ЎзА Ўзбек

15.11.2012 13:33 Чоп этиш версияси

Муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш даркор

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йилнинг 9 ойи якунларига бағишланган мажлисида бир қатор маҳаллий ҳокимликлар фаолияти танқид қилинди. Хусусан, Тошкент вилоятининг Қибрай туманида тегишли давлат дастурларини бажариш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қилинаётган ишлар талаб даражасида эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Қибрайда тадбиркорлик билан шуғулланиш, деҳқончилик қилиш, бир сўз билан айтганда, барча соҳаларни ривожлантириш учун кенг имконият, қулай муҳит ва инфратузилма мавжуд. Туман ерлари унумдор, сув таъминотида муаммо йўқ.

Туманда ғаллачилик, боғдорчилик ва сабзавотчилик билан бир қаторда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик каби сердаромад тармоқларни ҳам ривожлантириш имконияти катта. Жорий йил ушбу тармоқларда ўндан ортиқ лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида гўшт ва тухум каби озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш кўпайди.

Маълумотларга кўра, туманда ўтган тўққиз ой мобайнида қишлоқ хўжалик ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, халқ истеъмоли моллари тайёрлаш, инвестициялар киритиш, пуллик хизматлар кўрсатиш ва чакана савдо айланмаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бирмунча ўсган.

Лекин туманда амалга оширилиши зарур бўлган, аммо бажарилмаган ишлар ҳам анчагина.

Айни кунларда Қибрайда 237 якка тартибдаги уй-жойни қуриш ишлари давом этмоқда. Намунавий лойиҳалар бўйича “Янгиобод” ва “Оққовоқ” қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудларида барпо этилаётган ушбу уй-жойларни йил охиригача фойдаланишга топшириш белгиланган. Қурилиш ишлари билан танишар эканмиз, уйларни белгиланган муддатларда битказилишига кўзимиз етмади. Негаки, айрим уйларнинг ғишти энди терилмоқда. Сувоқ, плита ётқизиш ишлари якунланмаган.

“Алишеробод”, “Тўқайтепа-1”, “Тўқайтепа-2”, “Ёшлик” массивларида қад кўтараётган мазкур турар-жойларни ичимлик суви билан таъминлаш учун икки минг 420 метр узунликда қувур тортиш режалаштирилган. Айни кунгача бу иш атиги 24, 7 фоизга бажарилган.
Қурилаётган турар-жойларни электр энергияси билан таъминлаш чораларини кўриш, сантехника ва иситиш тизимларини ўрнатиш, ички йўллар қуриш ва уларни асфальтлаш ишлари ҳам режага нисбатан анча орқада қолмоқда.

– Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида айтилган танқидлардан ва қўйилган вазифалардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, барча соҳалар, хусусан, уй-жой қурилиши билан боғлиқ ишларни жадаллаштирмоқдамиз, – дейди Қибрай тумани ҳокими Ниғмат Маҳамедов. – Аввало, ҳар бир уйга масъуллар бириктирилди. Қурилиш ишларига қўшимча ишчи кучи ва техникалар жалб этилди. Ишни сифатли, тасдиқланган жадвал асосида боришини таъминлаш чора-тадбирларини кўрмоқдамиз.

Президентимиз Ислом Каримовнинг шу йил 20 июнда қабул қилинган "Республика иқтисодиёти тармоқларини 2012/2013 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси бўйича Қибрай туманида ҳам муайян ишлар бажарилди. Жумладан, кўп қаватли уйлардан йигирмага яқини мукаммал, 120 таси жорий таъмирланди. Шунингдек, 685 газ тақсимлаш ускуналари, 3,5 километр сув қувурлари, 320,7 километр электр тармоқлари ва саксон еттита трансформатор талаб даражасига келтирилди.

Аммо айрим кўп қаватли уйларнинг томи, оқова сув қувурларини таъмирлаш ишлари кечикмоқда. Умуман, қишга тайёргарлик бўйича туманда қилиниши зарур бўлган ишлар ҳали кўп. Ҳозирги кунда мутасадди корхона ва ташкилотлар томонидан ана шу ишларни қорли-қировли кунларга қолдирмай охирига етказиш бўйича тегишли чоралар кўриш зарур.

2012/2013 йил қиш ва баҳор ойларида туман аҳолисини картошка, пиёз, каби маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида 4 минг 689 тонна асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари захирасини яратиш белгиланган. Маълумотларга кўра, бу иш қарийб икки минг тоннага бажарилган, холос.

Туманда юзага келган бундай камчилик ва муаммоларни бартараф этиш учун етарлича шароит ва кенг имкониятлар мавжуд. Фақат улардан самарали фойдаланиш, ҳамжиҳатликда, масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, қатъият билан ишни изчил давом эттириш талаб этилади. Шундагина кутилган мақсадга эришиш мумкин.


ЎзА, Холмурод Салимов
7 869