлиши мумкин. Россиянинг ушбу ҳаракатлари, Америка нефт саноатининг ҳам қийин даврларига тўғри келмоқда, кўп компаниялар молиялаштиришда қийинчиликларга дуч келмоқда ва узоқ вақт давомидаги нефтьнинг паст нархлари, яхши оқибатларга олиб келмаслиги мумкин.

Саудия Арабистонидан гамбит

Саудия Арабистонининг реакциясини ҳам тушуниш осон эмас. Гамбит – бу шахматда жуда юқори баҳоланадиган стратегия, аммо у жуда камдан-кам ҳолларда амалга оширилади. Ҳозирги пайтдаги коронавирус туфайли нефтга талаб пасайиши фонида нефть компаниялари билан содир бўлаётган “уруш” стратегиясини айнан гамбитга қиёслашимиз бежиз эмас. Саудия бу партияда дарҳол ва очиқчасига Россия ва АҚШ билан нархлар урушига кириб, нефть нархини ўтган асрлардаги даражаларга тушириши мумкин. Саудия Арабистонининг Россия стратегиясига нисбатан қаттиқ жавоб бериш заруратини, коронавирус сабабли АҚШнинг жуда барқарор ишлаб чиқаришида қисман ёрилишлар пайдо бўлиши эҳтимоли билан боғлаш мумкин. Асосий вазифа эса – Осиё бозорларидаги бозор улуши учун курашишдир. Коронавирус пайдо бўлишидан олдин, Саудия Арабистонининг асосий нефть бозори Осиё эди, у нефть экспортининг 70% дан кўпроғини ташкил қилган, Европа 10% ни, АҚШ эса атиги 3% ни ташкил этган.

Шундай қилиб, Осиё Саудияликлар, Руслар ва Америка нефтчилари ўртасидаги тортишувларнинг асосий сабабчиси ва ўрта ва узоқ муддатли истиқболда маълум ўсиш потенциалига эга бўлган ягона бозордир. Европа Россиядан олинадиган энергия импортини диверсификациялашга, шунингдек янги энергияга ўтиш ва декарбонизация жараёнларига таяниб, Россияни янги бозорларни излашга мажбур қилмоқда. Америка Қўшма Штатлари эса нефть билан нафақат ўзини ўзи таъминлайди, балки уни Осиёга экспорт қилишни ҳам бошлади. Аслида, савдо урушининг олдини олиш учун Хитой, Трамп маъмурияти билан тузган келишувлари орқали тобора кўпроқ нефтни импорт қилишни ўз зиммасига олган эди. Аммо Осиёнинг талабига коронавирус жиддий таъсир кўрсатди, шунинг учун Россия ҳам, саудияликлар ҳам уни сақлаб қолишнинг ягона йўли нархларни пасайтириш ва рақобатчилар ҳисобидан, бозордаги улушни олиш деган хулосага келишган кўринади. Муаммо шундаки, улар буни энг ёмон йўл билан амалга оширдилар: кутилмаганда, тартибсиз ва учинчи томонларнинг зарарига. Бу эса нафақат иштирокчилар ўртасида, балки глобал иқтисодиётда ҳам катта бузилишларни келтириб чиқармоқда.

Цейтнот

Қисқа хулоса қиладиган бўлсак, нефть соҳасидаги коронавирус инқирозини даволаш учун Россия ва Саудия Арабистони томонидан белгиланган дорининг оқибатлари, касалликнинг оқибатларига қараганда ёмонроқ ва узоқроқ бўлиши мумкин.

5 695
ЎзА