ЎзА Ўзбек

23.10.2012 19:47 Чоп этиш версияси

Ўмон делегациясининг учрашувлари

Мамлакатимизга ташриф буюрган Ўмон Султонлиги Ташқи ишлар вазирлиги бош котиби Саид Бадр бин Ҳамад ал-Бусаидий раҳбарлигидаги делегация аъзолари 23 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида учрашув ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистон билан Ўмон ўртасидаги алоқалар барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувлари чоғида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2009 йилнинг октябрь ойида Ўмон Султонлигига давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада юқори поғонага олиб чиқди.

Музокарада ушбу ташриф чоғида эришилган келишувларнинг ижроси ва икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди. Анъанавий алоқалар, ҳамкорликни кенгайтиришга муштарак интилиш Ўзбекистон-Ўмон мулоқотини ривожлантиришда муҳим омил бўлаётгани қайд этилди.

Ўзбекистон билан Ўмон ўртасидаги муносабатлар дўстлик ва ҳамкорлик тамойиллари асосида изчил ривожланмоқда. Икки мамлакат ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида мунтазам маслаҳатлашувлар йўлга қўйилган. Ўзбекистон Республикаси билан Ўмон Султонлиги ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, даромадларнинг икки томонлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик ҳамда даромад ва капитал солиқларни тўлашдан бош тортишни бартараф этиш, шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, ҳаво транспорти қатновига доир ҳукуматлараро битимлар ҳамда нефть-газ, кимё, қурилиш, олий таълим, сайёҳлик, сармоя каби соҳаларга оид қатор ҳужжатлар ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигидаги учрашувда сармоявий соҳадаги муносабатларга алоҳида эътибор қаратилди ва бу соҳада ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўйича ижобий тажриба тўплангани таъкидланди. Ўмон томони “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ва “Ангрен” махсус индустриал зонаси имкониятлари билан таништирилди. Маданий-гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.

– Ўзбекистон билан Ўмон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари кўплаб соҳаларда жадал тараққий этаётгани бизни ғоят қувонтиради, – деди Саид Бадр бин Ҳамад ал-Бусаидий. – Мазкур ташриф муносабатларимизни янада ривожлантириш борасидаги имкониятларни кенгроқ ишга солиш масалаларини кўриб чиқиш учун фойдали бўлди. Икки томонлама ҳамкорлик бундан кейин ҳам изчил равнақ топишига ишонамиз.

Ўмонлик меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида ҳам музокара ўтказди. Ўзбекистон-Ўмон сиёсий маслаҳатлашувларининг иккинчи давраси бўлиб ўтди.

Меҳмонлар Темурийлар тарихи давлат музейида бўлиб, Соҳибқирон ва унинг авлодлари ҳақида ҳикоя қилувчи ранг-баранг экспонатларни кўздан кечирди. Ҳазрати Имом (Ҳастимом) мажмуини зиёрат қилди.


ЎзА, Ирода Умарова
11 041