Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.04.2017 19:35 Чоп этиш версияси

МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлиси тўғрисида ахборот

Тошкент шаҳрида 7 апрель куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Арманистон Республикаси ташқи ишлар вазири Эдвард Налбандян, Беларусь Республикаси ташқи ишлар вазири Владимир Макей, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Кайрат Абдрахманов, Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Молдова Республикаси ташқи ишлар ва Европа билан интеграция вазири ўринбосари Лилиан Дарий, Озарбайжон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Халаф Халафов, Туркманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Хажиев ва МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев иштирок этди.

Мажлисга Россия томони раислик қилди.

Делегациялар раҳбарлари ташкилот фаолиятининг турли йўналишларидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, халқаро ва минтақавий масалаларни ҳал этишдаги унинг роли ва аҳамиятини оширишни муҳокама қилди.

Тадбирда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда МДҲ давлатларининг барқарор ривожланишини таъминлашнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Кун тартибига кўра, МДҲ давлатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан 15 ҳужжат кўриб чиқилди. Улардан 9 таси шу йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган Ҳамдўстликнинг Давлат раҳбарлари кенгаши ва май ойида ўтказиладиган Ҳукумат раҳбарлари кенгаши муҳокамасига киритилади.

Ҳужжатлар Ҳамдўстлик мамлакатларининг ташқи сиёсат, ҳуқуқий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлиги масалаларини қамраб олган.

Иштирокчилар христиан, мусулмон ва бошқа конфессияларни камситиш ва уларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлишга йўл қўймаслик тўғрисидаги Баёнотни қабул қилди. Ҳужжатда диний мансублик ва эътиқодига асосланган ҳолда айрим шахсларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш, куч ишлатиш ва террорчилик ҳаракатини амалга ошириш ҳолатлари давом этаётганлиги сабабли хавотир билдирилган. Христиан, мусулмон ва бошқа конфессия вакилларига нисбатан муросасизлик қилиш, уларни камситиш, куч ишлатиш ҳамда террорчилик ҳаракатларининг барча кўринишлари қатъий қораланади. Томонлар халқаро ҳамжамиятнинг мазкур йўналишдаги позицияларини бирлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни янада олға суриш мақсадини билдирди.

ТИВ раҳбарлари квоталар тақсимоти, Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиб ўринбосарларини ва МДҲ бош қароргоҳидаги бошқа мансабдор шахсларни квота асосидаги амалларга тайинлаш ва алмаштириш тўғрисидаги МДҲ Ижроия қўмитасининг ахборотини тинглади.

Давлат раҳбарлари кенгашида кўриб чиқиш учун киритиладиган МДҲ давлатларининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлиги Концепцияси ҳамда жиноий ишларнинг моддий далиллари бўлган наркотик ва психотроп моддалар ҳамда уларнинг прекурсорларини, ўқотар қуроллар, уларнинг асосий қисмлари, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портловчи қурилмаларни топшириш тартиби тўғрисидаги Баённома лойиҳалари маъқулланди.

2018 йилда «Ҳамдўстликнинг маданий пойтахти» давлатлараро дастурини амалга ошириш, МДҲ мамлакатларининг қуролли кучлари метролог мутахассисларини ҳамда молиявий тергов органлари учун кадрлар тайёрлаш бўйича айрим таълим ва академик муассасаларга асосий ташкилот мақомини бериш масалалари муҳокама қилинди.

Мажлис конструктив муҳитда ва ҳамжиҳатлик руҳида ўтди.

Иштирокчилар ТИВК йиғилишини юқори даражада ташкил этганлиги ва Тошкент шаҳрида ўтказилган тадбир давомидаги анъанавий самимий меҳмондўстлик учун Ўзбекистон Республикасига миннатдорлик билдирди.

ТИВК йиғилиши доирасида иштирокчи давлатлар ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг икки томонлама учрашувлари ўтказилди.

МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси 2017 йил 10 октябрь куни Москва шаҳрида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Республикаси
Ташқи ишлар вазирлиги
Матбуот хизмати

4 505






Все о погоде - Pogoda.uz