ЎзА Ўзбек

08.11.2019 Чоп этиш версияси

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг стратегик иқтисодий ҳамкорлиги тўғрисида декларация​

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг стратегик иқтисодий ҳамкорлиги тўғрисида декларация​
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 10-11 октябрь кунлари Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди. Тадбирда Ҳамдўстлик доирасида кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга йўналтирилган қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Улар орасида МДҲ давлатларининг стратегик иқтисодий ҳамкорлиги тўғрисидаги декларация ҳам бор.

Декларация Ҳамдўстлик доирасида ҳамда бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан биргаликда иқтисодий алоқаларни такомиллаштириш имконини берувчи самарали ҳамкорлик механизмларини яратишга қаратилган. Қуйида ҳужжатнинг тўлиқ матни келтирилади.


МУСТАҚИЛ ДАВЛАТЛАР ҲАМДЎСТЛИГИГА АЪЗО ДАВЛАТЛАРНИНГ СТРАТЕГИК ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИГИ ТЎҒРИСИДА ДЕКЛАРАЦИЯ

Биз, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (кейинги ўринларда – МДҲ, Ҳамдўстлик) аъзо давлатлар раҳбарлари, Ҳамдўстликнинг ва МДҲ аъзоси бўлган ҳар бир давлатнинг иқтисодий манфаатларини амалга ошириш, ҳам МДҲ доирасида, ҳам минтақа ва минтақалараро миқёсда бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан иқтисодий алоқалар ривожланишини такомиллаштиришга имкон берувчи самарали ҳамкорлик механизмлари яратилишига катта аҳамият қаратиб,

МДҲда ва МДҲ аъзоси бўлган ҳар бир давлатда ўзаро иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш ва такомиллаштириш бўйича мавжуд бой тажрибага таянган ҳолда,

халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган ва тенг ҳуқуқли мустақил давлатларнинг ҳамкорлигига асосланган дунёдаги энг йирик минтақавий халқаро ташкилотлардан бири сифатида,

янги глобал ва минтақавий таваккалчилик ва хавфлар пайдо бўлганини ҳисобга олиб,

стратегик иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, минтақавий ва минтақалараро даражада ўзаро ҳамкорликнинг янги шаклларини излаш мақсадида МДҲга аъзо давлатларнинг саъй-ҳаракатларини жипслаштиришга интилиб,

барқарорликни мустаҳкамлаш ва узлуксиз иқтисодий ривожланишни таъминлаш, глобал тинчлик, тараққиёт ва аҳоли фаровонлигини ошириш, кўп томонлама конструктив мулоқотни тўхтовсиз кенгайтириш мақсадида МДҲга аъзо давлатларнинг стратегик иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш янада давом эттирилишини маълум қиламиз.

МДҲга аъзо давлатлар иқтисодий ҳамкорлигининг асосини Евроосиё минтақасида барқарор иқтисодий ўсишнинг муҳим компоненти бўлган тенг ҳуқуқли шерикларнинг мустаҳкам иттифоқи ташкил этади. Ушбу иттифоқ Европа ва Осиё мамлакатлари учун узоқ муддатли ва истиқболли иқтисодий ҳамкор, минтақавий аҳамиятга эга йирик энергетик ва транспорт-транзит узели ҳисобланади.

МДҲни ривожлантириш ва мустаҳкамлашда ҳам Ҳамдўстлик доирасида, ҳам жаҳон хўжалиги алоқалари доирасида янги ёндашувларни ишлаб чиқиш, дунё иқтисодиёти ривожланиши жараёнларида етакчи ташкилот сифатида мақомини мустаҳкамлаш, ҳамкорликнинг янги шаклларини излаш муҳим ўрин тутади.

МДҲга аъзо давлатлар кўпроқ эркинлик шароитида умумий тинчликни мустаҳкамлаш учун БМТнинг 2030 йилгача барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини қўллаб-қувватлайди ва фаоллик билан амалга оширади.

Барча имкониятлар, жумладан, МДҲ доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва кооперациядан самарали фойдаланиш МДҲга аъзо давлатлар учун жадал иқтисодий ривожланиш ва уларнинг жаҳон хўжалик тизимига таъсирини кучайтириш борасида амалий имкониятлар яратади.

МДҲга аъзо давлатларнинг стратегик иқтисодий ҳамкорлиги халқаро шартномаларга, МДҲга аъзо давлатлар қонунчилигига риоя қилишга, ўзаро манфаатдорликка, тенг ҳуқуқлилик ва камситмасликка, транспарентлиликка, иқтисодий самарадорликка, ресурсларни тежашга, экологик хавфсизлик ва юқори технологиялардан фойдаланишга асосланади.

МДҲга аъзо давлатлар стратегик иқтисодий ҳамкорлигининг мақсадлари қуйидагича: Ҳамдўстликнинг фундаментал асосларини янада мустаҳкамлаш, унинг йирик транспорт ва энергетик лойиҳалар амалга ошириладиган, замонавий инфратузилма, коммуникациялар, халқаро транспорт йўлаклари, минтақалараро ва глобал кўламдаги логистик марказлар яратиладиган макон сифатида жаҳон хўжалик алоқаларига интеграцияси (барча МДҲга аъзо давлатлар интеграцияси каби); Ҳамдўстликнинг иқтисодий салоҳиятини жиддий равишда ошириш ва унинг негизида МДҲга аъзо ҳар бир давлатнинг самарали ривожланиши ва барқарор иқтисодий ўсишини, жумладан, камбағаллик камайишини, ишсизлик муаммосини ҳал қилишни; МДҲнинг халқаро нуфузини ошириш, халқлари манфаати йўлида МДҲга аъзо давлатларнинг бир-бирининг ўрнини босишини ва иқтисодий салоҳиятини кучайтиришни таъминлайди.

МДҲга аъзо давлатлар стратегик иқтисодий ҳамкорлиги вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланган:

иқтисодий ҳудудларни ривожлантириш бўйича қўшма глобал ва инвестицион лойиҳа ва дастурларни илгари суриш орқали Ҳамдўстлик ва МДҲга аъзо давлатлар таъсирини кенгайтириш;

БМТнинг 2030 йилгача барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини амалга ошириш мақсадида МДҲга аъзо давлатлар ва учинчи давлатлар ва/ёки нуфузли халқаро ташкилотларнинг иқтисодий манфаатдорлигига асосланган самарали ҳамкорлик механизмларини яратиш;

стратегик иқтисодий ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш, ривожланиш бўйича қўшма глобал ва инвестицион лойиҳа ва дастурларни амалга оширишда МДҲга аъзо давлатларнинг салоҳиятли имкониятларини бирлаштириш ва айни пайтда экологик муаммоларни ҳал қилиш;

инновациялар ва нанотехнологиялардан кенг фойдаланиш, мавжуд табиий ва иқтисодий ресурслардан комплекс тарзда фойдаланиш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, жаҳон иқтисодиёти тизимида ҳамкорлик шаклларини кўпайтириш ва шериклик алоқаларини таъминлаш орқали МДҲга аъзо давлатлар рақобатбардошлигини ошириш;

жаҳон транспорт тизимига изчиллик билан интеграциялашув ҳамда халқаро транспорт йўлаклари, Шарқ-Ғарб ва Шимол-Жануб йўналишларидаги асосий маршрутлар ва узеллар бўйлаб МДҲга аъзо давлатларнинг миллий инфратузилмаларини янада ривожлантириш;

МДҲга аъзо давлатларнинг географик ва инфратузилмавий имкониятларини, техник, технологик ва транзит салоҳиятини бирлаштириш;

Ҳамдўстлик ҳудудида молиявий барқарорликни таъминлаш ва мустаҳкамлаш;

жумладан, глобал даражада иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, халқаро хавфсизликни таъминлаш мақсадида коррупцияга, жиноий даромадларни легаллаштириш ва террорчиликни молиялаштиришга, бошқа хавфлар ва таҳдидларга қарши кураш;

глобаллашув туфайли вужудга келган муаммоларни биргаликда ҳал қилишда юқори даражали самарадорликка эришиш, унинг афзалликларидан халқаро молиявий ва маҳсулот бозорларида Ҳамдўстлик ва МДҲга аъзо давлатларнинг салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида фойдаланиш;

Ҳамдўстлик доирасида тегишли халқаро ҳужжатларни тайёрлаш ҳамда халқаро капитал бозорида унинг нуфузи ва мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида самарали мулоқот майдонини таъминлаш.

Белгиланган мақсадларга эришишда ва қайд этилган вазифаларни ҳал қилишда МДҲга аъзо давлатлар фаолиятининг устувор йўналишларини қуйидагилар ташкил этади:

миллий маҳсулот ишлаб чиқарувчилар товарларининг МДҲга аъзо давлатлар бозорига эркин кириб боришини таъминлаш мақсадида ўзаро савдо шартларини либераллаштириш ва янада ривожлантириш, эркин савдо режими, жумладан, хомашё импорти ва тайёр маҳсулот экспортига оид амалдаги чекловлар ва муомаладан чиқаришларни бекор қилиш;

Корхоналар ва технологик ўзаро алоқадор бўлган ишлаб чиқаришлар ўртасида кооперация алоқаларини ривожлантириш, техник қайта жиҳозлаш, инновацион технологиялар бўйича давлатлараро дастурларни ишлаб чиқиш, илмий-техник ҳамкорликнинг илғор йўналишларида ўзаро ҳамкорлик қилиш;

қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, заргарлик саноати каби соҳалар бўйича кооператив лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

биринчи навбатда, МДҲга аъзо давлатлар иқтисодиётини ривожлантиришга муайян таъсир кўрсатадиган транспорт, энергетика ва телекоммуникациялар соҳалари бўйича йирик қўшма инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, бунинг учун, жумладан, МДҲга аъзо давлатларнинг махсус иқтисодий зоналарига инвестициялар жалб қилиш;

халқаро энергетикага оид таъминотларнинг барқарор тизимини яратиш (ҳам электр энергияси, ҳам углеводородлар бўйича) ҳам МДҲ маконида, ҳам глобал энергетика бозорида ҳамкорлик қилишнинг самарали схема ва моделларини ишлаб чиқиш;

БМТ доирасида энергетика соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш механизмларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

энергия таъминоти ишончлилигини ошириш ва ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланишни оптималлаштириш мақсадида энергетика соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш;

углеводородларни қазиб олиш, ташиш ва транзит соҳасида ҳамкорлик қилиш;

жаҳон иқтисодиётининг муҳим элементларидан бири бўлган транспорт соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, МДҲга аъзо давлатлар ҳудудлари орқали ўтадиган халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш ва уларнинг рақобатбардошлигини ошириш; минтақадаги барча мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳамда халқаро ташкилотлар иштирокида кўп тармоқли ва хавфсиз халқаро транспорт инфратузилмасини яратиш; транспорт ва инфратузилмалар соҳасида МДҲ маконида МДҲга аъзо давлатларнинг учинчи мамлакатлар билан иқтисодий ва савдо ҳамкорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқадиган ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш ва Ҳамдўстликнинг транзит салоҳиятини оширишга йўналтирилган йирик халқаро ва минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш, ҳудудлараро алоқаларнинг узоқ муддатли истиқболига кучли туртки бериш, Евроосиё минтақаси янги геоиқтисодий маконнинг пойдеворини қўйиш;

Евроосиёда барқарор транспортни, барқарор транспорт боғламасини ривожлантириш ва халқаро транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш нуқтаи назаридан МДҲга аъзо давлатларнинг минтақавий иқтисодий комиссиялар, хусусан, БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси ҳамда Осиё ва Тинч океани учун Иқтисодий ва ижтимоий комиссия билан ҳамкорлигини кенгайтириш;

МДҲга аъзо барча давлатларнинг ишлаб чиқариш кучларини оқилона жойлаштириш ва аҳолининг барқарор ҳаракатчанлигини таъминлаш, ички ва халқаро туризм ҳажмини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини кучайтириш мақсадида Ҳамдўстликнинг транспорт-коммуникация тизимини ривожлантириш (темирйўллар ва автомобиль йўллари, аэропортлар ва денгиз портлари, қувур ўтказиш транспорти);

халқаро юк ташувларини амалга оширишда тариф сиёсати самарадорлигини ошириш ва фискал-маъмурий тўсиқларни бартараф этиш; ташиш жараёнларини оптималлаштириш; транзит юк ташишларда транспорт тизимларининг турли тузилмалари, жумладан, МДҲга аъзо давлатларнинг денгиз портлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик даражасини ошириш; МДҲга аъзо давлатларнинг ҳаво ҳаракати миллий тизимларини ташкиллаштиришни Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти тавсия этган амалиёт ва стандартларга мувофиқ уйғунлаштириш;

йирик транспорт-логистика марказлари ташкил қилиш;

молия соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш;

илмий-техник ва инновацион ҳамкорликни биргаликда, жумладан, учинчи мамлакатлар бозорида рақобатбардош маҳсулот яратиш учун асос сифатида кенгайтириш;

МДҲга аъзо давлатларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва Ҳамдўстлик доирасида ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида рақамли технологиялар, жумладан, сунъий интеллектни ривожлантириш ва ҳамкорликда улардан фойдаланиш;

таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва бандлик, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, маданият, ахборот, спорт ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик;

фавқулодда вазиятлар ҳақида огоҳлантириш ва табиий офатларнинг оқибатларини бартараф этиш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик; табиий ва техноген ҳалокатлардан огоҳлантириш ва уларга қарши ҳаракат қилиш бўйича биргаликдаги ишларни фаоллаштириш;

БМТнинг 2030 йилгача барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибига эришиш мақсадида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши, сув ресурсларини бошқариш, биохилма-хилликни сақлаш, ерлар деградациясига қарши курашиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш бўйича БМТнинг турли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;

Минтақавий хусусиятларни мустаҳкамлаш – ҳудудлар ва чегараолди ҳудудларини иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожлантириш, дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш масалаларини ҳал этишда МДҲга аъзо давлатлар ва улар ҳудудларининг кўп томонлама ўзаро ҳамкорлигидир.

* * *

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг стратегик иқтисодий ҳамкорлиги тўғрисидаги декларацияси мақсадларини амалга ошириш МДҲга аъзо ҳар бир давлат ва умуман Ҳамдўстликнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятидан янада тўлиқ фойдаланиш, уларнинг тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатли ва комплекс ҳамкорлигини кенгайтириш, ўзаро иқтисодий алоқаларини барқарор ривожлантириш; миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, жаҳон инқирози хавфлари ва таҳдидларига қарши туриш; тараққиётни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишни таъминлаш, жаҳон иқтисодиётида МДҲга аъзо давлатлар позицияларини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг фаровонлик даражасини юксалтиришга кўмаклашиш имконини беради.

Ашхобод шаҳри,
2019 йил 11 октябрь

2 760
ЎзА