ЎзА Ўзбек

08.11.2018 12:09 Чоп этиш версияси

Марказий сайлов комиссияси аъзолари дахлсизлик мақоми бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларига тенглаштирилди

Марказий сайлов комиссияси аъзолари дахлсизлик мақоми бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларига тенглаштирилди

Бу Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ўз ифодасини топди.

Қарор билан сайлов тизими ва қонунчилиги янада либераллаштирилади, сайлов комиссияларининг фаолияти самарадорлиги оширилади. Марказий сайлов комиссиясининг сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёнида, ташкилий, ахборот-таҳлилий, услубий, маслаҳат функциялари кучайтирилади, мақоми мустаҳкамланади ҳамда оптималлаштирилади.

Тизимга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, сайловларни бошқариш тизимини модернизация қилиш, сайлов жараёнида ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари ҳам қарордан ўрин олган.

Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини ошириш ва ўқитиш тизимини жорий этиш, сайловчилар ҳамда сайлов жараёни бошқа субъектларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга эътибор кучайтирилади.

Қарор билан “Сайлов қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури” тасдиқланди.

Эндиликда Марказий сайлов комиссияси мажлислар ўтказиш, хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлардан ташриф буюрувчи расмий делегациялар ва кузатувчиларни қабул қиладиган заллар, шунингдек, семинар-тренинглар ўтказишга мўлжалланган хоналардан иборат алоҳида бинога эга бўлади.

Янги қарорда белгиланган янги имкониятлар, вазифаларни бажариш билан боғлиқ ишлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломовнинг интервьюси билан сайтимизда танишасиз.

Н.Абдураимова, ЎзА​​
2 429