Мурожаатнома: Кадрларни тайинлашда инвестицияга қўшаётган ҳиссаси эътиборга олинади
2019 йилда барча манбалар ҳисобидан қарийб 138 триллион сўмлик ёки 2018 йилга нисбатан 16 фоиз кўп инвестицияларни ўзлаштириш мўлжалланмоқда.
2019 йилда барча манбалар ҳисобидан қарийб 138 триллион сўмлик ёки 2018 йилга нисбатан 16 фоиз кўп инвестицияларни ўзлаштириш мўлжалланмоқда.
Бу борада тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдорини жорий йилга нисбатан қарийб 1,5 баробар ошириб, 4,2 миллиард долларга етказамиз. Натижада 142 та замонавий корхона ишга туширилади.
Чет эл инвестициялари биринчи навбатда стратегик тармоқларга жалб қилинади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижаси жаҳондаги етакчи халқаро рейтинг агентликлари томонидан эътироф этилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Масалан, дунёдаги нуфузли “Фич рейтингс” ва “Стандарт энд пюрс” рейтинг агентликлари биринчи марта мамлакатимизнинг халқаро суверен кредит рейтингини белгилади. Мазкур рейтинг давлат кафолатисиз хорижий инвестиция ва қарз маблағларини жалб этиш бўйича имкониятларимизни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Ана шу рейтинг баҳолари “Барқарор” прогнозига эга бўлиб, бу яқин 12-18 ой давомида ушбу кўрсаткичнинг пасайиш эҳтимоли камлигини англатади.
Ўзбекистон эришаётган бундай рейтинг баҳолари Аргентина, Арманистон, Беларусь, Миср, Украина каби давлатлардан юқори эканини қайд этиш жоиз.