ЎзА Ўзбек

30.01.2019 Чоп этиш версияси

Марказ халқлар дўстлигига хизмат қилади

Марказ халқлар дўстлигига хизмат қилади Президент Мирзачўл туманидаги Ўзбек – қозоқ миллий маданият маркази фаолияти билан танишди.

Мирзачўл байналминал туман. Бу ерда чўлни ўзлаштиришга биринчилардан бўлиб келган турли миллат вакилларининг фарзандлари истиқомат қилади. Туман қўшни Қозоғистон Республикаси билан чегарадошлиги туфайли ҳудуднинг миллий таркибида қозоқлар алоҳида ўрин тутади. Қадимдан бир оила фарзандидек яшаб келган икки миллат вакилларининг миллий маданияти, урф-одатлари бирлашиб, бир-бирини бойитиб келаётир.

Ўтган асрнинг ўрталарида республикамизда ягона Қозоқ миллий театри ҳам айнан шу ерда ташкил этилган. Кейинчалик театр фаолиятини моддий қўллаб-қувватлашга эътиборнинг сусайиши оқибатида бинодан фойдаланишга, ижодий жамоани шакллантиришга ҳам имкон бўлмай қолган эди.

Бугун театр биноси реконструкция қилиниб, туман марказидаги энг кўркам иншоотга айлантирилди. Театрнинг ташқи ва ички томонларини таъмирлашда замонавий меъморлик ва қозоқ миллий маданияти анъаналарига хос услублардан фойдаланилган. Кўркам ва ҳашаматли маданият муассасаси ҳовлисида манзарали дарахт ва гуллар экилди.

Театр биносидан доимий фойдаланиш мақсадида ҳар бир хона реконструкция қилинди. Қозоқ миллий буюмлари кўргазма хонаси ташкил этилди. Миллий чолғучилик, рақс, ашула, тасвирий санъат каби тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди.

Янгиланган театр биносида Ўзбек-қозоқ миллий маданият марказининг ташкил этилгани ўзаро дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг муҳим қисми бўлди.

Марказда миллатлараро маданий алоқаларни кучайтириш, миллий маданиятлар ютуғини кенг тарғиб этиш, ёшларни байналминал дўстлик руҳида тарбиялаш учун кенг имкониятлар яратилган. Марказнинг театр биносида жойлашгани ўзбек драматургларининг асарларини саҳналаштириб қўшни Қозоғистонда, қозоқ санъаткорларининг асарларини Ўзбекистонда намойиш этиш имконини беради.

Президентимиз мазкур театрнинг қайта тикланиши ва Ўзбек-қозоқ миллий маданият марказининг ташкил этилиши икки қардош халқ ҳамжиҳатлигида муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади. Бу маскан ҳудуддаги ижодий, маърифий ташкилотларни, зиёлиларни, ёшларни эзгу мақсад йўлида бирлаштириши зарурлигини қайд этди.

Ўзбек ва қозоқ халқлари санъатидан намуналар ижро этилди.

3ab5ae5c-cd80-636f-5be0-3b34d5e2bbaf.jpg


11 869
Зиёдулла Жонибеков, ЎзА