26 ноябрь куни халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади.

Бугун мана шу қадимий ва гўзал Наманган заминида сиз, азизларни соғ-омон, яхши кайфиятда кўриб турганимдан хурсанд бўлганимни билдириб, барчангизга, сизлар орқали бутун Наманган аҳлига юксак ҳурмат ва эҳтиромимни изҳор этишга ижозат бергайсиз, деди давлатимиз раҳбари ўз нутқининг аввалида.

Наманган деганда, кўз олдимизда аввало баланд Чотқол ва Қурама тоғларига туташиб кетган ям-яшил қир-адирлар, бепоён далалар, боғ-роғлардан иборат сўлим бир диёр намоён бўлади.

Бу заминнинг ранг-баранг табиати, турли бойликлари, кўҳна тарихи ва маданияти ҳақида узоқ гапириш мумкин. Лекин Наманганни ҳақиқий Наманган қилган унинг кўпни кўрган, меҳнаткаш ва пок ниятли халқи, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Наманган аҳли ўзининг бошқаларга ўхшамайдиган, бетакрор анъана ва қадриятлари билан азалдан шуҳрат қозониб келади. Бу элга мансуб бўлган хислатлар – инсонни қадрлаш, меҳр-оқибат, меҳмондўстлик, хушмуомалалик каби ажойиб фазилатларни ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак баҳолаймиз, деди Юртбошимиз ва қуйидаги фикрларни алоҳида таъкидлади.

Шахсан мен Наманган заминига ҳар сафар келганимда уни янгитдан кашф этгандек бўламан. Сизлар билан шу йилнинг ўзида икки марта – дастлаб март ойида, Президент сайлови арафасида ва яқинда, сентябрь ойида бўлган учрашувларимизни, бугунги ҳаётимиз, келажак режаларимиз, олдимизда турган вазифалар тўғрисида, фарзандларимиз тарбияси, дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисалар ва уларга бизнинг муносабатимиз ҳақида мазмунли суҳбатлар қурганимизни ҳозир ҳам мамнуният билан эслайман.

Наманганнинг қадимий қиёфаси, асрий обидаларини оладиган бўлсак, буларнинг барчаси бу юртнинг бой ва кўҳна ўтмишга эга эканини яққол тасдиқлайди. Бу заминдаги Муғқалъа ва Ахсикент каби археологик ёдгорликлар, Наманган, Чортоқ, Чуст ва Учқўрғон шаҳарларидаги тарихий обидалар, бундан икки минг йиллар аввал пишиқ ғиштдан бунёд этилган Косон – Ахсикент ер ости сув тармоғи аждодларимизнинг улкан ақл-заковати, юксак маданиятидан далолат беради.

Бу диёрдан етишиб чиққан Бобораҳим Машраб, Нодим Намангоний, Ибрат, Чустий, Ҳабиб Саъдулла каби шоир ва алломалар бутун халқимизнинг фахру ифтихори ҳисобланади.

Бугунги кунда сизларнинг орангизда “Ўзбекистон Қаҳрамони” деган юксак унвон билан тақдирланган инсонлар, ўз касбининг устаси бўлган минглаб фидойи одамлар, эл-юртимиз ўртасида катта обрў-эътибор қозонган олимлар, ижодкор зиёлилар, маданият ва санъат намояндалари, моҳир спортчилар Ватанимиз шуҳратига шуҳрат қўшиб келмоқда, деди Ислом Каримов.

Халқимизнинг бебаҳо маънавий бойлигини, миллий урф-одат ва анъаналаримизни энг оғир замонларда ҳам асраб-авайлаб, келгуси авлодларга безавол етказишда Наманганга тенг келадиган ўлка ўзи камдан-кам топилади, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан. Шу боис Наманганнинг бой тарихини, бу заминда камол топган улуғ зотларнинг ибратли ҳаёти ва фаолиятини, бу юрт билан боғлиқ муҳим саналарни янада чуқур ўрганиш, уларни муносиб нишонлаш учун кенг кўламдаги илмий изланишларни амалга ошириш барчамизнинг бурчимиздир. Бу масала бўйича тегишли вазирлик ва идоралар ўз таклифларини ҳукуматимизга киритиши ҳар томонлама мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

Бугунги учрашувимизнинг асосий мақсади, деб сўзини давом эттирди Президентимиз, Наманган вилоятини ҳар томонлама ривожлантириш йўлида амалга ошираётган ишларимизни танқидий баҳолаб, қўлга киритилган ютуқ ва марралар билан бирга мавжуд муаммоларни ечиш, қисқа қилиб айтадиган бўлсак, барчамизни ўйлантириб, ташвишга солаётган долзарб масалалар ҳақида сиз, ҳурматли депутат ва фаоллар билан атрофлича маслаҳатлашиб олиш, тегишли хулосалар чиқаришдан иборат.

Мажлисда кун тартибидаги асосий масалага ўтишдан олдин Наманган вилоятидаги бугунги аҳвол, турли соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган муҳим ўзгаришлар ҳақида атрофлича фикр юритилди.

Наманган вилояти, бутун юртимиз қатори, сўнгги йилларда катта ривожланиш йўлини босиб ўтди. Бу фикрнинг тасдиғи сифатида кўп-кўп рақам ва мисолларни олиб келиш мумкин.

Агар фақатгина жорий йилнинг 9 ойлик якунларини таҳлил қиладиган бўлсак, ялпи ҳудудий маҳсулот 9 фоиз, саноат 17 фоиз, қишлоқ хўжалиги 5 фоиздан зиёд, қурилиш ишлари қарийб 12 фоиз, чакана ва пуллик хизматлар 13 фоиздан ортиқ ўсгани албатта эътиборга лойиқ.

Айтиш жоизки, Наманган вилоятини ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий нуқтаи назардан ривожлантириш масаласи давлатимиз, ҳукуматимизнинг эътибор марказида бўлиб келмоқда.

Бу ҳақда сўз юритар эканмиз, 2009 йили қабул қилинган, Наманган шаҳрининг меъморий қиёфасини тубдан яхшилаш, ижтимоий инфратузилма ва коммуникация тармоқларини ривожлантириш ва шу асосда шаҳар аҳолисининг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга қаратилган дастур доирасида бажарган улкан ишларимиз барчангизга яхши маълум, деб ўйлайман, деди Ислом Каримов. Ушбу дастурга мувофиқ 140 га яқин янги объектлар ишга туширилиб, барча манбалар ҳисобидан қарийб 325 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилди. Энг муҳими, бундай кенг кўламли қурилиш ва ободончилик ишлари вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида жадал амалга оширилмоқда.

Қисқа вақт ичида вилоят маркази бўлмиш Наманган шаҳрининг, барча туманларнинг кўриниши тубдан ўзгаргани, таниб бўлмайдиган гўзал қиёфа ва чирой касб этганининг асосий ижодкорлари аввало Наманган халқи, Наманган жамоатчилигидир.

Айни шундай жонкуяр инсонларнинг ҳаракати ва астойдил меҳнати эвазига Наманганда амалга оширилган улкан янгиланиш ва ижобий ўзгаришлар юртимиз тарихида ҳақиқатан ҳам чуқур из қолдириб, келажак авлодларимиз қалбида миннатдорлик туйғуларини уйғотади, албатта.

Бугунги фурсатдан фойдаланиб, ана шу ишларга муносиб ҳисса қўшган барча инсонларга чин юракдан миннатдорлик билдиришни ўзимнинг бурчим деб ҳисоблайман, деди Юртбошимиз.

Сессияда Наманган вилоятида ўтган давр мобайнида эришилган ютуқ ва марралар қаторида кўпгина йўналишларда, соҳа ва тармоқларда камчиликлар, айтиш мумкинки, оқсоқлик ҳолатлари мавжуд экани қайд этилиб, уларнинг сабаблари кенг таҳлил этилди.

Вилоят аҳолисининг ҳаётий эҳтиёж ва манфаатларини таъминлаш, катта умид билан ҳаётга қадам қўяётган ёшларимизнинг йўлини очиб бериш, вилоят ва туманларда бошқарув ишларининг самарасини ошириш нуқтаи назаридан кўзга ташланадиган нуқсонлар, хулоса чиқарадиган масалалар ҳақида очиқ фикр алмашиб олинди.

Айни вақтда вилоятда мавжуд бўлган жуда катта имкониятлар ишга солинмаётгани, энг ташвишли томони – кўп йўналишлар бўйича Наманган бошқа вилоятлардан орқада қолаётганини кўриб, афсусланишга тўлиқ асослар борлиги айтиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида вилоятда охирги йилларда иқтисодий ривожлантириш дастурларининг амалга оширилиши натижасида субвенция, яъни марказ бюджетидан ёрдам улуши камайган бўлса-да, унинг ҳажми ҳалигача юқори даражада сақланиб қолаётганига алоҳида эътибор қаратди. Бугунги кунда маҳаллий харажатларнинг 41 фоизи мамлакатимиз бюджети ҳисобидан қопланиб келаётгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Энг ачинарлиси, вилоятдаги 11 та тумандан 10 тасида бу кўрсаткич 60 фоиздан ошиб кетган. Айниқса, Косонсой, Тўрақўрғон, Уйчи, Янгиқўрғон туманларида бу масала ўта долзарб бўлиб қолмоқда.

Ҳолбуки, Наманганда ҳали ишга солинмаган шундай беҳисоб имкониятлар борлигини инобатга оладиган бўлсак, ўзингиз айтинг, бундай ҳолат сизларга ярашадими, деб таъкидлади Юртбошимиз.

Мажлисда вилоятда маъмурий-ҳудудий тузилиш масаласида юзага келган жиддий муаммолар ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилди. Баъзи жойларда қаерда шаҳар, қаерда туман бошланадию қаерда тугашини аниқ билиб бўлмайди. Бу борада, айниқса, Наманган тумани ва Наманган шаҳрининг маъмурий чегарасини қайтадан кўриб чиқиш талаб этилади.

Амалдаги чегаралар шундай ўтказилганки, шаҳарнинг ривожланиши учун захира ерлар назарда тутилмаган ва бунинг оқибатида туман ва шаҳарнинг ерлари туташиб кетган. Энг ёмони, шаҳар ва туманлар раҳбарларининг ҳудудларни ривожлантириш масаласидаги масъулияти ва жавобгарлиги аниқ эмас. Бу масалани атрофлича кўриб чиқиб, унинг амалий ечимини топишимиз керак.

Мен сентябрь ойида Уйчи, Мингбулоқ, Тўрақўрғон туманларида бўлиб, вилоят раҳбарияти томонидан кўпгина соҳаларда оқсоқликка йўл қўйилганига, айни вақтда мамлакатимиз ҳукуматининг ҳам Наманганга эътибори бирмунча сусайиб қолганига ишонч ҳосил қилдим, деди Ислом Каримов.

Юзага келган бундай аҳволнинг сабаблари ҳақида гапирганда, аввало, вилоятда стратегик аҳамиятга эга бўлган, ташқи бозорга маҳсулот чиқарадиган йирик саноат корхоналарини қуриш масалаларига етарлича эътибор берилмаётганини таъкидлаш керак. Буни кейинги йилларда вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулотида саноатнинг улуши атиги 11 фоизга яқинни ташкил этаётгани ҳам исботлаб турибди. Ҳолбуки, мамлакатимиз миқёсида бу рақам икки баробардан зиёд кўп бўлиб, 25 фоиздан иборат. Шунинг учун ҳам ҳозирги кунда Наманган вилоятининг мамлакатимиз саноатидаги улуши жуда паст даражада – бор-йўғи 2,7 фоиз бўлиб қолмоқда. Бу албатта ҳеч кимни қониқтирмайди.

Жорий йилда вилоятдаги 10 та йирик саноат корхонасида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 36 миллиард сўмга камайган, аҳоли жон бошига истеъмол товарлари ишлаб чиқариш эса мамлакатимиздаги ўртача кўрсаткичдан 1,7 баробар орқада қолган.

Энг ёмони, мавжуд корхоналарнинг аксарияти тўла қувват билан ишламаяпти. Бунга эса ишлаб чиқаришга корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш, менежмент ишини тўғри йўлга қўйиш, бу борада замонавий усуллардан фойдаланиш бўйича деярли силжиш йўқлиги сабаб бўлмоқда. Натижада буюртма портфели номига шакллантирилмоқда, бир қатор корхоналарнинг молиявий аҳволи йилдан-йилга ёмонлашмоқда, уларнинг техника ва технологиялари эскилигича қолмоқда.

Бугунги кунда вилоят бўйича 327 та ёки жами саноат корхоналарининг 10 фоизи фаолият кўрсатмаётгани, 16 фоизи эса паст қувват билан ишлаётганини афсус билан қайд этишга тўғри келади.

Бу борадаги аҳволни холисона таҳлил қилиб айтадиган бўлсак, вилоятнинг кўпгина туманларида хомашё ва ишчи ресурслари, тегишли инфратузилмалар етарли бўлишига қарамасдан, замонавий саноат корхоналари барпо этиш бўйича ташаббус ва амалий ҳаракатлар деярли сезилмаяпти.

Шу муносабат билан илгари ҳам кўп бор айтган гапни яна такрорлашга тўғри келади – фақат пахта, ғалла ва сабзавот етиштириш, фақат аграр соҳа ҳисобидан янги корхоналар, уй-жойлар қуриш, пенсия, нафақа ва стипендияларни ўз вақтида тўлаш, ижтимоий эҳтиёжларни бажариш, кўпайиб бораётган аҳолимизни боқиш мумкинми, деди Юртбошимиз.

Ўзингиз бир тасаввур қилинг – 1991 йилда мамлакатимиз аҳолиси 20 миллион 500 минг киши бўлган бўлса, мустақиллик йилларида халқимиз 1,5 карра ўсиб, 31 миллиондан ошди.

Ҳаммамизга маълум, бизнинг ер ва сув бўйича имкониятларимиз чекланган. Агар мамлакатимизда ер ва сув ресурслари етарли бўлса, Ўзбекистоннинг бугунги ҳолати бутунлай бошқача бўларди. Ер ҳам, сув ҳам танқис бўлиб, экин майдонларининг аксарият катта қисми шўрланган, тупроқ унумдорлиги пасайиб бораётган ҳозирги мураккаб бир шароитда Ўзбекистон деҳқонларининг қаҳрамонона меҳнати, матонати, чидамига тан бериб, уларнинг олдида ҳар қанча таъзим қилсак, арзийди, деб таъкидлади Президентимиз. Лекин такрор ва такрор айтишни зарур деб биламан. Бизнинг энг устувор вазифамиз – бу таркибий ўзгаришлар сиёсатини олиб бориш, саноатни диверсификация қилиш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик модернизация қилиш, ахборот-коммуникация тизимларини кенг жорий этиш ҳисобидан иқтисодиётимизнинг рақобатдошлигини оширишдан иборат.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида айни шу мақсадда Наманган вилоятининг саноат салоҳияти ва инфратузилмасини кескин ривожлантириш бўйича 2016-2019 йилларга мўлжалланган махсус дастур устида бошланган ишлар ўз якунига етаётганини маълум қилиб, кенг кўламли бу дастур ҳақида тўхталиб ўтди.

Мазкур дастур 5 та асосий йўналишдан иборат бўлиб, биринчи йўналиш Наманган вилоятида янги саноат объектларини барпо этишга қаратилган 16 та йирик инвестиция лойиҳасини ўз ичига олади. Бу ҳақда гапирганда, Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини бунёд этиш лойиҳаси ҳақида алоҳида сўз юритиш ўринлидир. Биринчи босқичда, яъни, 2017 йилда ҳар бири 450 мегаватт қувватга эга иккита энг замонавий буғ-газ турбинасини ишга тушириш бўйича бугунги кунда жадал иш олиб борилмоқда. Иккинчи босқичда, яъни, 2020 йилда яна иккита ана шундай турбинани ишга тушириш кўзда тутилмоқда.

Ана шу улкан лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобидан биз нафақат Наманган вилояти, балки бутун Фарғона водийсининг иқтисодиёти ҳамда аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш, шу асосда янги-янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш имкониятига эга бўламиз.

Дастурнинг иккинчи йўналиши вилоятда фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйича 25 та инвестиция лойиҳасини қамраб олади. Уларнинг орасида Наманган шаҳридаги “Электр қурилмалари” акциядорлик жамиятининг ишлаб чиқариш қувватини оширишга қаратилган лойиҳа муҳим ўрин тутади. Шу аснода металл конструкциялар ва қуйи вольтли электр асбоб-ускуналари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Учинчи йўналиш – маҳаллий ҳокимият идоралари ва тадбиркорлик тузилмаларининг саноат салоҳиятини ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича ташаббуслари асосида тузилган бўлиб, унда 177 та лойиҳа ўрин олган. Уларнинг орасида Уйчи туманида хорижий инвесторлар билан биргаликда ташкил этиладиган ипак-трикотаж маҳсулотлар корхонаси, Наманган шаҳридаги “Камол-медфарм” масъулияти чекланган жамиятида маҳаллий шифобахш ўсимликлардан дори-дармон ва инъекция воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, “ФТ текстиль груп” масъулияти чекланган жамиятида эса пахта хомашёсидан ип-калава ва тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва бошқа истиқболли лойиҳалар диққатга сазовордир.

Дастурнинг яна бир муҳим йўналиши – муҳандислик коммуникациялари ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини қуришга доир бир қатор лойиҳалардан ташкил топган. Шулар қаторида Поп туманида электрлаштирилган “Ангрен – Поп” темир йўли подстанцияларини электр билан таъминлайдиган иншоотларни барпо этиш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, вилоятдаги фойдали қазилма конларини аниқлашга қаратилган геология-қидирув ишларини босқичма-босқич амалга ошириш ва ривожлантиришга оид чора-тадбирлар ҳам мазкур ҳужжатнинг узвий бир қисмини ташкил этади. Бу борада фойдали қазилма конларини топиш эҳтимоли бўлган Поп, Чуст, Косонсой, Янгиқўрғон, Чортоқ туманларида геология-қидирув ишларини давом эттириш ва уларнинг ҳудудида янги корхоналар қуриш мўлжалланмоқда.

Ёдингизда бўлса, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида Мингбулоқ туманидаги кондан нефть отилиб чиқиб, ҳаммамиз қандай қувонган эдик, деб фикрини давом эттирди Ислом Каримов. Лекин орадан кўп ўтмасдан, нефть чиқиши тўхтаб қолди. Мутахассисларнинг фикрича, бу кондаги нефть ернинг жуда чуқур қатламида жойлашган бўлиб, уни қазиб олиш учун энг замонавий ва ноёб ускуналар талаб этилади. Дастурда мана шу масала бўйича чет эллик ҳамкорлар билан қидирув ва қазиш ишларини давом эттириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар ва молиявий манбалар белгиланган.

Мухтасар қилиб айтганда, ушбу дастур доирасида келгуси 4 йилда умумий қиймати 5 миллиард доллар бўлган 250 дан зиёд лойиҳани жорий этиш ва шунинг ҳисобидан 16 мингдан ортиқ иш ўрнини яратиш мўлжалланаётгани, ўйлайманки, бу соҳада амалга оширадиган ишларимизнинг кўлами ва миқёсидан далолат беради, деди Президентимиз.

Мажлисда вилоятда маҳсулотларни экспорт қилиш борасидаги вазият ҳам чуқур таҳлил этилди. Мисол учун, жорий йилнинг 9 ойида ҳудудий корхоналар томонидан 80 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниб, прогноз кўрсаткичи 86 фоиз даражасида қолиб кетгани бу борадаги ишлар қониқарсиз эканидан далолат беради. Айниқса, Поп, Чуст, Чортоқ, Учқўрғон, Наманган туманларида бу масала ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Бундан ташқари, фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича ишларни ҳам, афсуски, бирорта туманда қониқарли йўлга қўйилган, деб бўлмайди.

Барчамизга яхши маълум, одамларни, аввало, ёшларни иш билан банд қилиш, шунинг ҳисобидан даромад топишда, аҳолининг оғирини енгил қилишда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси муҳим ўрин тутади, деб қайд этди Ислом Каримов.

Жорий йилда вилоятда хизматлар соҳасидаги ўсиш қарийб 120 фоизни ташкил этиб, ялпи ҳудудий маҳсулотда уларнинг улуши 50 фоиздан ошганини албатта ижобий баҳолаш лозим. Бироқ, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, хизматлар ҳажми мамлакатимиздаги ўртача кўрсаткичдан икки баробар паст экани бу тармоқни ривожлантириш учун ҳали кўп иш қилиш зарурлигини кўрсатади.

Мавжуд ҳолатни ўзгартириш учун вилоятда келгуси уч йилда хизматлар соҳасида 600 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Уларнинг аксарияти алоқа ва ахборот, компьютер хизматлари, банк, аудит, суғурта, молиявий лизинг каби замонавий сервис турларини қамраб олиши билан эътиборлидир.

Бугунги кунда ҳар қандай давлатнинг тараққиётини иқтисодиётнинг қон томири бўлган замонавий транспорт-коммуникация тармоқларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бу борада Наманган вилоятида, бутун Фарғона водийсида қандай улкан ишларни амалга ошираётганимиздан сизлар яхши хабардорсиз, албатта, деди давлатимиз раҳбари. Айниқса, 123 километр узунликдаги “Ангрен – Поп” электрлаштирилган темир йўлининг қурилиши Ўзбекистонимиз ҳаётида улкан тарихий воқеа бўлиши шубҳасиз. Денгиз сатҳидан қарийб 1,5 минг метр баландликда жойлашган, мураккаб тоғ тизмаларини кесиб ўтадиган, 19 километрдан зиёд тоннелни ўз ичига оладиган, хитойлик шерикларимиз билан ҳамкорликда барпо этилаётган ушбу ноёб лойиҳа бўйича ҳозирги вақтда 104 километр йўл қуриб битказилди.

Бу замонавий коммуникация тармоғи Фарғона водийсини мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан темир йўл орқали ишончли боғлаш имконини беради. Айни вақтда у Европа ва Осиё қитъаларини бир-бири билан боғлайдиган трансмиллий транспорт йўлагининг энг муҳим бўғинига айланиши билан ҳам муҳим стратегик аҳамиятга эгадир.

Шунингдек, вилоятда яқин 5 йил ичида 130 километрдан ортиқ автомобиль йўллари, қатор йўл ўтказгичлар, транспорт инфратузилмаси объектлари қуриш режалаштирилмоқда.

Сессияда иқтисодиётимизнинг ҳал қилувчи тармоқларидан бирига айланиб бораётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси Наманган вилоятида изчил ривожланаётгани алоҳида эътироф этилди. Ҳозирги кунда ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида бу соҳанинг улуши 80 фоизни ташкил этмоқда, иш билан банд аҳолининг 82 фоиздан зиёди ушбу секторда меҳнат қилмоқда.

Шу билан бирга, бу соҳада айрим муаммолар борлиги ҳам мажлисда қайд этилди. Масалан, вилоятда рўйхатга олинган 14 минг 765 та кичик бизнес субъектининг 2 мингдан ортиғи фаолият кўрсатмаяпти. Кичик бизнес субъектлари ўз ишини ташкил этиши учун уларга бинолар, ер участкалари ажратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш масалаларида ҳали-бери тўсиқ ва ғовлар учраб турибди.

Энг ёмони, турли назорат идоралари томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиш ҳолатлари кўзга ташланмоқда. 2015 йилнинг ўтган даврида назорат органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолияти юзасидан 45 та ноқонуний текшириш ўтказилгани аниқланган. Бу соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида яқинда қабул қилинган қонун ҳужжатларидан сизлар хабардорсиз, деб ўйлайман, деди Юртбошимиз.

Бугун, мана шу минбардан туриб, яна бир бор айтмоқчиман: бу ҳужжатларда тадбиркорлик йўлига тўсиқ ва ғов бўлган мансабдорларни нафақат ишдан олиш, балки жавобгарликка тортиш бўйича ҳуқуқий нормалар киритилган. Агар кимки ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилиб, тадбиркорларга ёрдам бериш ўрнига уларнинг фаолиятига тўсиқ қўядиган бўлса, қулоғига қўрғошиндек қуйиб олсин: бу масала бўйича сўров ва жавобгарлик қаттиқ бўлади, деди Ислом Каримов.

Мажлисда алоҳида таъкидлаб ўтилганидек, азал-азалдан ўзининг деҳқончилик маҳорати, миришкорлик фазилатлари билан шуҳрат қозонган Наманган аҳли қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам эътиборга лойиқ ютуқларга эришмоқда.

Ҳозирги вақтда вилоятда қарийб 5 минг 500 та фермер хўжалиги мавжуд бўлиб, кейинги уч йилда уларнинг 2 минг 730 таси кўп тармоқли хўжаликка айлантирилди. Бунинг натижасида қишлоқ жойларда 17 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилгани айниқса аҳамиятлидир.

Вилоятнинг миришкор деҳқон ва фермерлари 2015 йилда, барча қийинчиликларга қарамасдан, ғалла ва пахта бўйича шартнома мажбуриятларини адо этишга эришдилар, бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан ҳам юқори ҳосил олишга муваффақ бўлдилар.

Фурсатдан фойдаланиб, вилоятнинг деҳқон ва фермерлари, барча дала меҳнаткашларига фидокорона меҳнатлари учун ўз номимдан, халқимиз номидан самимий миннатдорлик билдиришни ҳам қарз, ҳам фарз, деб биламан, деди Президентимиз.

Бундай ютуқларда кейинги беш йил давомида 52 миллиард 300 миллион сўм ҳисобидан қарийб 88 минг гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшилангани, ҳеч шубҳасиз, энг муҳим омиллардан бири бўлди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилаётган бундай ижобий натижаларни эътироф этар эканмиз, бу борада бир қатор жиддий камчиликларга йўл қўйилаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди, деб фикрини давом эттирди Юртбошимиз. Маҳаллий ҳокимликлар, Фермерлар кенгашлари томонидан фермерлар билан ишлаш, уларга ер майдонларини оптимал миқдорда ажратиб бериш, ердан самарали фойдаланиш ишлари талаб даражасида ташкил этилмаган.

Бугунги кунда пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги 300 дан ортиқ фермер хўжалигининг ер майдонлари 70-80 гектардан кўп, яъни, оптимал даражадан юқори бўлиб, бунинг натижасида ана шу фермерлар ишни эплолмасдан, шартнома мажбуриятларини бажара олмасдан келмоқда. Мисол учун, жорий йилда пахтачиликда 272 та, ғаллачиликда 153 та фермер хўжалиги шартнома мажбуриятларини бажармаган.

Шунинг учун ҳозирги кунда вилоятда ердан самарасиз фойдаланган, шартнома мажбуриятларини бажармаган 400 дан ортиқ фермер хўжалигининг ер майдонлари оптималлаштирилиб, уларнинг негизида 800 дан ортиқ янги фермер хўжаликлари ташкил этилмоқда. Пахта ва ғаллачиликда ўртача ер майдони 49,5 гектардан иборат бўлмоқда. Бундай ишлар боғдорчилик ва сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида ҳам олиб борилмоқда. Бунинг натижасида вилоятда 20 мингдан ортиқ қўшимча иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Наманган заминида ғўза ва ғалла навларини ҳар бир ҳудуднинг табиий ва иқлим шароитини ҳисобга олмасдан, нотўғри жойлаштириш ҳолатлари кузатилмоқда. Янги ва истиқболли навларни синаш ва районлаштириш, қишлоқ хўжалиги машина ва трактор паркини янгилашга етарлича эътибор берилмаяпти. Шу билан бирга, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш масаласи ҳам қониқарли эмас. Буни мева ва сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш даражаси вилоят бўйича 17 фоизни ташкил этаётгани ҳам исботлаб турибди.

Вилоятда чорвачилик ва паррандачилик тармоқларининг маҳсулдорлик кўрсаткичи мамлакатимиз бўйича энг охирги ўринга тушиб қолгани барчамизни, биринчи навбатда, маҳаллий раҳбарлар, депутат ва фаолларни ташвишга солиши керак.

Бугунги кунда Наманган вилоятининг аҳолиси қарийб 2 миллион 600 минг кишини ташкил этмоқда. Кейинги 5 йилда вилоят аҳолисининг сони 10 фоизга ўсди. Табиийки, ҳаёт ўзгариши билан ана шу инсонларнинг талаб ва эҳтиёжлари, орзу-ниятлари, керак бўлса, ташвиш-муаммолари ҳам ортиб боради. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, вилоятда аҳолининг реал даромадлари 2009 йилга нисбатан жон бошига икки баробар кўпайгани, шу даврда ўртача ойлик иш ҳақи қарийб икки ярим марта, пенсия ва ижтимоий нафақалар салкам уч марта ортганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Айни пайтда аҳолига хизмат кўрсатадиган ижтимоий инфратузилмалар тармоғини кенгайтириш бўйича ҳам эътиборга лойиқ ишлар қилинмоқда. Масалан, жорий йилда вилоятда 89 та ижтимоий соҳа ва инфратузилма объекти фойдаланишга топширилди, кўплаб мактаблар, болалар спорти иншоотлари, лицейлар, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртларида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Шунингдек, вилоятнинг 34 та қишлоқ аҳоли пунктини ичимлик суви билан таъминлаш яхшиланди. Ана шу ишларни изчил давом эттириш мақсадида Наманган шаҳрида келгуси йилда 40 километр узунликдаги иккинчи сув тармоғини қуриш ва ичимлик суви тармоқларини модернизация қилиш кўзда тутилмоқда.

Кейинги йилларда вилоятнинг қишлоқ массивларида намунавий лойиҳалар асосида 4 мингдан ортиқ уй-жой қуриб фойдаланишга топширилди. Мазкур массивларда 216 километр ичимлик суви тармоғи, қарийб 100 километр электр, 186 километр газ тармоқлари ва 78 километр йўл ҳамда 114 та инфратузилма объекти барпо этилгани бу уйларда яшаётган одамлар учун қулай ҳаёт шароитларини туғдирмоқда.

Келгуси йилда вилоятда яна 911 та ана шундай замонавий уй-жойларни тегишли муҳандислик ва коммуникация тармоқлари билан бирга барпо этиш режалаштирилган бўлиб, бу қишлоқ аҳолисининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Биз учун бебаҳо бойлик бўлган одамларимизнинг саломатлигини асраш ҳақида гапирадиган бўлсак, охирги йилларда вилоят шошилинч тиббий ёрдам маркази ва унинг туман бўлимлари, бир қатор янги шифохона ва поликлиникалар бунёд қилинганини таъкидлаш ўринлидир.

Шулар қаторида 15 миллиард сўм бюджет маблағлари ҳисобидан кўп тармоқли тиббиёт маркази ва онкология диспансери биноси, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Яна бир муҳим лойиҳа, яъни Наманган шаҳрида барча қулайликларга эга, Фарғона водийсида ягона бўлган Кардиохирургия маркази ташкил этилиб, қиймати 1 миллион долларлик замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланганини алоҳида қайд этиш зарур. Бу эса авваллари Тошкент шаҳрида ёки хорижда амалга оширилган мураккаб тиббий операцияларни шу ернинг ўзида бажариш имконини бермоқда.

Наманган вилоятида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, янги-янги спорт объектларини қуриш борасида ҳам катта ишлар қилинмоқда.

Яратилган ана шундай қулай шароитлар наманганлик ёшлар учун парвоз майдони бўлиб хизмат қилмоқда. Жумладан, сўнгги пайтда уларнинг 36 нафари халқаро миқёсдаги спорт мусобақаларида фаол иштирок этгани, 26 нафари жаҳон ва Осиё чемпионатларининг ғолиб ва совриндорлари бўлгани, ҳеч шубҳасиз, барчамизни қувонтиради.

Биз учун катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган бандлик масаласи ҳақида гапирадиган бўлсак, вилоятда ҳар йили минглаб янги иш ўринлари ташкил этилаётганини албатта ижобий баҳолаш керак, деди давлатимиз раҳбари. Аммо шунга қарамасдан, бугунги кунда Наманганда 52 мингдан ортиқ киши доимий иш билан таъминланмагани барчамизни, аввало вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларини жиддий ташвишга солиши лозим. Аҳолини, айниқса, ёшларимизни иш билан таъминлаш, бу борада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамон долзарб масала бўлиб қолмоқда.

Мисол учун, 2015 йилда касб-ҳунар коллежларини битириб чиққан ўғил-қизларимизнинг 17 фоиздан зиёди коллеж ва корхона ҳамкорлик тизими бўйича ҳалигача иш билан таъминланмаган.

Шу муносабат билан Президентимиз юртимиздаги барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига қарата қуйидагиларни таъкидлади: билиб қўйинглар, ўрта махсус ва олий ўқув юртларини битириб, ҳаётга йўлланма олган ёшларимизни замонавий иш билан таъминламасдан, ўз ҳолига ташлаб қўйиш – бу кечириб бўлмайдиган хато, ёш авлодимизга нисбатан хиёнатдир. Ҳар қайси ҳокимнинг фаолиятига, биринчи навбатда, у бошқараётган ҳудудда бу борадаги ишлар қандай йўлга қўйилганига қараб баҳо берилишини яна бир бор таъкидлаш ўринлидир.

Ҳаммамиз яхши тушунамиз, деди давлатимиз раҳбари, бугунги кунда Наманган аҳли олдида турган улкан вазифаларни бажаришда кўп нарса вилоят бошқарувида раҳбарлик вазифасида ўтирган шахсларга, энг аввало, ишни тўғри ташкил этиб, эл-юртни катта мақсадлар сари ўз ортидан эргаштира оладиган биринчи раҳбарнинг масъулиятига боғлиқ. Ана шу нуқтаи назардан қараб, вилоят ҳокими Баҳодир Юсуповнинг фаолиятига баҳо берадиган бўлсак, афсуски, охирги пайтларда унинг ишида ўзибўларчилик, бепарволик ва лоқайдлик, сусткашлик кайфияти кучайиб бораётганини кўриш мумкин, деди Ислом Каримов.

Маълумки, Б.Юсупов 7 йил давомида вилоятда биринчи раҳбар бўлиб ишлади. Намангандек катта бир вилоятга етакчи бўлиш масъулиятини ўз зиммасига олган бу шахснинг авваламбор кенг миқёсда фикрлашга, аҳолининг ташвиш ва муаммолари, дарди билан яшашга, энг муҳими, вилоятда турли соҳа ва тармоқларни бошқарадиган, ўзининг қўл остида ишлайдиган раҳбар ва мутахассисларни ягона бир мақсад учун бирлаштиришга қурби етмади.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Б.Юсупов Наманган вилояти ҳокими вазифасидан озод қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов тавсиясига кўра, вилоятнинг Мингбулоқ тумани ҳокими вазифасида ишлаб келаётган Хайрулло Бозоров Наманган вилояти ҳокими этиб тасдиқланди.

Президентимиз раҳбарнинг бугунги кундаги ўрни ва масъулияти, кадрларни раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш масаласи ҳақида атрофлича тўхталиб, жумладан, қуйидагиларни баён этди.

Мен кўп марта айтган бир фикрни бугун яна бир бор такрорлашни ўринли деб биламан. Менинг мамлакат раҳбари сифатида зиммамга юкланган энг катта, энг оғир, шу билан бирга, ўта масъулиятли вазифа ҳақида гапирганда, бу аввало кадрларни раҳбарлик лавозимларига – бу вазирлик ёки тармоқ етакчиси бўладими, вилоят ёки туман раҳбарлари бўладими – танлаш ва тавсия қилишдан иборат. Бу сафар ҳам ана шундай оғир масъулиятли ишни бажаришга тўғри келганини ўзим учун яна бир синов деб биламан. Лекин бу синов, очиқ айтадиган бўлсам, барчамизнинг зиммамизга тушадиган синовдир. Нега деганда, ҳозиргина сизлар билан сайлаб-тасдиқлаб олган раҳбарни барчангиз яхши танийсиз, унинг қандай оилада, қандай муҳитда тарбия топгани, етакчилик хусусиятлари ҳақида у билан бирга ишлаган одамлар сифатида мендан ҳам чуқурроқ биласиз.

Шунинг учун, азиз дўстларим, қадрдонларим, бугун барчамиз катта бир масъулиятни зиммамизга олишимиз табиийдир. Бугун ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган улкан вазифаларни ҳал этишда сизлар янги раҳбар атрофида бирлашиб, унга таянч ва суянч бўласиз, Наманган воҳасининг обрў-эътиборини янги босқичга кўтарасиз, деб ишонаман. Меҳнаткаш, ишнинг негизини биладиган, дину диёнатли Наманган аҳли шу борада ўзини кўрсатиб, кўпчиликка ўрнак ва намуна бўлади ва эзгу мақсадларига албатта етади, деди Президентимиз ўз нутқининг якунида.

Сессияда сўзга чиққан Наманган давлат университети профессори Турсунбой Файзуллаев, “Афрўз-Камол-Наби” масъулияти чекланган жамияти директори Собитхон Нўъмонов, Чуст туманидаги “Баймоқ” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Мавлуда Имомова ва бошқалар Президентимизнинг нутқида Наманган вилоятида кейинги йилларда эришилган ютуқ ва натижалар билан бирга, кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш борасида жиддий камчилик ва муаммолар борлиги, уларни ҳал қилиш йўллари чуқур таҳлил этилиб, вилоятни ривожлантиришнинг истиқбол режалари, шу йўлда Наманган аҳли олдида турган долзарб вазифалар аниқ-равшан кўрсатиб берилгани, уларни амалга ошириш учун бутун вилоят аҳолиси бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатлик билан меҳнат қилиши зарурлигини алоҳида таъкидладилар.

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Наманган вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси