ЎзА Ўзбек

30.01.2019 18:56 Чоп этиш версияси

Марказий Осиёда ягона, МДҲ давлатларидаги иккинчи корхона

Марказий Осиёда ягона, МДҲ давлатларидаги иккинчи корхона Президентимиз Фориш туманидаги базальт тошини қайта ишлаб, базальт толаси ва арматурасини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Mega Invest Industrial” қўшма корхонаси фаолияти билан танишди.

Мамлакатимизда маҳаллий хомашёдан рақобатбардош, экспортбоп қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги турдаги сифатли қурилиш материалларига бўлган ички эҳтиёжни қондиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2017 йил декабрда фаолият бошлаган корхонани 3 босқичда амалга ошириш мўлжалланган. Айни пайтда биринчи ва иккинчи босқичлари ишга туширилган. Бунинг учун Буюк Британиянинг “Leigh Borrier” компаниясининг 11 миллион доллар ҳамда тижорат банкининг 26 миллион доллар кредит маблағи йўналтирилди. Германия, Франция, Италия, Россия, Туркия каби давлатлардан замонавий ноу-хау технологиялари келтириб ўрнатилди. Натижада 225 нафар аҳолининг бандлиги таъминланди. 2018 йилда бу ерда минг тонна базальт арматураси ва сеткалар ишлаб чиқарилди. 

Корхона тўлиқ қувват билан ишлагач бир йилда 4 минг тонна базальт толаси ва 4800 тонна арматура тайёрланади. 

Базальт арматурасининг металл арматурасидан фарқи шундаки, 8 баробар енгил, 3 баробар мустаҳкам, зангламайди, ўзидан электр токини ўтказмайди. Шунингдек, металл арматурадан 30 фоиз арзон ҳамда 100 йилгача ўз хусусиятини йўқотмайди. Мазкур корхона Ўрта Осиёда ягоналиги, МДҲ давлатларида иккинчи эканлиги билан аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбари корхонадаги иш жараёнини кўздан кечирди. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифатини янада ошириш, таннархини камайтириш, ҳажмини кўпайтириш борасида тизимли ишларни амалга ошириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.

photo5370835258116778598.jpg

photo5370835258116778599.jpg

photo5370835258116778600.jpg

photo5370835258116778601.jpg

photo5370835258116778602.jpg


Умар Асроров, ЎзА
7 001