ЎзА Ўзбек

11.01.2020 Чоп этиш версияси

Тошкентда океанариум барпо этилади​

Тошкентда океанариум барпо этилади​


Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи негизида замонавий ва юқори технологияли маданият ва истироҳат боғи барпо этилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 11 январь истироҳат боғи қурилишини кўздан кечирди.

Мазкур боғ концепциясида миллий меъморлик анъаналари ва замонавий шаҳарсозлик талаблари уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилган. Истироҳат боғи лойиҳаси Австралиянинг “Sanderson Group” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Қайд этиш керак, ушбу компания дунёдаги энг замонавий 50 дан ортиқ парклар лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этган.

67ceed2b-60fd-0494-cd39-a3863581b2d9.jpg

55e3fff8-c1e3-0770-0039-2557e4fbac5f.jpg

Давлатимиз раҳбарига лойиҳани тайёрлаш ва амалга ошириш жараёни ҳақида маълумот берилди.

Боғ ҳудуди 21 гектар бўлиб, дунё архитектураси дурдоналари намуналари, амфитеатр ва мусиқали фаввора, аттракционлар ва оилавий ҳордиқ чиқариш учун бошқа объектлар, йирик савдо-кўнгилочар марказ, қаср-сарой кўринишидаги тантанали маросимлар учун жой, болалар кафеси ва кўнгилочар майдонча барпо этилиши мўлжалланган.

Ҳудуд мусаффолигини таъминлаш мақсадида боққа каштан, қарағай, япон софораси, магнолия, дуб, қайин каби ҳавони тозаловчи ва кислород билан бойитувчи дарахтлар, турли буталар экилади. Боғдаги 70 ва 100 йиллик дарахтлар сақланиб қолишига эътибор берилади.

474d3cf9-d2cb-6e8b-fe1c-d105c3160fa7.jpg

93b8fee7-5bae-ae6c-a9a9-55077334ce8b.jpg

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги тегишли қарори асосида бунёдкорлик ишлари икки босқичда амалга оширилмоқда.

Биринчи босқичда 9 гектар ер майдонида қурилиш-ободонлаштириш ишлари бажарилади. Замонавий океанариум, 650 ўринли замонавий амфитеатр, 57 метрли қаср, мусиқали фаввора, турли бинолар, болажонлар учун ёпиқ оилавий кўнгилочар марказ, кинотеатр, 600 ўринли автомобиллар тураргоҳи қурилади. Уни жорий йилнинг тўртинчи чорагида фойдаланишга топшириш мўлжалланган.

Боғдаги энг ноёб бўлган иншоотлардан бири океанариумдир. Бу ерда 22 та аквариум бўлади. Уларнинг сиғими 100 литрдан 1 миллион литргача. Океанариум акула, скат, медуза, осменог каби йигирмадан ортиқ турдаги ноёб жониворлар парваришланади.

2febf7e8-d32a-de99-9464-02e61359c1d3.jpg

ba14ad1f-0d91-f67f-d7dd-48006b9c3dfa.jpg

Яна бир аҳамиятли жиҳати, ҳудуддаги биноларни қуришда Барселона, Париж, Москва, Лондон, Амстердам, Рим, Венеция. Прага, Вена, Берлин каби дунёга машҳур шаҳарлардаги архитектура намуналаридан фойдаланилди. Ҳудудда ушбу шаҳарларнинг ўзига хос таомлари, ширинликлари тайёрланади ва шунга хос муҳит яратилади.

Ушбу босқичда 1200 та янги иш ўрни яратилади.

Иккинчи босқичда 12 гектар ҳудудда бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. Бу ерда асосан, аттракционлар, аквапарк ва сайлгоҳлар қурилади. Дунёга машҳур “Диснейленд“ паркининг аттракционлари нусхаларидан фойдаланиш мўлжалланган. Италия, Германия ва АҚШнинг етакчи компанияларида ишлаб чиқарилган шундай энг замонавий аттракционлар келтириб ўрнатилади.

1cd74c22-778c-876b-8c57-9758c2a5be65.jpg

0910841f-0fdf-0e2f-3b76-46deb80f41f0.jpg

Миллий боғ ҳудудидаги кўл сақлаб қолинган ва халқаро стандартлар асосида реконструкция қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбари мазкур маскан пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларнинг севимли даргоҳларидан бири бўлиши кераклигини, одамлар ҳордиқ чиқариши учун барча зарур қулайликлар, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлайдиган инфратузилма барпо этиш лозимлигини таъкидлади.

Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши сифатли маданий ҳордиқ чиқаришни ташкил этиш ва одамларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказилишини таъминлайди, Тошкент шаҳрининг туристик жозибадорлигини оширади.

Шу ерда Тошкент шаҳри туманлари ҳокимлари билан мулоқот бўлди.​


5 704
З.ЖОНИБЕКОВ, ЎзА